“Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиблари аниқланди
Мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва даражасини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Бу борада алоҳида давлат дастури тасдиқланди, 2021 йилдан бошлаб, апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.
Судьялар ҳамжамияти ҳам бундай хайрли жараёндан четда эмас. Айтиш мумкинки, маънавият масаласи тизимнинг асосий мезонларидан бирига айланган. Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биттаси.
Уч босқичдан иборат танлов анъанавий тартибдан ўзгачароқ шаклда ўтганини алоҳида таъкидлаш керак. Яъниким, танлов савол-жавоб тарзида ташкил этилмади, балки иштирокчиларга Кенгаш томонидан тасдиқланган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, тарихий ва маърифий китоблардан биттасини танлаган ҳолда эссе ёзиш имконияти берилди.
Танловнинг биринчи босқичида 636 нафар судья иштирок этган бўлса, ҳудудий комиссиялар тавсияси билан иккинчи босқичда 198 нафар, якуний босқичда эса 10 нафар судьянинг маърифий салоҳияти баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов раислигидаги ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди.
Иккинчи ўрин Сирдарё вилояти Оқолтин туманлараро иқтисодий суди раиси Алишер Олламовга насиб қилган бўлса, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг тергов судьяси Хислатжон Куконбоев учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Шунингдек, маърифий ва ҳуқуқий тарғибот ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари - Тошкент вилоят судининг судьяси Холмамат Ҳасанов, Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг раиси Нуриддин Муродов ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси Шоира Эрметова Кенгашнинг махсус совғаси билан тақдирланадиган бўлди.
Судьялар олий кенгашининг махсус дипломи ва эсдалик совғалари жойлардаги судлар раислари орқали ўз эгаларига топширилади.