Кенгаш раиси водийнинг уч вилояти судлари судьялари билан учрашди

27 Март 2025 22:41 466 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров  кейинги икки кунда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида бўлиб, қуйи ва ўртабўғин судлар судьялари билан уларнинг турмуш ўртоқлари иштирокида  очиқ мулоқот ўтказди.

Мавзу суд тизимида коррупциянинг барвақт олдини олишга доир бўлиб,  судьяларнинг турмуш ўртоқлари таклиф этилганининг сабаблари бор.  Судьялар одоби кодексида судья турмушда маълум меъёрларга риоя этиши шартлиги борасида махсус қоидалар бежиз акс этмаган. Хусусан, судья ўз оила аъзолари, қариндошлари томонидан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ  фаолиятига, шунингдек суд ҳужжатларини қабул қилишига таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги керак. Шунингдек, у ўз оила аъзоларининг умумэътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишига эътиборли бўлиши лозим.

Мазкур қоидалар  нафақат судьянинг ўзига, балки унинг оила аъзолари зиммасига ҳам муайян масъулият юклайди. Чунки, шахснинг камоли ва заволи оиладаги муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, судьяларнинг жамиятда бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида оила аъзоларининг ўрни беқиёслигидан келиб чиқилса, уларнинг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва яқинлари ҳам ўзининг камтарона турмуш тарзи, маънавий-ахлоқий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Судьялик мақоми шараф экани баробарида катта масъулият ҳамдир. Ваколатни имтиёз деб билиш эса наинки уни, балки оила аъзоларини ҳам оғир синовларга гирифтор қилиши мумкин.

 Амалиётда бундай аянчли мисоллар йўқ эмаслигини оғриқ билан таъкидлаган Кенгаш раиси тадбир аввалида намойиш этилган видеолавҳанинг айрим нуқталарига эътибор қаратди. Айтдики, ваколатини суиистеъмол қилгани ортидан бугун оиласидан олисда  жазо муддатини ўтаётган тизимнинг айрим собиқ вакилларининг пушаймонлиги барчани  ўйлашга, тафаккур қилишга  чорлаши керак. Қонун устувор, жазо муқаррар экан, сўнгги пушаймон одамнинг ўзига душман экани ўз исботини топаверади.

Тадбирда давлат раҳбарининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги маърузаси, хусусан, суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, суд ишларига аралашувларнинг олдини олишга доир масалаларга алоҳида  эътибор қаратилди.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда судьянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилиб, янада такомиллаштирилганини кўриш мумкин. Хусусан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши судьянинг мажбурияти сифатида  белгилангани  жиддий таъкид этилди. 

Шундан келиб чиқиб, бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар қилиш, бунинг тартиблари ҳамда айни жараёнда жойлардаги судьялар Малака ҳайъатининг ўрни хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Мулоқотда тажрибали судьялар, суд раислари ва тизим фахрийлар сўз олиб, касбга садоқат, ҳалол-поклик тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Судьялар ва уларнинг оила аъзолари иштирокидаги очиқ мулоқотлар бошқа ҳудудларда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech