Сайёр суд, очиқ мулоқот ва маҳкумаларга қалам аҳлидан ҳадялар - Кенгаш ташаббуси билан жазони ижро этиш муассасасида маърифий тадбир ўтказилди
Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш (аёллар) муассасасида маърифий тадбир ташкил этилди.
Бўлиб ўтган тадбирнинг ўзгачалиги шундаки, унда санъат ва адабиёт вакилаларидан ташқари Тошкент шаҳри ва вилояти судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар иштирок этди.
Тадбир расмиятчиликдан йироқ, бир қадар самимий кечди, бунинг сабаби битта: меҳмонлар маҳкумалар билан суд тизими вакилалари эмас, балки аёл (она) сифатида гаплашди. Мақсад ҳам шу эди: зотан, жазодан мақсад тарбия экан, айни жараён маҳкумаларда қандай кечаётгани билан танишиб, қатъий тузалиш йўлига ўтиши ва ҳозирданоқ уларда ижтимоий ҳаётга кўникмалар шакллантиришдек хайрли ишга ҳисса қўшмоқ судьялар ҳамжамияти вакилаларининг ҳам маънавий бурчи ҳисобланади.
Шу боис жонли мулоқотда синовларда ҳикмат, хатоларда сабоқ борлиги, жаҳолатнинг малҳами маънавият эканига алоҳида урғу берилди. Айтилдики, инсоннинг ўзини ўзи тарбиялашда китобдан яхши восита йўқ, кўп мутолаа қилган инсон, бошқаларга кам тақлид қилади, чунки у ўзлигини шакллантиради. Ўзини шакллантирган инсон эса ҳаётда адашмайди.
Шундан келиб чиқилса, жазони ижро этиш муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни ривожлантириш мақсадида қисқартирилмайдиган жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар (тасдиқланган рўйхат бўйича) ўқиган ҳар китоби бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтса, жазо муддатини қисқатириш масаласи қонун даражасида муҳокама қилинаётгани бежиз эмаслиги ойдинлашади.
Жонли мулоқот якунида аёл судьялар маҳкумаларга китоблар совға қилди. Таниқли адиба ва шоираларнинг иштироки тадбирга алоҳида файз киритгани, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассасага 100 та номда бадиий китоблар ҳадя қилгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Тадбир доирасида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда 32 нафар маҳкуманинг илтимосномалари кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Бунинг натижасида айримлар маҳкумалар жазонинг ўталмаган қисмидан шартли озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди, айримларининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, бир гуруҳи манзил-колонияларга ўтказилди.
Дарвоқе, жазосини ижро этиш муассасасида ўтказилган тадбир судьялар учун фойдадан холи бўлмаслиги аниқ. Бу ўринда тадбирнинг профилактик аҳамияти назарда тутилмоқда. Чунки, маҳкумлар, муассаса ходимлари билан жонли мулоқотлар орқали қонун ижроси, суд томонидан қабул қилган қарорларининг реал оқибатларини ҳис этиш мумкин
Бу эса масъулият, адолатга бўлган садоқат ҳиссини янада кучайтиришидан ташқари коррупцияга қарши шахсий позициянинг шаклланиши, судьяларнинг умумий тизим ичида фаол ва таъсирчан шахс сифатида намоён бўлишига қўшимча туртки берди, дейиш мумкин. Энг муҳими, тадбир “Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб шукр...” ҳикматини қайта-қайта ёдга солгани аниқ ва бу ўзини ҳурмат қилган барчани тафаккур қилишга ундайди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати