Манба ишончга сазовор эмас!
Ижтимоий тармоқдаги қатор ахборот манбаларида гўёки судьялар ўртасида аноним сўров ўтказилиб, иштирокчиларнинг 43 фозидан кўпроғи ўзини чинакам мустақил деб ҳисобламаслиги, 60 фоизи суд ишларига турли таъсирлар (босим, таъзиқ) мавжудлигини билдирганига оид хабарлар тарқалмоқда.
Судьялар олий кенгаши ушбу “аноним сўровнома” ва унинг натижаларини ишончга сазовор эмас, деб ҳисоблайди. Буни ўтказилгани айтилаётган “сўровномада” бор-йўғи 75 нафар судья (айни пайтда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 6 фоизи ҳам эмас) иштирок этганидан ҳам билиш мумкин.
Иккинчидан, Кенгаш томонидан судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар бўйича улар (судьялар) ўртасида аноним сўровлар ўтказиш амалиёти мавжуд. Ушбу амалиёт қамрови кенг бўлиб, нафақат муаммо, балки унинг келиб чиқиши сабабларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, аноним сўровларда судьянинг ёши, тажрибаси, қайси йўналишда фаолият кўрсатаётгани, чинакам мустақиллик ва суд ишларига аралашувлар деганда нималарни тушуниши, қайси даражадаги бошқарув органлари ёки мансабдор (ва манфаатдор) шахслар томонидан қандай шаклда таъсир ўтказишга уриниш мавжудлигига доир саволлар қўйилиб, уларни баратараф этиш бўйича таклиф билдириш имконияти ҳам ҳавола этилган.
Ўз навбатида Кенгаш ўз аноним сўровнома натижаларини (ёпиқ маълумотлар) ҳар бир ҳудуд кесимида таҳлилий ўрганиб (ўрганиш натижалари юқорида тарқатилган маълумотлардан кескин фарқ қилади), зарур чоралар кўриб келмоқда. Амалий семинар, психологик тест ва жонли мулоқотлар ўтказиш, айрим судьялар билан индивидуал суҳбат уюштириш, муайян ҳолатлар бўйича Кенгаш раиси томонидан Бош прокуратурага тақдимнома киритиш, жойлардаги судьялар малака ҳайъатлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир тавсиялар бу борада амалга оширилаётган ишлар сирасига киради.
Изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъмишлашга доир қатор фармон, қарор ва қонун ҳужжатлари қабул қилинди, амалдаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга зарур қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Хусусан, янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъмишлашга оид янги нормалардан ташқари суд ишларига ғайриқонуний аралашувларнинг олдини олиш судьяларнинг мажбурияти сифатида белгиланди. Судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиш ёки суд ишларига аралашувлар эҳтимолидан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгашининг суд инспекцияси фаолияти кенгайтирилгани хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу борада амалга оширилган ишлар натижалари бўйича жамоатчиликка ахборот бериб келинаётгани эса очиқлик тамойилининг натижасидир.
Албатта, суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлашда фаол жамоатчилик назоратининг ўрни алоҳида. Шунинг учун ҳам Кенгаш асосли танқид, аниқ таклиф ва мулоҳазалар учун очиқ. Айни мавзудаги тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаган ҳолда қўшимча қилиш жоизки, номаълум изланувчи томонидан бир неча йил аввал ҳатто ўтказилганига шубҳа уйғотувчи “аноним сўровнома” натижалари бугунга келиб, “Актуал саволларга судьяларнинг ўзи аноним тарзда жавоб берди”, дея тарқатилишини оқлаб бўлмайди. Чунки, бундай нотўғри ахборотлар турли талқинларга сабаб бўлиб, фуқароларни чалғитиши ва уларнинг судга бўлган ишончига путур етказиши эҳтимоли нуқтаи назаридан на жамият, на жамоатчиликка фойдаси бор?!
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати