“Ҳалол бўлмаган одамни онгли деб бўлмайди”

25 Февраль 2022 15:09 1181 Чоп этиш

(Арастунинг “Ахлоқи кабир”ини ўқиб...)

Кимга қандай, аммо мен учун осон бўлмаган иш кун якунидаги китоб мутолааси яхшигина ҳордиқ ҳисобланади.Тариҳда из қолдирган буюк шахслар ҳақидаги асарларни ўқиш жон-у дилим.

Ҳозиргина “Заковат дурдоналари” туркумига оид Арастунинг «Ахлоқи кабир ” асарини ўқиб чиқдим: зўр!

Искандардек соҳиби салтанатга мураббийлик қилган Арасту (Аристотель)  мутаффакирларнинг “устоди аввал”ли саналади. Искандар ўз устози ҳақида: “Мен Арастуни отам қатори ҳурмат қиламан, чунки падарим менга ҳаёт берган бўлса, устозим ҳаёт қадриятларини берди”, деган.

Мазкур китобда Арастунинг “Поэтика”, “Ахлоқи қабир” ва “Риторика”  асарлари ўрин олган.

“Поэтика” асари ҳозирги замон тушунчасидаги шеъриат ҳақида эмас, унда умуминсоний нафосат, санъат қонун-қоидалари баён қилинади. Алломанинг бу асари Шарқ халқлари эстетик тафаккури ривожига катта таъсир кўрсатган. Мазкур асарга Абу Наср Форобий шарҳ битгани, ундаги фикрлардан ҳайратланган Ибн Сино  алоҳида китоб ёзгани “Поэтика” қанчалар қимматли манба эканини яққол кўрсатади.

 Абу Наср Форобий Арастунинг кўплаб асарларига шаҳрлар бериб, уларни оммалашишига  сабабчи бўлган. Шу учун ҳам Абу Наср Форобий Арастудан кейинги иккинчи муаллим – “Муаллими соний” номини олган.  Ибн Сино Арастунинг “Метафизика” асарини қирқ марта ўқиган, бироқ унинг иборалари ва мазмунини тушуниш унга мураккаблик қилган. Ибн Сино  Форобийнинг шарҳи орқали Арастуни тушунишга муваффақ бўлган.

“Поэтика” асарида Арастунинг нутқ ҳақидаги қарашлари, хусусан, омма олдида  қандай сўзлаш, унинг таъсирли бўлиши омиллари ҳақидаги фикрлари ҳурматли ҳамкасбларимизга қизиқ бўлса керак. Тубан бўлмаган, тушунарли нутқ - қимматли нутқдир. Энг тушунарлиси, ҳамма ишлатадиган сўзлардан тузилган нутқдир. Аммо бундай нутқ тубан бўлади, деб ёзади аллома.

 “Ахлоқи кабир”  – ахлоқ муаммоларига доир асар.   Унда “ахлоқ сиёсатнинг таркибий қисми” эканлигига урғу берилиб, шундай дейилади: “Чиндан ҳам муайян ахлоқий фазилатларга эга бўлмаган, яъни муносиб бўлмаган одам (жамоат арбоби сифатида) фаолият кўрсатиши мумкин эмас. Муносиб одам бўлмоқ – фозил бўлмоқ, демакдир”.

Арастунинг ҳалоллик ҳақидаги фикрлари судья сифатида менда катта қизиқиш ўйғотди. У ҳалолликни бир неча таркибларга бўлади ва улар қаноатлилик,  вазминлик, адолат ва оқиллик  эканини таъкидлайди.  

 “Ҳалол одам шундайки, -дейлади “Ахлоқи кабир”да - у қонуний олиши мумкин бўлган неъматлардан озроғига розиликдир. Шундай нарсалар борки,  унда неъматларнинг тегишли миқдорини белгиланмай “шу нарсалар берилади”, деб умумий қилиб айтилган бўлади. Миқдори аниқ белгиламаётган нарсаларни олишда озроғини олишга рози бўлган одам қаноатлидир. Аммо бу – ўзининг қонуний ҳаққидан воз кечиш дегани эмас. У табиий ва ҳақиқий неъматларни олишда ўзини камситмайди, у фақат олишдагина озгинага қаноат қилади”.

Яна айтади: “Ўйлаб иш қилиш, вазминлик – оқилликка алоқадор. Онгли одам қонун чиқарувчи нимани тушуриб қолдирганини, қонун белгиламаган бўлса ҳам бу иш, ҳатти – ҳаракат адолатли эканини яхши тушунган кишидир. Ҳалол бўлмаган одам онгли бўлмайди.”

         Арастунинг қарашлари турли замон ва маконда  ўз қувватини йўқотмайди. Шу сабабли мен ҳамкасбларимга мазкур асарни ўқишни ҳам тавсия этган бўлардим.

 Наргиза Шарипова,

 жиноят ишлари бўйича Наманган туман судининг судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech