ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДА МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ

28 Июль 2022 17:44 2160 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси  маълумотларига кўра, 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд. сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Қурилиш соҳасининг ўзида эса 3,5 трлн. сўмлик тендер савдоларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.[1]

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 млрд. сўмлик 452 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган 372 та тақдимнома киритилган.[2]

 Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу эса коррупциявий омилларга  қарши курашишга қаратилган самарали механизмларни давлат харидлари соҳасида ҳам ишлаб чиқишни тақозо этади. Давлат харидларининг асосий тамойиллари очиқлик ва шаффофлик, рақобат, холислик ва коррупцияга йўл қўймасликдир. Лекин, давлат хариди ва буюртмаларида коррупцион ва рақобатга зид амалиётлар кенг тарқалган.  Бу  борада  олимларнинг турли- туман ёндашувлари, фикрлари мавжуд. Хусусан, В.А.Васенинанинг фикрича: “...давлат эҳтиёжлари учун харидларни амалга ошириш жараёни иқтисодиётнинг коррупцияга мойил тармоқларидан бири бўлиб, унинг иштирокчилари ҳуқуққа хилоф равишда моддий манфаатдор бўлишга интилишади”.[3]

Давлат харидлари  жараёни  манфаатлар  тўқнашуви яққол  кўзга  ташланадиган соҳалардан биридир.

Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларида акс этган.

 “Манфаатлар тўқнашуви” бўйича кўплаб тадқиқотлар ҳам мавжуд. Давлат харидлари соҳасида Д.И.Дедов нуқта назаридан олиб қарайдиган бўлсак, “...манфаатлар тўқнашуви” тушунчаси қонун билан қўриқланадиган ва бошқа шахснинг ҳаракатлари билан бажарилиши лозим бўлган принципал томонидан ваколат берилган шахс ва ушбу ваколатли шахснинг шахсий манфаатлари ўртасидаги қарама-қаршиликдир”.[4]

Манфаатлар тўқнашуви тушунчасини И.С.Шиткина “...манфаатларнинг бузилиши фактининг ўзи эмас, балки бундай манфаатлар бузилиши мумкин бўлган вазиятларнинг вужудга келиш имконияти”,– деб таъкидлайди.[5]  Манфаатлар тўқнашуви ҳуқуққа хилоф ҳаракатнинг оқибати эмас, балки сабаби бўлиб ҳисобланади, бу эса манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликни белгилашни истисно этади.[6]

Шундай қилиб, манфаатлар тўқнашувига юридик конфликт эмас, балки унга ишора сифатида қараш мумкин.  Шундан  келиб чиқиб ҳозирги кунда ҳуқуқ фанида манфаатлар тўқнашуви йўналишини алоҳида шакллантириш зарурияти мавжуд.  Чунки, бу йўналиш умумий ҳуқуқ назарияси, шунингдек юридик фанларнинг фуқаролик ҳуқуқи, процессуал ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ назарияси тармоқлари доирасида ҳам ажратиб кўриб чиқилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасида “Манфаатлар тўқнашуви бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда унинг шахсий манфаатдорлиги билан давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятдир, шунингдек афилланганликнинг мавжуд бўлишидир...”, – дейилган.

Шу сабабли, давлат харидларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида иштирокчиларга шартномаларни тузишда қўйиладиган талаблардан бири манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳисобланади.

Қонунчиликка кўра, харид иштирокчилари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда бошқа  харид субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказадиган ҳамда ушбу ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларни чеклайдиган ҳар қандай манфаатлар тўқнашуви кўринишларининг олдини олиши шарт.

Молия билан боғлиқ барча соҳаларда манфаатлар тўқнашуви энг катта коррупция омилларидан бири бўлиб, давлат харидлари ҳам бундан мустасно эмас. Бу харидларнинг ҳар қандай тарафлари (буюртмачи, буюртмачининг вакиллари, ваколатли орган, буюртмачи комиссияси аъзолари, харид иштирокчилари - умуман олганда, қандайдир тарзда таъсир кўрсатадиган барча кишилар) шахсий ва ишбилармонлик манфаатлари нуқтаи назаридан давлат харидларининг асосий тамойилига - соғлом рақобатни сақлашга халақит беради.

Бундай муносабатлар тўғри ёки ён шажара бўйича қариндошликда вужудга келиши мумкин.[7]

Масалан, маҳсулот етказиб берувчи ташкилот директори ўз укасининг ўғли, туман ҳокими ўринбосари билан келишиб, кейинги кимошди савдосида айнан унинг ташкилоти ғолиб бўлишига келишади.

Дунёнинг бир қатор ривожланган мамлакатлари, хусусан Белгия, Испания, Латвия, Малта, Голландия, Португалия, Франция каби давлатлар қонунларида манфаатлар тўқнашуви мустақил жиноят сифатида талқин этилади.[8] 

Кўпгина Европа мамлакатларида манфаатлар тўқнашуви тушунчаси ва унинг олдини олиш механизмлари давлат хизмати тўғрисидаги умумий қонунлар билан белгиланади. Масалан, Полшада “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат функцияларини бажарувчи шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишни чеклаш тўғрисида”ги қонунлар, Австрияда “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун ва Жиноят кодекси,  Исландияда “Давлат бошқаруви тўғрисида” қонун ва Грецияда “Давлат хизмати тўғрисида” кодекс. Шу билан бирга, Шарқий Европанинг баъзи давлатларида ва постсовет мамлакатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинган (Сербия, Хорватия, Латвия, Литва, Молдова, Қирғизистон).[9]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон қарорига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши назарда тутилган.[10]

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра, қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.[11]

Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунида мазкур  ҳуқуқий ҳужжатга  мувофиқ бўлмаган битим (шартнома) лар бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига оид меъёр назарда тутилган.

Бироқ, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги учун ҳуқуқий оқибатлар назарда тутилмаган. Манфаатлар тўқнашуви коррупциянинг асосларидан бири сифатида унинг оқибатларининг моддий қонунчиликда ҳақиқий эмаслигига оид нормаларни белгилаш лозим.

Қайд этиш лозимки, манфаатлар тўқнашуви натижасида тузилган битим қонунда назарда тутилган чеклов талабларини бузади, яъни оммавий манфаатларга таъсир кўрсатади.

Назаримизда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори билан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги натижасида тузилган битим, агар унинг тузилиши иштирокчиларига зарар етказган бўлса ёки етказиши мумкин бўлса ёки улар учун бошқа ноқулай шартлар асосида тузилганлиги исботланмаса ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмаслигига оид тушунтириш бериш лозим.

Шартномани ижро этиш жараёнида маҳсулот етказиб берувчига манфаатлар тўқнашуви  ҳолати аён бўлса у шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақли. Қонунчиликда бунга чекловлар мавжуд эмас.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-модда учинчи қисми, 34-моддаси биринчи қисми 3-банди, 38-моддаси биринчи қисми 2-банди, 39-модда, 40-модда биринчи қисми 3-бандларида давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги шартлиги белгиланган бўлса-да, ушбу қоидаларга амал қилинмай манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи тартибга солинмаган.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддасида ҳам манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги, бунга амал қилмаган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиб тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи белгиланмаган.

Шу сабабли, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига ушбу Қонун талабларини бузиш натижасида тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига оид норманинг  киритилиши манфаатлар тўқнашувини олдини олишга хизмат қилади.

Маликахон Каландарова,

Судьялар олий кенгаши аъзоси,

юридик фанлар номзоди, доцент



[1] https://ach.gov.uz/uz/lists/view/207

[2] https://anticorruption.uz/uzc/item/2022/03/10/agentlikning-2021-jildagi-faoliyati-natizhalariga-bagishlangan-matbuot-anzhumani-bolib-otdi

[3] Васенин В. А. Противодействие коррупции в сфере закупок для государственных и муниципальных нужд // Законность. 2017. № 9. С. 17-21.

[4] Дедов Д. И. Конфликт интересов: монография. М.: Волтерс Клувер, 2004. 288 с.

[5]Корпоративное право / Под ред. И.С. Шит-киной. — М., 2009. — С. 287.

[6] Дедов Д.И. Конфликт интересов. — М., 2004. —С.5

[7]Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига кўра, болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.

[8] Bryn Williams-Jones. A Procedure for Managing Conflict of Interest When Forming Thesis Juries P.15

[9] АхметовА Н. Конфликт интересов на государственной службе. Власть. 2013. №12. –С. 124.

[10] Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2021 й., 07/21/5177/0644-сон

[11] https://lex.uz/docs/111189

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech