Пушаймонлик гирдоби

2 Май 2025 11:48 187 Чоп этиш

Зангиота туманидаги «аёллар колонияси» дейиладиган 21-жазони ижро этиш муассасасида маърифий тадбир ўтказилиши ва у Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилаётгани кўплар учун кутилмаган янгилик бўлиши мумкин. Унга таклиф этилишим мен учун ҳам кутилмаган бўлди.

Келишилган вақтда ҳамкасблар билан йўлга тушдик. Матбуот анжумани ё конференция, борингки, пресс-тур бўлса, уларнинг йўриғи бошқа: мавзу аниқ, йўл-йўлакай тадбирни қандай ракурсда ёритишни ўйлаб кетасиз. Бироқ жазони ўташ муассасасида ташкил этилаётган тадбир бўйича етарли тасаввур йўқ эди ҳеч биримизда. Шу боис уни қандай ёритишдан кўра, жараён қандай кечиши бироз мавҳум туюларди. Ва яна қизиқарли ҳам эди, шунданми манзилга етгунча ҳар ким ўз хаёллари билан банд бўлди...

Сим тўсиқлар ортида

Зангиота туманидаги 21-жазони ижро этиш муассасаси. Остона ҳатлаб ичкарига киришингиз билан сим тўсиқли баланд деворларга кўзингиз тушади. Сукунат ва совуқ муҳит одамни сескантиради. Қизиқ, баҳорнинг ёқимли манзараси, илиқлиги гўё бу манзилни четлаб ўтгандек. Деворларга ҳатто қуш қўнмайди. Фақат онда-сонда, қаердадир қарғаларнинг қағиллаши эшитилади. Маҳкумаларнинг ҳаммаси бир хил либосда: бошида мовий рўмол, эгнида бир хил қора рангли махсус кийим, унда маҳкумаларнинг исм-фамилияси ёзилган.  Ҳар бирининг ўз ўтмиши, тўғрироғи, фожеаси бор. Аммо айни пайтда барчасининг тилида ва дилида битта илтижо: «қаттиқ пушаймонман, мени кечиринглар».

Тадбирга адабиёт ва санъат вакиллари келгани тушунарли. Бироқ Тошкент шаҳри ва вилояти судларида ишлаётган аёл судьяларнинг қатнашаётгани бизни кўпроқ ажаблантирди. Бу саволга Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаровдан изоҳ олдик.

– Жазодан мақсад тарбия экан, айни жараён маҳкумаларда қандай кечаётгани билан танишиб, қатъий тузалиш йўлига ўтиши ва ҳозирданоқ уларда ижтимоий ҳаётга кўникмалар шакллантиришдек хайрли ишга ҳисса қўшмоқ аёл судьяларнинг ҳам маънавий бурчи ҳисобланади, – дейди у.

Эзгу ғоя.  Қолаверса, маҳкумалар билан юзма-юз мулоқот улар учун наинки эътибор, балки судьяларнинг ўзи учун ҳам фойдали. Чунки бундай тадбирлар орқали ўзлари чиқараётган қарорларнинг оқибатини шахсан кўриш имконига эга бўлишади. Бу эса келгусида уларнинг масъулиятини, адолатга садоқатини оширишга, турли суиистеъмолчилик ва коррупцияга қарши курашишга хизмат қилади.

Жонли мулоқот

Тадбир расмиятчиликдан йироқ, самимий кечди. Чунки меҳмонлар маҳкумалар билан судья эмас, балки аёл (она) сифатида гаплашди. Мақсад ҳам шу эди: жонли мулоқотда синовларда ҳикмат, хатоларда сабоқ борлиги, жаҳолатнинг малҳами маънавият эканига алоҳида урғу берилди. Таъкидландики, инсоннинг ўзини ўзи тарбиялашида китобдан яхши восита йўқ,   кўп ўқиган инсон бошқаларга кам тақлид қилади, чунки у ўзлигини шакллантиради. Ўзини шакллантирган инсон эса ҳаётда адашмайди. 

Шундан келиб чиқиб, жазони ижро этиш муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни ривожлантириш, қисқартирилмайдиган жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар (тасдиқланган рўйхат бўйича) ўқиган ҳар китоби бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтса, жазо муддатини қисқартириш масаласи қонун даражасида муҳокама қилинаётгани бежиз эмас.

Мулоқот якунида аёл судьялар маҳкумаларга китоблар совға қилишди. Таниқли адиба ва шоираларнинг иштироки тадбирга алоҳида файз киритгани, тадбир ҳамкори – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассасага юз номдаги бадиий китоблар ҳадя қилгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Тадбир доирасида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда ўттиз икки нафар маҳкуманинг илтимосномалари кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Бунинг натижасида  айрим маҳкумалар жазонинг ўталмаган қисмидан шартли озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди, баъзиларининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, бир гуруҳи манзил-колонияларга ўтказилди.

 «Энг ёмони – соғинч...»

Муассаса бошлиғи Дилафрўз Жабборованинг айтишича, бу ерда 1300 нафардан зиёд хотин-қиз жазо ўтамоқда. Маҳкумалар учун шароит яхши, емоқ-ичмоқ нолигулик эмас. Кутубхона, катта экранли телевизорлар ҳам маҳкумалар ихтиёрида.

Улардан кўпроқ нимадан қийналишини сўрадик. Бу саволни эшитиши билан бухоролик К.М. исмли маҳкуманинг кўзлари жиққа ёшга тўлди: «Энг ёмони – соғинч... Уч боламнинг соғинчига бардош беролмаяпман, айниқса кичик фарзандим ҳали гўдак. Мана, келганимга ўн ой бўлди, уларни кўрганим йўқ...».

Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбдор деб топилган К.М. одамларнинг 200 млн сўм пулини ўзлаштирган. Суд ҳукми билан у тўрт йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум этилган. «Ҳеч қачон қонунни бузмайман, мени кечиринглар» дейди у хўрсиниб йиғларкан...

М. гўзал умидлар билан яшаган гўзал бир аёл. Аммо жуда хунук ишга жазм этган: уч кунлик чақалоғини сотгани учун қўлга олинган ва беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Биз билан суҳбатда кўз ёшларини тўкиб, «Қилаётган ишим қандай оқибатларга олиб келишини билмаганман... Ўн икки киши икки хонали уйда тиқилиб яшардик, уй сотиб олмоқчи эдим... Қари онамни қийин аҳволда қолдирдим. Пушаймонман, кечиринглар» дейди у.

Бир маҳкума жазони ўтаётиб кўзи ёрибди. Чақалоғи ҳам «зона»да улғаймоқда. Унга нисбатан инсон ҳаётига таҳдид солиш айблови қўйилган. У ҳам қулоғимизга таниш бўлиб улгурган сўзларни такрорлайди: «Мен нотўғри йўл тутдим. Пушаймонман. Кечиринглар...».

А. исмли маҳкума эса халқ таълими тизимида бош ҳисобчи лавозимида ишлаб, жиноий шериклари билан давлат бюджетининг 14 млрд сўмини ўзлаштириб юборган. Мулоқот давомида қалбидан кечаётган ҳисларини шундай баён этди: «Пул кўзимни кўр қилган экан. Бу ерга келиб англаб етганим шу бўлди: эркинлик пулдан қиммат экан».

Ғиждувонлик Садоқат Т. бугун жазодан озод этилганлардан бири. Аёлнинг қувончи ичига сиғмайди, аллақачон тугунларини тугиб, кетишга шай бўлиб турибди.

– Маҳалладошларимнинг велосипедларини ўғирлагандим, – дейди у бу ерга келиш сабабини сўраганимизда. – Ҳали сотишга улгурмасимдан ушландим. Бугун ўталмай қолган жазодан шартли озод этилдим. Зинҳор қинғир ишларга қўл урмайман. Аслида бу ер мен учун фойдали бўлди, ҳаётимдан сабоқ чиқардим, кўп китоб ўқидим. Айниқса, Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» китоби ҳаётимда бурилиш ясади. Ҳозир уйга кетаяпман, энди китоблар бир умрлик ҳамроҳимга айланади. Болаларимни ҳам китобга меҳрли қилиб тарбиялайман.

Маҳкумалар бугун иши судда кўрилган ўттиз икки аёлга ҳавас билан боқишади. Давлатимизнинг инсонпарвар сиёсатига, кун келиб ўзлари ҳам бу даргоҳдан чиқиб кетишларига ишонишади.

 «Гадо қилди бу ҳижрон...»

Маърифий тадбирда таниқли шоиралар қатнашганини айтдик. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мунаввара Усмонова ўқиган шеър юракларни сел қилди.

 

Болам, келсанг қай маҳал,

Кўзим йўлингга маҳтал.

Қошимга келиб ҳар гал

Она, мен келдим дегин!

 

Кечиксанг тундан сўраб,

Ҳолингни кундан сўраб,

Турарман йўлинг пойлаб,

Она, мен келдим дегин!

 

Топган нонинг керакмас,

Мансаб, шонинг керакмас,

Жонинг омон бўлса бас,

Она, мен келдим дегин!

Гадо қилди бу ҳижрон,

Йўлимни тўсар довон,

Енгмасин, десанг армон,

Она, мен келдим дегин!

Маҳкумаларнинг аксарияти хўрсиниб, ич-ичидан йиғлади. Йиғи шунчаки ожизликка ўхшамас, муштоқлик, хатоларнинг қимматга тушгани, уйида уни кўзлари тўрт кутаётган онаизори ёки боласининг ҳасрати туфайли экани кундек равшан эди.

Таъкидлаш жоизки, тадбир шунчаки ҳисобот учун эмас, балки инсон қадри, қонунларимиздаги инсонпарварликнинг яна бир ифодаси бўлди. Ҳар бир жазо ортида инсон тақдири турганини мазкур муассасанинг ўзидагина ҳис этиш, англаш мумкин холос.

– Маҳкума аёллар ҳам биз каби инсон, она, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани суди раиси Соҳиба Зайниева. – Жазо инсонни тузалишга, яхшиликка қайтаришга хизмат қилса, шундагина мақсадга эришилган бўлади. Бугунги тадбир мен учун чиқарилаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлашга янаям жиддий эътибор бериш зарурлигини яна бир бор ҳис қилдирди.

Дарвоқе, жазони ижро этиш муассасасида ўтказилган тадбир фойдадан холи бўлмаслиги аниқ: мезбонлар учун ҳам, меҳмонлар учун ҳам...

Юлдуз Ҳожиева,

журналист

(Манба: «Huquq» газетаси,

 2025 йил, 1 май 18-сон)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech