Судлар мустақиллигини таъминлашнинг қиёсий-ҳуқуқий таҳлили

11 Март 2025 19:20 246 Чоп этиш

Мамлакатимизда судлар мустақиллигини таъминлаш муҳим масала бўлиб, коррупцияга қарши кураш тизимининг самарали ишлаши учун зарур шартлардан бири ҳисобланади.

Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида таъкидлаганидек, коррупция мамлакатнинг барқарор ривожланишига ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Жаҳон иқтисодиётига коррупция туфайли келиб чиқаётган зарар йилига 3 триллион доллардан ошади. Бу эса глобал хавфнинг кўламини яққол кўрсатади. Шу сабабдан, коррупцияга қарши самарали тизим яратиш ва унинг олдини олиш чоралари муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тизими яратилган бўлиб, суд ҳокимияти ҳам ушбу жараённинг марказида туради. Хусусан, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида очиқ суд жараёнларининг онлайн трансляцияси йўлга қўйилди, суд қарорлари электрон шаклда эълон қилинмоқда, шунингдек судьялар корпусини шакллантириш очиқлик ва шаффофлик асосида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, дунёда суд ҳокимияти мустақиллигининг институционал ва индивидуал жиҳатларини жорий қилиш, одил судловнинг ахлоқий-этик жиҳатлари ҳамда судьялар корпусини шакллантириш бўйича тадқиқотлар ўтказишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Хусусан, етакчи илмий марказларда, жумладан, Federal Judicial Center (АҚШ), German Judicial Academy (Германия), The Legal Training and Research Institute of Japan (Япония)да қуйидаги устувор йўналишлар бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда: глобаллашаётган ва рақамлашаётган дунёда суд ҳокимиятини ислоҳ қилиш; суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг замонавий муаммолари; одил судловнинг ахлоқий-этик жиҳатлари ва судьялар интизомий жавобгарлигини такомиллаштириш; суд ҳокимиятини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш; суд ҳокимияти мустақиллигига оид халқаро стандартларни имплементация қилиш шакллари ва усулларни такомиллаштириш.

Ўзбекистонда ҳам суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрнини яхшилаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бинобарин суд мустақиллиги – бу одил судловнинг фақат суд органлари томонидан, бошқа давлат органларидан, айниқса, ижроия ва қонун чиқарувчи органлардан, фуқаролик жамияти институтларидан мустақил ҳолда амалга оширилиши тушунилади. Шу ўринда судьянинг мустақиллиги деганда эса, унинг фақат қонунга бўйсунган ҳолда, ҳеч қандай аралашув ва тазйиқларсиз, кимларнингдир талаблари ёки фикрларидан мустақил ҳолда судлов фаолиятини амалга ошириши тушунилади.

Ушбу фарқлардан келиб чиқиб, “мустақиллик” тушунчаси суд тизимида икки хил мазмун касб этади: институционал мустақиллик; индивидуал мустақиллик. Институционал мустақиллик шуни англатадики, судьялар суд ҳокимиятнинг ҳар қандай бошқа тармоғидан мустақил, яъни улар ҳеч қандай бошқа давлат органларига, жумладан, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятга бўйсунмайди ва улар олдида жавоб бермайди. Барча бошқа давлат муассасалари суд ҳокимияти қарорларини ҳурмат қилиши ва уларга риоя қилиши керак. Суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги судьяларнинг бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан, оддий фуқаролар ва ҳаттоки, бир суд доирасидаги судьялар ёки юқори инстанция судьяларидан мустақиллигини англатади. Судлов органлари мустақиллигининг асосий принципларида, давлат органлари, бошқа институтлар ва хусусий шахслар судьяларни мажбурлаш ёки уларни муайян қарорлар чиқаришига оғдириш йўлида босим кўрсатишдан тийилишлари шартлиги кўрсатилган. Суд ишларига аралашишлар ва ташқи босимни бартараф қилиш билан боғлиқ масалалар, суд раисларининг ваколатини вакиллик ва маъмурий функциялар билан чеклашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари, суд ҳокимиятини фақат республика бюджетининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириш зарурати каби муаммолар бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.

Одил судловга оид халқаро стандартларда ҳам судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга оид асосий мезон ва қоидалар белгиланган. Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1985 йил 29 ноябрдаги ва 1985 йил 13 декабрдаги резолюциялари билан тасдиқланган “Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари”да ҳам мустақиллик алоҳида тамойил сифатида ўз аксини топган бўлиб, ушбу ҳужжатга кўра, суд органларининг мустақиллиги давлат томонидан кафолатланиши ва бу мамлакат конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилиши, барча давлат органлари уларнинг мустақиллигини ҳурмат қилишлари ва фаолиятига ғайриқонуний тарзда таъсир кўрсатмасликлари лозимлиги қатъий белгилаб берилган. Хусусан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги деганда қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ҳам индивидуал, ҳам институционал мустақиллик тушунилиши, шунинг учун, суд ҳокимияти мустақиллиги бу ҳам менталитет, ҳам институционал, ҳамда функционал механизмлар йиғиндиси ҳисобланиши асослаб берилган. Биринчиси, фактга нисбатан судьянинг мустақиллигини англатса, иккинчиси эса суд органлари ва бошқа субъектлар хусусан, ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари ўртасидаги муносабатларни аниқлашга нисбатан қўлланилиши, бу суднинг ҳам ҳақиқий мустақиллигини, ҳам уни жамият томонидан тушунилишини кафолатлайди.

Ўзбекистон мазкур халқаро ҳужжатга 1997 йил 30 августда қўшилган, ундаги суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган асосий нормалар Конституция ва “Судлар тўғрисида”ги қонунда, шунингдек Судьялар одоб-ахлоқ кодексида ўз ифодасини топган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 9-бобида судьялар мустақиллигининг амалга ошириш кафолатлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, судьянинг дахлсизлиги, судьяга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига ушбу қоиданинг дастлабки принцип сифатида киритилиши ҳам бежизга эмас.  

Ваҳоланки, судьялар мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, моддий ва ижтимоий таъминот даражаларининг юқори эканлиги одил судловга эришишда қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлар чиқарилишининг омилидир.

Д.Анварова,

Судьялар олий кенгаши масъул ходими

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech