Важларга юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо беради
Ҳуқуқшунос Ф. Рузметовнинг ижтимоий тармоқ орқали ҳали қонуний кучга кирмаган суд қарорини муҳокама қилиши сўз эркинлигининг амалдаги ифодаси эмас, аксинча, уни суиистеъмол қилган ҳолда судга нисбатан ҳурматсизлик аломати, дейиш мумкин. Ишда тараф сифатида иштирок этган Рузметов судьянинг исми-шарифи писанда билан тилга олиб, ҳали қонуний кучга кирмаган суд қарорини “байроқ” қилгани ҳолда унинг гўёки ноқонуний экани ҳақида бонг уриши ортидан мижози кўпайиши мумкиндир, бироқ, обрў қозониш қийин.
Лавҳа “Суд тизими ислохатга мухтож. Хусусан маъмурий суд. Президентдан эътибор қаратишини сўрайман” номи (ном аслича келтирилмоқда) билан берганининг ўзи муаллиф мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан етарлича хабардор эмаслиги, узоқни қўйинг, давлат раҳбарининг бор-йўғи қирқ беш кун аввал қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (ПҚ-33-сон, 30.01.2025 й.) қарори ҳақида ҳам умуман тасаввури йўқ шекилли? Бунинг эҳтимоли юқорилиги боис мазкур қарор билан маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилангани, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича концепция тасдиқланиб, идоралараро комиссия фаолият бошлаганини айтиш билан гапни мухтасар қилишга тўғри келади.
Фақат айтиш мумкинки, ўзини ҳуқуқшунос сифатида тақдим этиб, судларда иш бўйича вакил (адвокат эмас!) сифатида иштирок этиб юрган инсон, аввало, камтар ва айтаётган сўзини ҳис қилиши керак. Бундай инсон шахсий ахборот ресурсидан қурол сифатида фойдаланишга уринмайди, масала-моҳиятини англаб-англамай фикр айтишга шошмайди, муайян ҳолатга сунъиий равишда сиёсий тус бериб, судларни ва суд мутасаддиларини обрўсизлантириш, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончига акс таъсир кўрсатиш эҳтимолини юзага келтирмайдики, бундай хатти-ҳаракатлар, жуда юмшоқ айтганда, яхши эмас.
Тушуниш мумкин: муаллиф ўзи вакил сифатида иштирок этган Урганч туманлараро маъмурий суди ҳал қилув қароридан норози. Норозилигини апелляция шикоят шаклида эмас, “You Tube” видеохостингидаги “Qonun doirasida” шахсий каналида билдирмоқда. Билдиргандаям суд ҳужжатининг айрим жойларига белги қўйиб, экран орқали кўрсатар экан, бирдан бир эътирози шу: “қарорда низо бўйича прокурорнинг хулосаси нега ёзилмаган?”.
Маълум бўлишича, судда кўрилган низо бўйича прокурор аризани қаноатлантиришни сўраган, ҳал қилув қарорида бу“иш бўйича прокурорнинг фикрини тинглаб...” шаклида қайд этилган – муаллифнинг асосий важи-эътирози шундан иборат. Прокурорнинг тўлиқ фикри қарорда эмас, балки суд мажлиси баённомасида тўла-тўкис ёзилиши, ёзма хулосаси эса иш материалларига қўшилишини ҳуқуқшунос билмайдими?!
Прокурор хулосаси суд қарорида қандай акс этганига эътироз, умуман, суд қароридан норозилик бўлса, ҳуқуқий баҳони юқори суд инстанцияси беради. Бунинг учун тегишли тартибда шикоят берилиши лозим. Бундан бошқа ҳуқуқий тартиб йўқ.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати