Ўзбекистон суд тизими вакиллари Улан-Батор конференциясида иштирок этди

23 Июнь 2025 15:33 237 Чоп этиш

2022 йилнинг 5-15 октябрь кунлари АҚШ Конгресси  “Очиқ дунё” (Open World) )дастури доирасида дунёнинг қатор давлатлари  мутахассислари қатори Ўзбекистон адлия ва суд органларининг беш нафар вакили ҳам уммон ортида бўлиб, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича халқаро амалиёт, бугунги глобаллашув даврида юзага келаётган турли ҳуқуқий муносабатлар, уларнинг ечимлари, жорий этилаётган янгича тартиблар билан яқиндан танишганди. Жорий йилнинг 16-17 июнь кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда ташкил этилган халқаро конференцияни икки ярим йил аввалги  малака ошириш шаклида ўтган тадбирларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Чунки,  конференцияга айни дастур битирувчилари бўлган судьялар таклиф этилиб, “Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва суд жараёнларини рақамлаштириш” мавзуси муҳокама қилинди.

 Дарҳақиқат, ахборот технологияларининг мислсиз тараққиёти катта имкониятлар  билан  бирга муайян муаммолар юзага келтираётгани ҳам рост. Суд тизимининг рақамли трансформацияси одил судлов самарадорлигини ошириш, унинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.  Айни жараёнда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳам муҳимки, бунинг ҳуқуқий ва технологик ечимлари глобал аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, конференцияда кадрлар салоҳиятини ошириш, уларда рақамли муҳитда ишлаш кўникмаларини шакллаштириш ва зарур ресурслар билан таъминлаш, бу жараёнда ҳуқуқий таълим билан амалиёт уйғунлашуви, бу борада тажриба алмашинувларини изчил йўлга қўйиш ҳамда зарурий тавсиялар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, профессионал мулоқот учун ишга туширилган минтақавий электрон платформа имкониятларини янада кенгайтириш зарурияти ҳам қайд этилди.

Халқаро анжуманда  Тошкент шаҳар суди судьяси Фаррух Тўрахўжаев ва Тошкент туманлараро маъмурий суди раиси Суҳроб Йўлдошев  иштирок этди.

Қайд этиш керакки, вакилларимиз иштироки тингловчи мақомида бўлгани йўқ. Аксинча, уларнинг маърузалари орқали мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда тизимни рақамлаштиришга берилаётган алоҳида эътибор, бу борада қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг ижроси хусусида атрофлича маълумот берилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech