Билимдан бошқа восита, изланишдан бошқа чора йўқ

28 Март 2025 12:28 258 Чоп этиш

Шубҳасиз, суд ҳокимияти нуфузи судьянинг профессионал салоҳияти ва касбий лаёқатига боғлиқ. Касбий лаёқатлилик – малака, маънавий-руҳий сифатларни ҳам назарда тутади.

Судьянинг лаёқатлилиги суд тизими шаклланишининг бошланғич тамойилларидан бири ҳисобланади. Судьянинг ҳуқуқий малакасига доир талаблар бир қанча халқаро ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, БМТнинг суд органларининг мустақиллигига оид Асосий тамойилларда қайд этилган талабга кўра, судьялик лавозимига танланган шахслар юқори маънавий сифатларга, ҳуқуқ соҳасида  маълум малакага эга бўлишлари лозим.

Бангалор принципларига кўра ҳам лаёқатлилик тамойили судья хулқ-атворининг стандартларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур тамойилнинг мазмуни шундаки, судья ўз вазифаларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши лозим.

Шунга кўра, Судьялар одоби кодексининг 7-моддасида судья моддий ва процессуал қонун нормаларини мукаммал билиши, уларни тўғри қўллай олиши, қонунчиликдаги ўзгаришларни ва суд амалиётини доимий ўрганиши, ўз билим ҳамда малакасини мунтазам ошириб бориши шартлиги белгиланган.  Зотан, жамиятнинг эҳтиёжлари асосида ўрнатилган юриш-туриш ва ахлоқ қоидаларига риоя қилмайдиган, ҳуқуқий билим ва касбий кўникма даражаси муттасил ошириб бормайдиган судья қонуний ва адолатли қарор қабул қила олиши даргумондир. Шу боис қонун  судьяларга нисбатан зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш шартлигини назарда тутувчи муайян талабларни юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (6 янаврь, 2019 йил) билан ҳам судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

  Судлар одил судловни амалга оширишда ва қарорлар қабул қилишда у ёки бу даражада  фуқаролар ва юридик шахсларнинг фаолиятига таъсир кўрсатишлари мумкин. Шунинг учун ҳам судья томонидан қабул қилинадиган қарор қонуний, адолатли ва асослантирилган бўлиши талаб этилади. Бу эса судья томонидан ўз билими ва малакасини оширишга интилиши кераклигини англатади. Судьянинг лаёқатлилигини унинг билим даражаси, ишни кўриш натижалари ва қабул қилинган қарорлари билан баҳолаш мумкин.

 Судья нафақат ихтисослигига оид ҳуқуқ соҳасида, балки жамият учун муҳим бўлган бошқа соҳаларда ҳам кенг ва чуқур билимга эга бўлса, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи янада мустаҳкамланади, ҳар бир масалани ҳис қила олади ва вазиятни тўғри баҳолай олади.

Судья халқаро конвенциялар ва инсон ҳуқуқларига оид ҳужжатлардан ҳам хабардор бўлиши керак. Халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқнинг шахс ҳамда давлат ўртасидаги муносабатлардаги роли ортиб бораётган шароитда судья ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда нафақат миллий қонунчилик, балки тан олинган халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслиги лозим.

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Шунинг учун ҳам судьянинг лаёқатлилиги даражаси суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи билан бевосита боғлиқ.

Зеро, моддий ва процессуал қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини яхши тушунадиган, уларни амалда қўллаш бўйича зарур кўникмага эга бўлган судья бошқа ҳамкасблари, ишда иштирок этувчи шахслар ёки учинчи шахсларнинг кўмагига муҳтож бўлмайди, уларнинг фикр-мулоҳазалари таъсирига тушиб қолмайди, “ички аралашув” қурбонига айланмайди.

Судьянинг лаёқатлилиги нафақат унинг билими ва касбий кўникмалари, шунингдек сиҳат-соғлиги билан ҳам белгиланади. Шу сабабли, судья ўз соғлиғини одил судловни лозим даражада амалга оширишга имконият берадиган  даражада сақлаши лозим.

Профессионаллик бу суд мажлисларини адолатли ва сабр-тоқат билан ўтказишда ҳам намоён бўлади. Яъни, далилларни диққат билан тинглаш, гувоҳларга зарур ҳоллардагина саволлар бериш, тушунарсиз бўлиб қолган ҳар қандай масалага аниқлик киритиш, тегишли бўлмаган масалаларни муҳокама қилишни истисно қилиш ва такрорланишига йўл қўймаслик керак. 

Суднинг ўз вазифаларини тезкор бажариши судьядан суд муҳокамасини ўз вақтида олиб бориши ва ўзи кўраётган масалаларни оқилона ҳамда тезкор ҳал этишини талаб қилади, бунга эришиш учун у суд ходимлари, ишда иштирок этувчи шахслар процессуал тартибда мулоқотни таъминлаши керак.

Судьялик мақоми шарафли бўлиши баробарида ўта масъулиятли экани кўп таъкид этилади. Бундай шарафга лойиқлик тинимисиз ўқиш, изланиш орқали  эришилади. Чунки, инсон тақдири боғлиқ масала чекига тушган касб эгасига талаб доим юқори бўлиб келган.

 Ихтиёр Ҳакимов,

Судьялар олий кенгаши судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech