Судья дахлсизлиги: ҳуқуқий кафолат ва ахлоқий меъёрлар
Фуқаролик жамиятида суд ҳокимиятининг ўрни ва мустақиллиги ҳуқуқ устуворлигининг асосий устуни ҳисобланади. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги эса судья дахлсизлиги билан чамбарчас боғлиқ. Ўз навбатида дахлсизлик судьяга зиммасига маълум мажбуриятлар юклайди.
“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддасида кўра, судья: “...одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар қилиши” шарт. Чунки, судьянинг мустақиллиги, унинг фақат қонунга бўйсуниши, одил судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда бундай аралашув учун жавобгарлик мавжудлиги орқали кафолатланади (Судьялар одоби кодекси, 4-модда).
Судьянинг фақат қонун ва ўзининг виждони асосида қарор чиқариши – одил судловни таъминлашда ҳал қилувчи омилдир. Агар судья ташқи таъсирлар, хусусан, унинг юритувидаги иш натижасидан манфаатдор томонлар босими остида қарор қабул қилса, адолат инкор этилади, фуқароларнинг судга бўлган ишончига салбий таъсир қилади.
Шу боис ҳам судья ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ёки ўзининг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт экани Судьялар одоби кодексида алоҳида қоида сифатида белгиланган. Ушбу қоида эса судья ўз фаолиятида ташқи босимларга қарши қонуний ва ахлоқий жиҳатдан бардошли бўлиши, ҳар қандай босимга нисбатан қатъий позицияда туриши ва суд жараёнига номақбул аралашувларни рад этиши шарт эканини кўрсатади. Чунки, жамиятнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини таъминлашда судьянинг нафақат касбий салоҳияти, шунингдек, одоби, юксак маданияти ва маънавияти муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигига доир нормалар янада такомиллаштирилганини алоҳида эътироф этиш керак. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги ёки муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақириш тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан амалга оширилиши шулар жумласидандир.
Юқоридаги баёнлар судьялар касбий фаолиятида ташқи таъсирлардан муҳофаза қилувчи бир эмас, бир нечата ҳуқуқий омил ва механизмлар мавжудлигини кўрсатади.
Биринчидан, фақат қонунга таяниш ва шахсий қарашлардан холи бўлиши керак, бу эса касбий малака ва билим билан бир қаторда зарур кўникмаларни узлуксих шакллатириб боришни талаб қилади. Яъни, Судьялар одоби кодексида белгиланганидек, судья ўз мажбуриятларини юқори профессионал даражада бажариши, иш ўз вақтида ва малакали кўриб чиқилиши учун барча чораларни кўриши лозим.
Иккинчидан, суд ишларига ноқонуний аралашувлар борасида жамоавий ҳимоя имконияти ҳам бор: суд ишларига аралашув ёки судьяга нисбатан турли шаклда босим бўлган ҳолларда Судьялар олий кенгашини хабардор қилишнинг ҳуқуқий тартибллари белгиланган. Судьялар олий кенгаши эса судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш каби масалалар фаолиятининг устувор йўланишларидан бири ҳисобланади.
Юқорида айтилганидек, судья мустақиллиги – бу нафақат унинг ҳуқуқи, балки жамият олдидаги масъулияти ҳамдир. Адолат фақатгина эркин ва мустақил суд орқали таъминланади. Шунинг учун ҳар бир судья ўз фаолиятида ташқи таъсирларга қарши қатъий позицияда туриб, қонун ва виждонга асосланган ҳолда фаолият юритиши шарт.
Юлдуз Фозилова,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси