Суд тизимида манфаатлар тўқнашуви: зарурият ва аниқлик эҳтиёжи
Коррупция ва турли суиистеъмолчиликларга қарши курашиш манфаатлар тўқнашувини ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжини юзага келтирди. Чунки, жамиятда манфаатлар тўқнашуви – коррупциянинг хос белгиларидан бири сифатида қабул қилина бошланди. Шундан келиб чиқилса, суд тизимида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг олдини олиш – нафақат жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, балки суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш учун ҳам жуда муҳим экани янада ойдинлашади.
Қонунда манфаатлар тўқнашуви тушунчаси мавжуд, яъни: “шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият”. Бу ижтимоий ҳуқуқий мажбуриятлар ва қонун қўлланиладиган субъектларнинг шахсий манфаатлари ўртасидаги зиддиятдир. Шахсий манфаатларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги таъсири эса ўз-ўзидан фуқаролар, шунингдек давлат ва жамият манфаатларига зарар етказилишига олиб келиши эҳтимоли жуда юқори.
Манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ўзаро боғлиқ, кўп ҳолларда коррупция манфаатлар тўқнашувидан юзага келади.
Судьянинг касбий фаолияти низоли ишларни кўриш ва қонуний ҳал қилишга қаратилган. Шунга кўра, судья учун манфаатлар тўқнашуви унинг муайян ишни кўриб чиқиши доирасида вужудга келиши мумкин.
Миллий қонунчилигимизда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди, асосий принциплар белгилаб олинди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишга доир қоидалар мустаҳкамланди. Бундан ташқари, бу борадаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланди. Бироқ, суд амалиётида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш соҳасида айрим қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Масалан, процессуал қонунчиликда рад қилиш масаласи.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасида судья фаолияти мобайнида “Судьялар одоби кодекси” талабларига риоя этиши, суднинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шартлиги кўрсатилган.
“Судьялар одоби кодекси”нинг 6-моддасида ҳам судья шахсий манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги шартлиги мустаҳкамланган.
Ўзбекистон процессуал қонунчилигида манфаатлар тўқнашувини қўллаш асослари ва аниқ мезонлари белгиланмаган бўлиб, ҳуқуқни қўлловчининг ўзига манфаатлар тўқнашуви масаласини бевосита ҳал қилиш вазифасини юклайди. Бу эса судья фаолиятида манфаатлар тўқнашуви мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги масалага турли хил ёндашувларни келтириб чиқаради.
Шунга кўра, манфаатлар тўқнашувининг мавжудлигини аниқлаш ҳар бир судда кўриб чиқилаётган муайян ишнинг таҳлилига боғлиқ бўлиб қолади. Судья манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги, унга оид маълумотларни процесс иштирокчиларига ўзи ошкор қилиши керак. Бундай ҳаракати билан судья нафақат манфаатлар тўқнашувининг олдини олади, балки фуқаролар ва ташкилотларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини ҳам оширади.
Aгар судьяда бирон-бир вазиятда манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки йўқлигига шубҳа туғилса, у Судьялар одоб комиссиясига тўғридан тўғри сўров юборишга ҳақли. Мазкур комиссиянинг хулосалари тавсия характерига эга бўлиб, охирги сўз барибир судьянинг ўзида қолади.
Судлар фаолиятида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш барча ҳолатларни жиддий текширишни талаб қиладиган мураккаб масала. Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш икки мезонга асосланади: субъектив холислик ва объектив холислик. Судья иккинчисига эътибор қаратиши керак.
Судьянинг муайян иш бўйича манфаатлар тўқнашуви бор-йўқлиги ҳақидаги ички ишончи бўлган субъектив холисликдан фарқли равишда, объектив холислик “худди шундай вазиятга бегонанинг қарашидир”. Aммо, бу нуқтаи назарнинг объективлигини таъминлаш қанчалик осон? Бу жараён айрим иштирокчиларга вазиятга таъсир қилиш имкониятини бермайдими?
Шундай ҳолатлар бўлиши мумкинки, вазият муайян иш юритишнинг адолатлилигини хавф остига қўяди. Шу нуқтаи назардан – судья фаолиятидаги манфаатлар тўқнашувининг қонуний асосларини ишлаб чиқишга эҳтиёж бор. Бунда судьянинг одил судловни амалга оширишга доир ваколатларидан ташқари расмий ва бошқарув вазифаларини ҳал этишда шахсий манфаатлари таъсир кўрсатиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) ёки таъсир қилган (ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви) ҳолатларни ҳам белгилаш керак.
Шунга кўра, судда манфаатлар тўқнашуви вужудга келиши мумкин бўлган вазиятлар таҳлилий ўрганилиб, лозим тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Хусусан, судьянинг одил судловни амалга ошириши жараёнида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ зиддият вужудга келиши, бундай ҳолат нафақат мулкий, балки номулкий характерга касб этиши (масалан, судья муайян иш бўйича тарафлардан бири билан оилавий ёки дўстона муносабатларга эга экани) каби вазиятлар эътибордан соқит қилинмаслиги лозим. Чунки, бундай ҳолатни процесс иштирокчиларидан бирортаси билан шахсий танишуви факти билан тасдиқлаб бўлмайди.
Шунингдек, мавҳум, асоссиз тахминлар ҳам судьянинг манфаатлар тўқнашувини тасдиқлай олмайди. Фақат манфаатлар тўқнашувининг ташқи белгилари мавжуд бўлса (судьянинг ички ишончи бошқача бўлса ҳам) манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини ёки йўқлигини асослашда тарафларга устунлик бериш керак.
Агар манфаатлар тўқнашуви ёки унинг ташқи белгилари юзага келган тақдирда, судья бу ҳақда ишда иштирок этаётган шахсларни хабардор қилиши ёки ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичидаёқ ўзини-ўзи рад этишини эълон қилиши шарт.
Хорижий давлатларнинг тажрибасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши курашишда турли хил ва самарали механизмлар мавжуд, бироқ уларнинг барчасининг асосий мақсади — суд тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли ишончини таъминлашдир.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ўртасидаги боғлиқнинг ўзи суд тизимида бундай иллатга қарши курашиш самарадорлигиги ошириш, бунинг учун ҳуқуқий асослаларни янада такомиллаштиришни тақазо этади.
Отабек Мирзамаҳмудов,
Судьялар олий кенгаши судьяси
Манба: Uza.uz