Афсоналар ҳақидаги ҳақиқатлар
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан чоп этилган “Уч машҳур ўзбек аёли” китобида ўзбек ҳуқуқшунослиги афсоналарига айлган Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова, Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилади.
Китоб бадиий асар эмас, унда на муболаға, на бўрттиришлар бор. Аксинча, ҳамма-ҳаммаси архив материаллари асосида баён қилинадики, шу боис китобни бемалол афсоналар ҳақидаги ҳақиқатлар, дейиш мумкин.
Китоб қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолияти инсон тафаккури ва имкониятлари нақадар кенг эканини яна бир бор кўрсатиб беради.
Эътибор беринг-а, уч машҳурамизнинг камолот ёши Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир йилларга тўғри келган, шунга қарамай давлат ишини ҳам, оилани ҳам бирдек уддалагани таҳсинга, шунча ташвиш-юмушлардан ортиб, илмий изланишлар олиб бориб, олима бўлганлари эса ҳайратга лойиқ.
...Хадича Сулаймонова бор-йўғи 52 йил умр кўрганлар. Шу қисқа умри давомида 22 ёшида Олий суд аъзоси, 39 ёшида фан доктори, 43 ёшга тўлиб-тўлмай академик рутбасига эришади.
Бу давр оралиғида туман суди судьялигидан Адлия вазири, Олий суд раислигигача бўлган машаққатли йўлни ҳам босиб ўтганидан фақат ҳайратланиш мумкин.
Арбобликнинг юки қанчалар оғир, илм йўлининг машаққатлари-чи? Ҳар икки жабҳада намуна бўлмоқни ўзи бўлмайди, Хадича Сулаймонова аёл боши билан арбоб ва олималикдан ташқари талабчан устоз, оилада саранжом бека ва меҳрибон оналик-да ўз ўрнига қўйгани учун ҳам буюкликка муносиб шахсдир.
...Мамлакат Восиқованинг ҳаёти ва фаолиятида ҳам шундай манзаралар кўзга ташланади.
Ўтган асрнинг йигирма тўртинчи йилида таваллуд топган М. Восиқованинг болалиги қатағон даври сифатида тарихга кирган ўттизинчи йилларга тўғри келади. Айни ўша долғали йилларда илм-зиё йўлидан борган машҳурамиз ҳали ўттизга тўлмай Адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланади.
Ушбу лавозимда беш йиллик самарали фаолиятидан сўнг Олий суд раиси ўринбосарлигига муносиб кўрилади.
Шундан кейин республика раҳбарлик идораларида қатор масъул вазифаларда фаолият кўрсатганидан сўнг ўн тўрт йил Адлия вазири лавозимида ишлайди.
Бир-биридан масъулиятли, бир-биридан оғир вазифаларда ишлаганига қарамай изчил илмий изланишлар олиб бориб, фан доктори, профессор илмий даражалари соҳибасига айланади. Яна бир эътиборли ҳолат шуки, арбоблик масъулияти ва олималик машаққатидан ташқари М. Восиқова беш нафар фарзанднинг онаси сифати уларни оқ ювиб-оқ тараб вояга етказади.
...Ҳалима Муҳитдинованинг бошига Ўзбекистон Министрлар совети раиси ўринбосарлиги миннати солинганида 28 ёшда экан (1944 йил). Бу давр ўтган асрнинг иккинчи жаҳон уруши кечаётган пайти бўлиб, мамлакат оғир иқтисодий танглик пайтида экани яқин тарихдан маълум. Бунгача прокуратура органларида фаолият кўрсатган опа орадан кўп ўтмай, адлия вазири ўринбосари, кейинроқ Олий суд раиси мувони, ниҳоят, Олий суд раиси лавозимларида фаолият кўрсатиши хаёлининг тор кўчасидан ҳам ўтмаган бўлса керак...
Бироқ тақдир, номлари қайд этилган ҳамкасблари қатори унга ҳам осон бўлмаган қисматларни раво кўрди. Парвозлардан эсанкираб қолмади, ҳаёт сўқмоқларида қоқилса-да, йиқилмади.
Энг муҳими, у ҳам ҳар қандай унвон-у мартабалардан баланд турадиган вафодор ёр ва меҳрибон оналик масъулиятини унутгани йўқ.
...Китоб ҳақидаги ушбу мухтасар таассуротларимизда бежизга улар ишлаган лавозимларига алоҳида эътибор қаратилмаяпти.
Арбобларнинг фаолияти ҳеч қачон осон кечмаган. Лавозимни имтиёз эмас, масъулият деб билганлар учун икки карра оғир бўлиши ўз-ўзидан аён. Шунинг ўзи уччала буюк ватандошимизнинг ҳаёти ҳаловатсизликда ўтганини кўрсатади.
Қолаверса, гап ким қандай лавозимларда ишлагани эмас, балки ўша вазифалардан қандай ишлаганида.
Уч буюк ватандошимиз масъулиятли лавозимда қандай ишлаб, қандай ишларни амалга оширганини эса битта мақолага сиғдириб бўлмайди.
Бунинг учун “Уч машҳур ўзбек аёли” китоби ўқимоқ ва укмоқ лозим.
Муҳайё Дедамирзаева,
Наманган вилоят судининг фуқаролик
ишлари бўйича судьяси