Оқил одам ожизнинг ишини қилмайди
“Telegram” мессенжеридаги адвокат(лар) юритиши айтилаётган каналда фуқаро С. Жалилованинг даъвоси (ишга тиклаш) асосида юритилган суд ишига аралашувлар эҳтимоли борлиги айтилиб, унинг яқин қариндоши Судьялар олий кенгаши мансабдорларидан эканига очиқ ишоралар қилинмоқда. Турган гап, бунақа гумонлар кўпчиликда шундай тасаввур уйғотади: судда даъвогар иззат-икром билан кутиб олиниб, аризаси дарҳол иш юритувга қабул қилинган, процесслар ҳам номига ўтказилиб, ўта қисқа фурсатда даъво ортиғи билан қаноатлантирилган ва суд қарори сиёҳи қуримай ижро этилган, чунки, унинг “орқасида” фалончиев турибди ва ҳоказо, ҳоказо...
Даъвогарнинг яқин қариндоши Кенгаш мутасаддиларидан экани рост, бироқ бу аралашувлар бўлганини англатмайди. Юқоридаги тасаввурлардан келиб чиқилса, 2024 йилнинг 12 сентябрида топширилган даъво ариза 20 сентябрь куни иш юритувга қабул қилинган, унча мураккаб бўлмаган низо тез фурсатда эмас, нақ 51 кунда кўрилиб, даъво тўлиқ эмас, қисман қанотлантирилган (11 ноябрь, 2024 йил). Ҳал қилув қарорининг ишга тиклашга доир қисми, қонунга кўра, дарҳол ижро этилиши лозим. Бироқ суд қароридаги техник хатолик ва анча оворагарчиликдан сўнг суд ҳужжати 25 кунда (!) аранг ижрога қаратилган, айтинг, бунда қандай аралашув бор?! Шубҳа бўлса, марҳамат, иш ҳужжатлари билан бемалол танишиш мумкин.
Эътиборлиси, ҳал қилув қарорига нисбатан тарафлардан шикоят (протест) келиб тушмаган (2025 йил, 15 апрель ҳолатига).
Орадан беш ой ўтиб, ижтимоий тармоқда сиздирилган хабар муаллифи адвокат ёки ҳуқуқшунос экани рост бўлса, у оқилнинг эмас, ожизнинг ишини қилибди, таассуф. Чунки, суд ҳужжати тармоқларда асоссиз шубҳалар билан минг муҳокама қилинмасин, унга ҳуқуқий баҳони юқори суд инстанцияси беради. Бунинг учун тармоқда бонг уришдан кўра, юқори суд инстанциясига шикоят киритиш маъқул.
Хабарларда С. Жалилованинг дипломи ( ёки дубликати) ҳақиқий эканига доир шубҳалар ҳам мавжуд. Шубҳага аниқлик киритиш учун ваколатли идорага мурожаат қилишига тўсқинлик йўқ. Бемалол.
Шу ўринда маълумот тариқасида айтиш жоизки, даъвогар олий маълумот шаҳодатини олган пайтда (2003 йил!) унинг “дасти узунлиги” айтилаётган яқин қариндоши Кенгашда эмас, вилоят судида суд мажлиси котиби, унинг дубликати берилган (2007йил!) вақтда эса пойтахтдан узоқ вилоятлардан бирида шаҳар суди судьяси лавозимда ишлаган...
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати