Басират кўзи

11 Февраль 2022 17:01 1384 Чоп этиш

Басират кўзи

  

Ўзининг сезиш, кўриш, таффаккур қилиш

қобилиятини ишлата олган одамгина ўзлигини  англашга қодир.

 

У эридаги кейинги пайтлардаги ўзгаришлардан ҳайрон, ҳатто бироз хавотирга ҳам тушиб қолди. Ёши қирқни қоралаган, катта бир хусусий корхона эгаси бўлган эри, авваллари доим шошиб-пишиб юрар, уйда кам бўлар, вақтини кўпинча ишхонасида ва улфатлари даврасида ўтказарди. Энди эса, тез-тез уйда қолар, дам-бадам ҳаёл суриб ўтирадиган бўлиб қолди. Анчайин қўрс ва айтганидан қайтмайдиган қайсар бу одамнинг, ўз-ўзидан мулойимлашиб қолгани унга аслида маъқул эса-да "ишида бирон-бир муаммоси бормикан, ё касал-пасал бўлиб қолдимикан-а", - деган “ташвиш”билан безовталана бошлади.

Энг қизиғи, бу кап-катта эркак кеча иккита оқ сичқон сотиб олиб келгани, уларни қафасга солиб соатлаб тикилиб ўтиргани уни бутунлай лол қолдирди. Эрига "Буларнинг турқи бунча совуқ, ундан кўра балиқли аквариум олганингиз яхши эмасми эди", - деганида, эри нима деди денг? "Эй, хотин, сен нимани ҳам билардинг, балиқ, гапирмайди, булар эса гапиради. Ҳам қара, булар менга ўхшайди, йўғ-э, мен уларга ўхшар эдим...", - деса борми?

У кўзларини катта-катта очганча эрига қараб-қараб қўйиб, чиқиб кетди.   “Бу кишига аниқ нимадир бўлган – ҳаёли жойида эмас, гаплари ҳам алмойи- жалмойи. Энди нима қилдим, ўзига бирон нима деб бўлмаса”, - деб ўйлай- ўйлай охири, эрига сир бермамиш бўлди, лекин эртадан қолдирмай бу ҳолни қайнотасига билдиришни кўнглига туйди.

Ўз тадбири ўзига маъқул келди-да, эрининг телевизор кўриб ўтирганидан фойдаланиб, “Бугунги ишни эртага қўйма” деган нақлга амал қилди ва "катта" уйларига сим қоқди. Телефон гўшагини кўтарган қайнонаси билан ҳол-аҳвол сўрашиш асносида аҳволни қандай баён қилсам, дея ўйлана бошлади. Баҳона ҳам ўз-ўзидан топила қолди ва қайнонасига, “Эртага, ўтганлар хотирасига бир ис чиқариб юбормоқчийдим, шунга отам билан келиб-кетсаларингиз девдим”, - деди. Қайнонаси ҳам: “Ўзи набираларни соғиниб, ўтирибмиз, бир ўтмоқчи бўлиб тургандик, болам”, - деди.

Тонг отгач, эрини ишга кузатаркан "Онам телефон қилган эдилар, бугун келишар экан. Ош дамлаб қўяман, эртароқ қайтсангиз", - деди. Ошга сабзи тўғрай туриб: “қайнота-қайнонамга қандай айтсам экан, айтганда ҳам нима дейман, гапни нимадан бошлайман”, - деган ўй билан каловлана бошлади. Сўнг, “Қайнотам синчил одам, ўзлари ўғлидаги ва уйдаги ўзгаришни сезар, яхшиси ҳеч нима демай қўя қоламан”, - деган қарорга келди ҳамда қарори ўзига ёқиб тушиб, бироз енгиллашгандай бўлди.

Энди ошнинг гуручини солаверсамми-йўқми деб турганида, қайнота- қайнонаси бир қучоқ совға-саломлар билан кириб келишди. Кенг меҳмонхонага жойлашиб, набираларини суюб-эркалаш билан андармон бўлишди.                                                    У елиб-югуриб дастурхон тузатди, меҳмонларга чой қуйиб узатди ва яна ошхонасига қайтди.

Ошни дамлаб, қайнота-қайнонасининг чойидан хабар олиш учун залга кирганида кўрди-ки, кичкинаси сичқонларни қафаси билан кўтариб кириб, бобосига мақтаниб турибди.

Қайнотасининг авзои бузилди, лекин буни билдирмамиш бўлди. Келинига "Бу қай бирингнинг ишинг?" - дегандай бир қараш қилди.

Қайнонаси эса:  “Мен жуда қўрқиб кетдим, болам, буларнинг касал-пасали бўлса сенга юқиб-нетиб юрмасин, ташқарига чиқариб қўя қолгин”, - деди ва ''Бунга Сиз нима дейсиз?" - дегандай чолининг ҳолатига сер солар бўлди.

Қайнотасининг: - Келин, бу сичқон боқиш ҳунари кимдан чиқди? - деган сўровига ноилож қолиб, сичқонларни эри олиб келганини айтди. Сўнг, мингдан-минг хижолат чекиб, тутила-тутила “ўғлингиз шу сичқонларга ўхшармиш, бу гапни уларнинг ўзлари айтдилар”, - дея олди.

Буни эшитган қайнотаси бир дам ўйланди, "Сичқонга ўхшармикан, шунга фаҳми етган бўлса, яхши", - деб жилмайиб ҳам қўйди. Қайнона-келин бир- бирига илкис қараб олишди-да, анграйган-ча туриб қолишди.

Мана хонадон соҳиби ҳам уйга қайтди. Ота Қуръон тиловот қилди, чўзма синдирилиб, келин сузиб келган ош ҳам ейилди. Дастурхон йиғиштирилиб, аччиқ чойга навбат етгач бобо, “Ўғлим, ишларинг яхши кетяптими, нима гаплар?” - деб синчков қараб қўяр бўлди.

Ўғилнинг, "Ҳаммаси яхши ота, ишлаб юрибман", - деган жавобини эшитган онаси: "Сичқон муборак болам, фақат биз қариялар бу харом нарсани уйингизга олиб келганингиз, ҳамда булар менга ўхшайди, деганингизнинг маънисига дим етмай турибмиз-да?” - деди.

Хотинига бир қур қараб олиб, сукутда турган ўғлига ота:

  • Ҳа ўғлим, мен-ку ниманидир англагандайман, лекин онангиз ҳамда келинга ўзингиз тушунтирмасангиз уларнинг кўнгли тинчимайди-ёв, - деб қўйди.

Ўғил ерга тикилганча сўзга кирди:

  • Ота, шу ишхонамдаги омборда сичқон пайдо бўлиб, ҳамма жойни илма-тешик қилиб ташлади. Сичқон дегани жимитдай бўлса-да, анча ўзига пишиқ ва айёр жонивор экан. Қопқон ҳам қўйдик, биттаси тушгач, бошқаси тушмай қўйса денг – қопқонга чап беришни ўрганиб олибди. Дориланган емак қўйдик, бир иккиси заҳарланиб ўлгач, бошқалари заҳарли емакка қарамай қўйди. Ишчиларимиздан бири битта мушук топиб келтирди. Мушук ин оғзида пойлайди, бошини чиқарган ўғри сичқонни таппа босади, денг. Сичқонлар икки-уч кунда даф бўлди – ё бари мушукка ем бўлди, ёки мушукдан қўрқиб, ўзларини бошқа ёққа уриб кетди. Шундай қилиб сичконлардан қутилдик...

Шундай дея туриб ўғил бироз тин олди. Кампирининг чимирилганча ўғлига оғиз жуфтлаётганини кўрган ота: “Жим-сабр қил”, - дегандай бошини чайқаб қўйди.

Ўғил паст овозда даъвом этди:  “Шу сичқоннинг омбордан ўғирлик қилиб кун кечиргани, бизнинг кўрган чораларимиздан баҳоли-қудрат қочгани ва охири мушукка ем бўлганини кўриб, ўйланиб қолдим...

Мен ҳам нафсга берилиб, ўзимни уддабурон билиб, фойданинг кетидан кўр-кўрона қувмадимми?... Дунёда кўп нарсага енгил-елпи қараб яшаётганимни, даромадни солиқдан яшириш, қонунларга чап бериш кундалик одатимга айланганини хаёлимдан ўтказдим. Бу чора-тадбирларим шу махлуқ сичқоннинг айёрлиги каби вақтинча эканлигини, сичқон мушукка ем бўлганидек, мен ҳам ўзимни йиғиштирмасам бир кун ҳолим хароб бўлишини, қонун олдида жавобим қаттиқ бўлишини тушуниб етдим. Шундай қилиб, митти сичқон менинг тўғри хулосага келишимга сабабчи бўлди....

Бир ҳафта ўтириб, ҳамма ҳисоб-китобларимни жой-жойига қўйдим, солиқларни тўладим. Қонунга тўғри келмайдиган бор олди-берди ишларимга нуқта қўйдим. Бор, гап шу”.

Ота: - Ҳа ўғлим, шундай бўлсин! Оллоҳ, ўзи меҳрибон. Тўғри йўлга соламан деса ҳеч гап эмас! Басират кўзингни бир сичқон мисолида очгани учун Ўзига минг бора шукр, - деди.

Сўнг, анграйганча ўғлига қараб қолган хотини ҳамда келинига кўзи тушиб, уларга қарата, “Энди тушунгандай бўлдиларингми, унда сичқонга ҳам бир раҳмат деб қўйинглар-а,” - дея ҳазиллашган бўлди.

Х. Ёдгоров

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech