Расмий муносабат

25 Апрель 2025 20:43 652 Чоп этиш

Ижтимоий тармоқдаги бир нечта ахборот манбаларида гўёки фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида марҳумдан қарз ундириш ҳақида қарор чиқарилгани айтилмоқда.

Хабарларга илова қилинган суд ҳужжатига эътибор берилса, ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилгани, шунингдек, низо бўйича суд мажлиси тайинланган сана ва вақт ҳақида огоҳлантирилишига (судга чақирув хати юборилганига) қарамай жавобгар судга келмагани, сабаби ҳам маълум қилинмагани боис иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилгани англашилади.  (Судга чақирув хатлари “Гибрид почта хизмати” курьери Ф. К. томонидан  05.02.2025 йил соат 15:27да; 23.02.2025 йил соат 19:00.да жавобгар  тарафга етказилганига ҳақида маълумот-ҳужжатлар мавжуд).

Амалдаги фуқаролик процессуал қонунчиликда (Фуқаролик кодекси, 280-модда) суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганлигининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаган тақдирда иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин. Бўлиб ўтган суд мажлисигача ва ундан кейин ҳам жавобгар  М.Х.нинг вафот этгани судга маълум бўлмаган, ҳатто бугунги кунда ҳам давлат персоналлаштириш марказининг ахборот тизимида унинг вафотига доир маълумот йўқ.

Ижтимоий тармоқдаги хабарларда гўёки М. Х.нинг яқин қариндошлари (суддан аввал)  “ўлим ҳақидаги гувоҳнома” тақдим этилганига оид иддаолар эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, суд қарори қонуний кучга кириб, ижро ҳаракатлари бошланганидан кейингина бу ҳақда марҳумнинг яқинлари хабар топиб, судга мурожаат қилгани аниқланди.

Шундан келиб чиқилса, гўёки ўлим гувоҳномаси тақдим этилганига қарамай суд марҳумдан қарз ундирганига оид қарор чиқарди, дея бонг урилиши вазият тўла ўрганмай-англамай кўтарилган сунъий шов-шувдан бошқа нарса эмас. Шу нуқтаи назардан, бундай “қўлбола сенсация” наинки суд тизимига нисбатан  аҳолида нотўғри тасаввурлар  пайдо  қилувчи ёлғон ахборот, балки  марҳум ва унинг яқинларига нисбатан одобсизлик ҳам ҳисобланади.

Бугунга келиб, ўлим гувоҳномаси илова қилинган ҳолда судга киритилган аризага асосан, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилинган.

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech