Малака ҳайъатлари раислари билан очиқ мулоқот ўтказилди

15 Май 2025 17:50 1406 Чоп этиш

Бугун Судьялар олий кенгашида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатларининг раислари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотда судьялар корпусини шакллантириш,  суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва  судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлик фаолиятига тули аралашувларнинг олдини олишда малака ҳайъатлари фаолиятини янада кучайтириш, Судьялар одоб комиссияси фаолияти ва тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ва яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинди.

Айтилдики, судьялар корпусини шакллантириш, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назорат, раҳбар судьялик лавозими учун муносиб номзодларни танлаш ва тавсия этишда малака ҳайъатларининг алоҳида ўрни бор. Бироқ тизимда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир аниқ ва таъсирчан қўшимча чора-тадбирлар зарурияти, бу борада ташаббускорлик ва таъсирчан механизмларга эҳтиёж  ҳамон сезилмоқда. 

Шундан келиб чиқиб, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари ишини талаб даражасида ташкил этиш, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига доир ҳар бир мурожаат ва уларнинг сабабларини таҳлилий ўрганиш орқали зарурий чоралар белгилаш ва амалиётга фаол жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Очиқ мулоқотда хизмат текширувлари сифатини яхшилаш, уларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўтказиш, интизомий жазо чораларини қўллаш тартибларини такомиллаштириш, бу борада ягона амалиётни шакллантириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари  “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги”ги Низом ва бошқа меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech