Кенгашилди, фикрлашилди, баҳслашилди...
Ижтимоий ҳаётда меҳнат ва меҳнатга оид муносабатлар қанчалар муҳим, нозик ва долзарб экани Конституциянинг қуйидаги нормасидан маълум: “давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради” (43-модда). Зотан, фуқаролар бандлиги жамият тараққиётининг асосий белгиларидан бири ҳисобланади, бу эса меҳнатга оид ҳуқуқлар самарали ҳимоя қилинишини талаб қилади. Меҳнатга доир муносабатлар қонун билан эмас, алоҳида салмоқли кодекс билан (“Меҳнат кодекси”) тартибга солингани сабаби ҳам шунда.
Шу нуқтаи назардан қаралса, бугун бўлиб ўтган “Меҳнат муносабатлари: қонунчилик назарияси ва суд амалиёти” мавзуидаги конференция аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас.
Жамият тараққиёти янги ва янги ижтимоий муносабатларни пайдо қилиши бор гап, улар биринчи навбатда меҳнатга оид масалаларда намоён бўлиши ҳам рост. Шу боис меҳнатга доир муносабатларнинг ҳуқуқий асоси ва кафолатлари изчил такомиллаштириб бориш эҳтиёжи юзага келаверади.
Бўлиб ўтган конференцияда ана шу эҳтиёж ва заруриятлар хусусида сўз борди. Хусусан, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда кўрилишидан тортиб, бу жараёнларда прокурорнинг ўрни ва роли, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби, бунда ходим кафолатлари ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида маърузалар қилинди.
Шунингдек, меҳнат қонунчилиги нормаларини амалиётга тўғри татбиқ этиш ва бир хилда қўлланиши, бу борадаги суд амалиёти ва юзага келаётган масалалар юзасидан фикр амалмашилди. Амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларидан ташқари прокуратура органлари ва адвокатура тузилмалари мутасаддилари, касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, қатор вазирликлар юридик хизматлари масъуллари ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмасининг миллий лойиҳалар бўйича кординаторининг фаол иштироки конференция кутилганидан ҳам ишчан ўтишини таъминлади.
Пировардида, конференция Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича жорий йил учун белгиланган чора-тадбирлардан бири бўлиб, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилганини айтиш, ташкилий ишларда Олий суднинг ҳиссаси катта эканини қайд этиш жоиз.