Олтмиш йилнинг оралиғи: қадрли даргоҳга ташриф
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, суд фахрийси Бахтиёр Мирбобоев пойхатнинг Юнус-обод туманидаги 70-умумтаълим мактабини битирганига роппа-роса олтмиш икки йил бўлди.
Ўтган олти ўн йиллик кичик давр эмас. Бугун муборак ёш остонасида турган Б. Мирбобоев ўтган вақт мобайнида катта ҳаёт йўли босиб ўтди: талаба бўлиб, ҳуқуқшунос олий шаҳодатини олди, ҳарбий хизматни ўтади, илмий-тадқиқот институтда ишлаб, номзодлик диссертациясини ёқлади, Тошкент давлат юридик институтда (ҳозирги унверситет) катта ўқитувчи, декан ўринбосари, декан, проректор бўлди, адлия вазири ўринбосари, Давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият кўрсатди.
Меҳнат фаолиятининг салкам ўттиз йили Конституциявий судда ўтди: бу даргоҳда судья, раис ўринбосари, раис лавозимларида ишлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист фахрий унвони, “Шуҳрат” медали, “Суд фахрийси” кўкрак нишони Бахтиёр Мирбобоевнинг фаолиятининг ҳақли эътирофи ҳисобланади.
Маълумки, Кенгаш ташаббуси билан “Ибрат мактаби” номи остида суд фахрийлари билан улар илк таълим олган умумтаълим мактабларида ўқувчилар ва мактаб жамоаси билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Ушбу тадбир доирасида Бахтиёр Мирбобоев ўзи илк таҳсил олган мактабга ташриф буюриб, ўқувчи ва ўқитувчилари билан учрашди. Учрашувда суд фахрийсининг ҳаёти ва фаолияти мисолида Ўтмиш ва Бугун таққосланиб, ёш авлодга хулосалар айтилди, тавсия берилди.
Хусусан, устоз Мирбобоев осон бўлмаган ўқувчилик даври ҳақида гапириб, айни пайтда давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар ҳақида бир қадар армон ва ҳавас билан гапирди. Кўп китоб ўқишга, изланишдан тўхтамасликка, инсон меҳнат билан саодатга етишиши, бунинг акси ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга сабаб бўлишини алоҳида қайд этди.
Барча учун фойдали бўлган тадбирда унинг бош меҳмони мактаб кутубхонасига бир неча номдаги китоблар, ўқувчилар учун спорт анжомлари ҳадя қилди. Шунингдек, таълим даргоҳи боғига дарахт экилди.