Кенгаш ва Олий суд раҳбариятининг судьялар билан учрашуви бўлиб ўтди
Тошкентдаги Санъат сайройида Кенгаш ва Олий суд раҳбариятининг судьялар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Олий суд, пойтахт ва Тошкент вилояти судлари судьялари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда суд фахрийлари иштирокида ўтган тадбирда тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш, судьялар дахлсизлиги таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига аралашувларга йўл қўймаслик борасида очиқ, ишчан ва самимий оҳангда гаплашиб олинди.
Тадбирда маърузалар ўқилмади. Балки судьялик лавозимининг масъулияти ва мажбурияти, суд ишларига турли аралашувлар, коррупцион ҳолатларга нисбатан муросасиз муҳитини янада шакллантириш ва уларнинг олдини олишга доир ҳаётий мисоллардан ва унинг оқибатлари ҳақидаги “Судья масъулияти” номли видеолавҳа намойиш этилиб, уларнинг келиб чиқиши сабаблари таҳлил қилинди, бундан барча тегишли хулосалар чиқариши лозимлиги ҳақида гаплашиб олинди.
Судья сабр-қаноатли, ўз нафсининг тарбиячиси бўлиши, шунингдек ўзи ва оила аъзоларининг ҳалол ризқ ҳисобига яшашларини таъминлаши, Одоб кодекси қоидалари ҳамда умумэътироф этилган ахлоқ нормаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, камтар ва босиқ бўлиб, кибр ва дабдабабозликка берилмаслиги қайд этилди.
Шунингдек, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг мажбуриятлари ва Судьялар одоби кодексига риоя этилишида Малака ҳайъатларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бу борада зарур қўшимча чоралар кўриш зарурияти ҳам айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, судьялар ўз иш юритувидаги ишларни ўзи вақтида қонуний кўриб чиқишлари, сансалорлик оворагарчиликка йўл қўймасликлари, ҳар бир иш замирида инсон тақдири, ҳақ-хуқуқи ётганлиги доим эътиборида бўлиши шартлиги, мақом ва мартаба берган ўз халқи олдида шахсан масъуллигини унутмаслиги шартлиги ҳам уқтирилди.