Кенгаш аъзолари Қорақалпоғистон ва Хоразмга борди

16 Июнь 2025 17:19 205 Чоп этиш

Судьялар олий кенгашининг судьялари Алишер Ҳамроев ва Баҳром Сабиров Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоят судларида бўлиб, судьяларнинг масъулияти, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этилиши борасида малака ҳайъатлари ишлари билан танишди.  Уларнинг якуни бўйича очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқотлар нисбатан кичик доирада ўтказилган бўлса-да, унда катта масалалар муҳокама қилинди. Чунки, ушбу тузилма ваколатига доир ҳар бир масаланинг кўлами кенг. Хусусан, судьяларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқиш, ваколатини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш, дахлсизлигини таъминлаш, Судьялар одоби кодексига риоя этилиши устидан назорат каби масалалар озмунча меҳнат талаб қилмайди.

Ваколат эса имтиёз эмас, масъулият. Ушбу тузилмалар судьяларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятидан кўра кўпроқ уларнинг лавозимга лойиқлиги, мақоми ва мавқега дохл масалаларга масъулдирки, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда судьянинг одоби, муносиб маданияти ва маънавияти муҳим аҳамият касб этиши ўз-ўзидан маълум. Суд ҳокимиятининг нуфузини сақлаш эса судья зиммасидаги асосий мажбуриятлардан бири ҳисобланади.

Бўлиб ўтган ҳар икки муҳокамада  судьялар малака ҳайъатлари таркибига ўзгартиришлар киритилгани натижасида тузилма фаолиятига муайян ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётгани қайд этилди. Шу баробарида судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъмишлаш, айниқса, Судьялар одоб комиссиялари фаолияти самарадорлигини янада ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Маълумки, Судьялар одоб комиссиялар Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда  оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларни ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашади. 

Муҳокамаларда малака ҳайъатлари ва мазкур комиссия  фаолиятида яқин ҳамкорликни янада кучайтириш,  оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбаларда эълон қилинаётган судларнинг обрўйига таъсир кўрсатувчи маълумотлар бўйича Комиссиянинг холис ва тезкор хулосаларига зарурият катта эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда хизмат текширувлари сифатини яхшилаш, интизомий жазо чораларини қўллашда ягона амалиётни шакллантириш, судьялар зиммасига одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилишининг олдини олиш, айниқса, тизимда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир аниқ ва таъсирчан қўшимча чора-тадбирлар  ишлаб чиқиб, амалиётга фаол жорий этиш тавсия қилинди.

Жойлардаги судьялар малака ҳайъатлари фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech