"Ташаккур" - айтганга ҳам, эшитганга ҳам ёқимли калом

19 Июнь 2025 22:01 896 Чоп этиш

Судьялар олий кенгашга келаётган мурожаатлар сидирғасига шикоятлардан иборат эмас. Улар орасида таклифлар, муайян масалалар юзасидан тавсия ва мулоҳазалар ҳам талайгина. Шунингдек, миннатдорлик мактублари ҳам тез-тез учрайдики, кейинги икки ойда ўндан зиёд шундай номалар келди.

Ташаккурномалар - изҳордан ташқари эътибор ҳам ҳисобланади.

Тошкентлик М. Лола суд орқали фарзандларини ўз қарамоғи олганидан хурсанд бўлиб, ишни кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси З. Нуралиевага самимий ташаккур айтган. Россия фуқароси Б. Нигина ҳам ушбу суддан ва судьядан оталик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси холис кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилинганидан мамнун эканини билдирган.

Яна бир пойхатлик фуқаролик А. Жумабоев  уйсиз қолиб кетиши эҳтимоли юзга келгач, судга қилган мурожаати қаноатлантирилганидан ўта хурсандлигини айтиб, ташаккур йўллаган (иш фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Б. Жамолов раислигида кўриб чиқилган) йўллаган.

Навоий вилояти Кармана туманида истиқомат қилувчи М. Шодиева меросга доир узоқ йиллик низо судда қисқа фурсатда қонуний ечим топганини билдирган ва  (фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьяси Д. Аҳмедовага)  самимий раҳмат айтган.

Тошкентлик  Р. Абитов (1938 йилда туғилган) ўзига доир йўл-транспорт ҳодисасига доир иш жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида (суд раиси С. Содиқов) холис ва қонуний кўриб чиқилгани, иш бўйича барча ҳолатлар синчковлик билан ўрганилгани, бу жараёнда ҳақиқатни аниқлаш учун киритган илтимосномалари қаноатлантирилганини мактубида бироз ҳаяжон билан баён қилгани алоҳида  диққатга молик.

Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлар қўмондонлиги раҳбариятидан келган  мактубда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида иккита низо кўриб чиқилгани айтилади. Мактубда анча мураккаб бўлган ишлар якунида Қоровул қўшинлари сафида хизмат қилаётган 811 нафар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг 3000 нафарга яқин оила аъзоларининг бузилган ҳуқуқлари тикланганини мамнуният билан қайд этиб, судлов ҳайъати судьяларини (Р. Бердиёров, А. Ибрагимов, Б. Кеунимжаева, Ж. Ҳусанов, И. Юсупов ва Ш. Ахроров) бирма-бир тилга олиб ўтилган.

Суд қароридан  тарафлар бирдек рози бўлмаслиги  табиий. Норози тарафнинг шикоят қилиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган, бироқ ундан қаноат ҳосил қилган тараф зиммасида миннатдорлик билдириш мажбурияти йўқ. Ва бўлишиям мумкин эмас. Чунки, судья ўз вазифасини бажарди: чекига тушган ишни холис кўриб, қонун доирасида қарор қабул қилди.

 Чуқурлашмайлик, норози тарафнинг шикояти, ундаги важларга юқори суд инстанциясида ҳуқуқий баҳо берилиши – алоҳида масала, алоҳида жараён. Ҳозир гап, қайси инстанцияда бўлмасин, судда муроди ҳосил бўлган тарафнинг миннатдорлиги ҳақида кетяпти.

Миннатдорлик – хос ҳолат, унинг изҳори хоҳиш, демакки, маънавият-ахлоқий ҳислатларга боғлиқ. Яъниким, айтилса, хурсанд бўлинади, акси бўлса, гинахонлик  йўқ.

 Лекин-чи, “ташаккур”  каломи  айтганга ҳам, эшитганга ҳам ёқимли экани ҳаққи рост!

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech