Кенгаш раиси тингловчилар билан очиқ мулоқот ўтказди

21 Март 2025 00:11 565 Чоп этиш

 Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.

 Кенгаш аъзолари, Судьялар олий мактаби раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтган тадбирда Судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курси тингловчиларининг якуний назорат имтиҳонлари натижаси таҳлил қилинди, олдинда турган амалиёт, унинг самарадорлигини оширишга доир масалалар хусусида сўз юритилди.

Айтилдики, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ  ислоҳотлари натижасида судьялар корпусини шакллантиришнинг янги тизими жорий этилди. Янги тизим – янги талаблар, демакдир. Судьялар корпусини шакллантиришда Судьялар олий мактабининг ҳиссаси ортиб бормоқда. Зеро, ушбу даргоҳ судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун масъул бўлган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курсига қабул қилинганлар асосий иш жойидаги лавозими бутун ўқиш давомида сақланган ҳолда давлат гранди асосида таълим олиши, уларга судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўлаб борилиши каби тартиблар суд тизимига берилаётган алоҳида эътиборнинг намунасидир.  Бундай имкониятни имтиёз эмас, масъулият деб тушунмоқ лозим. Чунки, жорий тартиблар тингловчиларда судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари ҳамда креатив салоҳиятни шакллантиришга қаратилган чоралар бўлиб, уларнинг натижалари ўқув йили якунида ҳар бир битирувчида ўз ифодасини топиши керак.

Бироқ амалиётда бу борада айрим муаммолар юзага келаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Муайян камчиликлар баъзи тингловчиларнинг таълимга  бўлган муносабати масаласида саволлар туғдирса, ўқув жараёнига инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш услубларини жорий этиш ишларини янада такомиллаштиришни ҳам тақазо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, очиқ мулоқотда судьянинг махсус либоси (мантия) енгил бўлгани билан залвори оғир экани, ушбу таълим даргоҳидаги таҳсил судьялик лавозими учун  кафолат эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Қўшимча қилиндики, бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқатлилик, етарли ҳаётий тажрибага эгалик – судьялик лавозимига танлаш ва тайинлашнинг асосий мезонлари сирасига киради.  Бундай талаб ҳар бир тингловчи касбий салоҳиятидан ташқари юксак маданияти, маънавияти ва одоб-ахлоқи билан ажралиб туриши лозим эканини кўрсатади.

Якунда тингловчиларнинг стажировка ўташининг сифат жиҳатдан янада яхшилаш учун қўшимча чоралар кўриш, хусусан, амалиётнинг ўқув жараёни билан узвий боғлиқлигини таъминлаш зарурияти ҳам алоҳида қайд этиб ўтилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech