Расмий баёнот
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг “Effect.uz” электрон-нашри масъуллари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳақидаги тақдимномаси натижасига кўра, ваколатли орган томонидан А. Эшонхоновга (электрон-нашр раҳбари) нисбатан маъмурий МЖтКнинг 2022-моддаси ( Ёлғон ахборот тарқатиш) билан ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 (ўттиз) баробари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди.
Ушбу воқелик ахборот майдонида турли муҳокамаларга сабаб бўлиб, уларда сўз эркинлиги, очиқлик сиёсатига қарши қилинган ҳаракат сифатида талқинлар ҳам учрамоқда.
Кенгаш матбуот хизмати бундай талқинларни етарли асосларга эга эмас ва ҳаддан зиёд бўрттириш, деб ҳисоблайди ва ўз навбатида Судьялар олий кенгаши фаолиятида очиқлик устувор аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан изчил давом этиб келаётган конструктив ҳамкорликни мисол тариқасида кўрсатади. Хусусан, Кенгаш ташаббуси ва АОКА ҳамкорлигида кейинги уч йилда икки марта журналист ва блогерлар учун икки ҳафталик бепул ўқув-машғулотлар ташкил этилди. Уларда жами юздан ортиқ ҳуқуқий мавзуга қизиққан медиа соҳаси вакиллари (жумладан, “Effect.uz” ходимлари ҳам) иштирок этди. Ўқув-машғулотлар якунида махсус сертификат ва “Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзи хос жиҳатлари” номли ҳуқуқий қўлланма тақдим этилди. Мақсад журналист ва блогерларнинг соҳага ихтисослашувига холис кўмаклашиш орқали суд тизимида очиқлик ва шаффофлик самарадорлигини оширишдир.
Судьялик лавозимига танлаш ва тайинлашга доир очиқ танловларда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдирган наинки оммавий ахборот воситалари вакиллари ёки блогерлар, шундай ниятда бўлган адвокат-блогерларга ҳам лозим шароитлар яратиб берилаётгани ҳам Кенгаш фаолиятидаги очиқлик ифодаси ҳисобланади. Кенгаш томонидан тизимга оид муаммолар, жумладан, айрим коррупцион ҳолатлар бўйича биринчи манба сифатида жамоатчиликка маълум қилинаётгани, фаолияти сарҳисоби юзасидан қисқа брифинглар билан чекланмай йилда бир эмас, бир неча марта матбуот анжуманлари ўтказиб келинаётгани юқоридаги фикрнинг исботидир.
Бундан ташқари Кенгаш томонидан икки йилда бир марта журналист ва блогерлар учун ўтказиб келинаётган танлов ғолиблари холис ва ҳаққоний танқидий чиқишлари билан эътибор қозонган соҳа вакиллари бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Бу оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўзлари томонидан эътироф этилгани ҳам бор гап. Касб байрами ёки бошқа муҳим саналар муносабати билан ташкил этилган тадбирларда ҳам танқидчи журналист ва блогерлар рағбатлантирилаётганини миннат эмас, маълумот тариқасида қайд этиш ўринлики, буларнинг ҳаммаси Кенгаш гўёки “очиқлик ва сўз эркинлигига қарши курашаётгани”ни инкор қилади.
Бевосита Кенгаш фаолияга тааллуқли танқидий чиқишларга ўз вақтида билдирилаётган муносабатлар хусусида шундай дейиш мумкин. Муҳими, муносабатлар юзаки ёки хўжакўрсин учун билдирилаётгани йўқ. Хусусан, “Effect.uz”да эълон қилинган танқидий материаллар ҳам эътибордан четда эмас: айримларига раддия билдирилган бўлса, айримлари юзасидан тушунтиришлар берилган, тасдиғини топгани эса очиқ эътироф қилинган.
Таассуфки, билдирилаётган муносабатларда, дейлик, суд ишларига таъсир кўрсатишга уриниш ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳуқуқий таъсир чораси қўлланишига сабаб бўлиши эслатилиши айрим журналист ва блогерлар томонидан таҳдид ёки пўписа, дея қабул қилинаётгани ёки беэътиборлик билан қаралаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Шундай ҳолатлар “Effect.uz” электрон-нашр фаолиятида у ёки-бу кўринишда кўзга ташланади. Мисол тариқасида бир неча ой муқаддам таҳририят вакиллари Хоразмга “танда қўйиб”, ҳали қонуний кучга кирмаган ва вилоят суди апелляция инстанцияда кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича пайдар-пай уюштирган бир томонлама “ахборот бўронига” юзасидан “Ҳуқуқнинг мажбурияти ҳам бор” сарлавҳали муносабат билдирилганини эслаш кифоя. Огоҳликка даъват ўлароқ билдирилган муносабатга парво қилмаслик таҳририятга нисбатан суднинг хусусий ажрим чиқарилишига олиб келганини “Effect.uz” раҳбари инкор қилмаса керак.
Энг ёмони, қўпол хатоликлар оқибатида нашрнинг айрим масъулларига нисбатан илгари ҳам суд тартибида ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилганига қарамай бундан хулоса чиқармаслик, аксинча, турли таъсирларга берилиш, бир томонлама, тўла ўрганилмаган ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш ҳолатлари давом этиб келмоқда.
Мисол излаб узоққа бормайлик, куни кеча кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш бўйича ҳали процесс бошланмасидан нашр раҳбари ижтимоий тармоқларда бонг уришга тушди, турли башоратларга берилиб, вазиятга сиёсий тус беришга интилди. Бундай хатти-ҳаракатларда судга таъсир кўрсатишга уриниш аломатлари мавжуд. Чунки, оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйиши ёки башоратларга берилишга ҳақли эмаслиги “Судлар тўғрисида”ги қонунда (66-модда) ҳам, Олий суд Пленумининг тегишли қарорида (21.02.2020й. 04-сон) ҳам белгилаб қўйилган.
Кенгашнинг мукаммалликка даъвоси йўқ, аммо нохолисликка ҳам тоқат қилмайди. Худди шу ном билан электрон-нашрда чиққан “Судьяларнинг нафси ҳакалак отганми?” мақоласига муносабат-раддия билдиргани жамоатчиликка маълум. Бўлиб ўтган суд арафасида (ва ундан кейин ҳам) нашр раҳбарининг “Танқидий мақола бўйича раддия билдирилса, эълон қилишга тайёрлиги”га доир баёноти шу учун ҳам ҳақиқатга тўғри келмайдики, "Effect.uz” мутасаддиси, Кенгашнинг айни шу раддия-муносабатини писанда билан тилга олиб, Кенгаш раҳбарига қатор саволлар қўйилган иккинчи мақолани чиқарди?! Иккинчи танқидга ҳам муносабат-раддия (“Саволларга жавоб нақд”) берилдики, пойгага айланаёзган “танқид-раддиялар”дан жамоатчилик чалғиб, “томошабинлар” кўпаймоқда, холос.
Судьялар олий кенгаши конституцион орган бўлиб, унинг фаолияти ҳақида бир томонлама, ўранилмаган ва асоссиз талқинлар билан етказилган нотўғри ахборотлар кенг оммада янглиш тасаввурлар шакллантириши мумкин.
Шундан келиб чиқилса, таҳририят масъуллари ўз хатти-ҳаракати билан ваколатли органга тақдимнома киритишдан бошқа чора қолдирмагани ойдинлашади. Бунинг натижасида, юқорида эслатилганидек, суд томонидан электрон-нашр раҳбарига маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Кенгаш суд қарорини муҳокама қилмайди, ҳуқуқий баҳо бермайди. Суд қарорига нисбатан тегишли тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи қонун билан кафолатлангани эътиборидан иш бўйича тарафнинг ушбу ҳуқуқдан фойдаланишига эса ҳурмат билан қарайди.
Пировардида, алоҳида қайд этиладики, Судьялар олий кенгаши оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан қонун доирасида конструктив ҳамкорликнинг ҳар қандай шаклига доим тайёр.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати