“Оила судьялари”: эҳтиёж ва истиқбол

3 Июнь 2025 18:05 380 Чоп этиш

Давр шиддатининг ижтимоий муносабатларга таъсири табиий жараён.  Буни ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга доир низоларнинг сонидан ташқари турлари ҳам ортиб бораётганидан кўриш мумкин. Бундай муносабатлар оилаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Оила - жамиятнинг кичик бўлаги, шу боис ҳам унинг давлат ва жамият барқарорлиги ҳамда равнақида ўрни катта. Шундай экан, оилавий низоларни ҳал этиш  алоҳида ёндошув талаб этилиши ўз-ўзидан равшан.

2018 йилда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги қонун низоларни,  жумладан, оилавий низоларни ҳам муқобил (альтернатив) йўл билан ҳал қилишнинг муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди, дейиш мумкин. Медиация низоларни ҳал қилиш воситаси сифатида тарафларга мустақил равишда келишувга эришиш имкониятини беради ва суд жараёнларининг чўзилишига йўл қўймайди. Бу айниқса, болалар манфаатлари ва бошқа заиф гуруҳларнинг ҳуқуқларини  самарали ҳимоя қилишда  алоҳида аҳамият касб этади.

Жаҳон тажрибаси кўрсатмоқдаки, ихтисослаштирилган оилавий судлар ва медиациядан фойдаланиш низоларни ҳал қилиш сифатини сезиларли даражада оширади.

 Масалан, Германияда оила судлар алоҳида ҳуқуқий институт сифатида фаолият кўрсатади. Оила судьялари эса оила қонунчилигидан ташқари  психология  бўйича ҳам чуқур тайёргарликдан ўтади. Бундай тартиб низоларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олиш имконини беради.

 Канадада оила судлари тарафларга нафақат ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши билан эътиборга молик, шунингдек, медиаторлик ва бола ҳуқуқи бўйича адвокатлари хизматларини ҳам таклиф этади. Бундай ёндашув жараён иштирокчилари, айниқса, болаларнинг  руҳий зўриқишларнинг (стресс)  олдини олишга хизмат қилади.

Япония тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Кунчиқар юртда оила судлари 1947 йилдан буён фаолият кўрсатиб, юридик ва ижтимоий низоларни ҳал қилиш ваколатига эга. Японияда яраштирув комиссиялари ва  психологлар иштирокида низолар самарали ҳал қилинади ва болалар манфаатлари ҳимоя қилинади.

Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, 2024 йилнинг 1 февралидан Ўзбекистонда ҳам “Оила судьялари” ташкил этилди. Айни пайтда тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослашган «Оила судьялари»  фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан оилавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 32 турдаги низолар кўриб чиқилмоқда.  Кўринадики, оилавий низолар кўпчилик тассавуридаги каби оз эмас, муҳими, улар ихтисослашган судьялар томонидан кўриб чиқилаётгани бир ишни чуқур ўрганиш, унинг психологик ва ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олиш ҳамда низоларни ҳал қилишнинг энг мақбул йўлларини қўллаш имконини беради. Бундан ташқари, медиация амалиёти жорий этилмоқда.

Албатта, “Оила судьялари” – янги институт. Демак, бу борада, аввало, малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилиши аниқ.  Бунда нафақат  судьялар, балки медиаторлар ва ижтимоий ходимлар ҳам ҳуқуқий билимлар билан бирга психология, конфликтология ва заиф гуруҳлар билан ишлаш кўникмасига ҳам эга бўлиши лозим. Бу борада реал ишлар амалга оширилаётганини эътироф этган ҳолда инфратузилмани кенгайтириш мақсадга мувофиқ эканини айтиш лозим. Медиация марказларини яратиш, мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини хабардор қилиш катта молиявий ва ташкилий манбаларни талаб этади. Бу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол иштироки зарурдир.

Бундан ташқари  оилавий низоларни ҳал қилиш тизимини такомиллаштириш учун судьялар, медиаторлар ва ижтимоий ходимларнинг тайёргарлигини кучайтириш учун мунтазам ўқув курслари ва тренинглар ўтказишга ҳам эҳтиёж  катта.

 Шунингдек,  “Оила судьялари” институтини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасини мамлакатнинг барча ҳудудларида кенгайтириш; аҳоли ўртасида медиация афзалликлари ҳақида хабардорликни ошириш учун маълумот кампаниялари ва таълим лойиҳаларини ташкил этиш; ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган профилактика дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш фурсати етди.

 Юқорида айтилганидек, “Оила судьялари” институти ташкил этилиши Ўзбекистон суд тизимини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Янги ташаббус ижтимоий адолатни барқарор таъминлаш, ишларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ва фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш имконини беради. Ушбу ёндашув узоқ муддатли истиқболда оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга ҳисса қўшади.

 Иброҳим Алимов,

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари

(Изоҳ: “Odillik mezoni” журналининг 2025 йил, 3-сонида эълон қилинган ушбу мақола муаллифнинг розилиги билан жузъий таҳрир ва бироз қисқатирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этилди)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech