Инсоннинг азизлиги - садоқатида, қадри эса ўз Ватанидадир!
Инсоннинг табиати қизиқда, агар бошига иш тушса, ҳал қилиш йўлини қидиради, меҳнат қилади, вазиятдан ақл билан чиқишга уринади, ҳаттоки ечимни у-бу кимдан ёрдам сўрайди. Бундай вазиятдан ўзи каби бошқалар ҳам зиён кўришини истамайди.
Аммо шундай табиатли инсонлар ҳам борки, уларнинг бошига иш тушса, масалани ечишга ҳаракат қилмай, аксинча, нолийди, ўзини оқлайди, бунда кимнидир айблайди, қисқаси, охир оқибат бу тоифа кишилар худбинликка асир бўлиб, унинг домига тушади.
Юқоридаги жумлаларнинг асл муддаосига кейинроқ тўхталамиз. Энди эса мавзуга қайтсак, шу аёнки, садоқат, деганда ҳар биримиз деярли бир тушунчани англаймиз.
Албатта, шу он кўз ўнгимизда Ватан, юрт, ота-она, оила, ёр ва яқинлар ёки шу Ватан, халқ, миллат, ўз севган тушунчалари ва яқин кишилари келажаги учун жон фидо қилган аждодларимиз гавдаланади.
Бежиз эмаски, садоқат сўзини Ватан, юрт, ота-она, оила, яқинларга, дўстга, касбга ва бошқаларга доим қўшиб ишлатамиз.
Ҳақиқат шундаки, бугунги шиддатли давр талабида ҳар бир давлатнинг мустаҳкамлиги ва унинг аҳолиси ўртасида ўзаро ишонч бардавом ҳукм суриши учун энг аввало, садоқат сув ва ҳаводек зарур, асло газ ва электрдек эмас.
Ҳар қандай қийинчилик, камчилик ва хатолар биз билган садоқатга рахна солмаслиги лозим...
Демак, ҳар бир қозида ҳам мансаб, мартабасига садоқат бирламчи бўлмаслиги, бил акс, адолатга, қонунга ва албатта ўз халқи, Ватани ҳамда қасамёдига садоқати унинг дастуриламали бўлмоғи шарт.
Шу маънода, ҳар қандай даражадаги давлат органи, мансабдор ёки давлат фуқаролик хизматидаги барча-барча ўз хизмат фаолиятида доим биз учун қадриятга айланган садоқатга содиқ қолиши лозим.
Ушбу тушунчанинг нафақат давлат хизматчилари, балки, ҳар бир аҳоли вакили, ҳар қайси фуқародан ўз талаби бор, чунки Ватан, юрт, ота-она, оила, яқинларга, дўстга, касбга доим ҳамроҳ бўлиши керак бўлган садоқат, агар қай биримизда бўлмаса ёки унга риоя қилмасак, бизга четдан душман керак эмас, шунинг ўзи етарли бўлади.
Яқинда юз берган энергия таъминоти – электр, газ билан боғлиқ етишмовчиликлар, узилишлар у ёки бу соҳадаги ишлардан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган ғаразли гуруҳлар таъсирига халқимиз вакилларининг билиб-билмай қўшилиб қолиши, Ватанга, унинг тинчлиги, аҳолисининг бирлигига қарши фойдаланишга уринишлар ҳам афсуски, кузатилди.
Вазиятдан фойдаланиб, аҳоли ўртасида ишончсизлик кайфиятини уйғотишга зўр бериш, бу юртдан кетишни тарғиб қилиш, тинчлик, осойишталикка путур етказиш, вазиятни издан чиқаришга уриниш йўлида ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учради.
Аммо, бунга тўғри баҳо берилса, ҳолатлар қайсидир соҳа вакиллари томонидан йўл қўйилган камчилик бўлиб, буни англаш, ечимини топишга барчанинг сафарбарлиги энг мақбул ечим саналади ва ҳукумат томонидан шундай ҳам қилинмоқда.
Лекин, бундай муаммолардан Ватанга нисбатан «қурол» сифатида фойдаланиш, бу – хиёнат ва Ватанга нисбатан садоқатсизликдир.
Садоқат – эл фарзанди учун юрт бошига иш тушса билинади. У маълум тоифа аҳоли қатламига эмас, барчамизга тегишлидир. Чунки садоқат фаровон кунларда синалмайди. У муҳим дамларда яққол билинади, юзага чиқади. Садоқатнинг баҳоси ҳам, ўлчови ҳам айнан шундадир.
Шунинг учун ҳам садоқат, бу – жамиятда биз топган энг асосий қадриятлардан бўлиб, халқ, давлатнинг тараққиёт рамзи ҳамдир.
Садоқат йўқ жойда унинг ўрнига пойлаб тургандек ишончсизлик тезда етиб келади ва аҳоли ўртасида ўзаро масъулиятни йўқотишга ҳаракат қилади.
Шунинг учун ҳам садоқат – барча яхшиликларнинг боши ҳисобланади. У орқали кишилар бир-бирларига ишонадилар, ишончдан эса жамиятга файз киради, юрт кўкаради, давлат тараққий этади.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ёки жадид боболаримиз қандай кунларда тарихга муҳрланган. Албатта, улар юрт бошига иш тушганида, ўз халқи ва Ватанига муҳаббати, садоқати туфайли шундай шон-шарафларга эришди.
Шу боис ҳам бугун барчамиз садоқат, деганда Ватанни, Ватан деганда жон фидо аждодларимизни кўз олдимизга келтирамиз.
Бугун замон ва макон, давр ўзгарди, даврон ўзгарди, бугун садоқатни намоён этиш ё аксинча садоқатга хиёнат қилиш учун жангу-жадал, жон бериб жон олиш шарт эмас, чунки ахборот асрида яшаяпмиз. Ахборот – энг кучли қуролга айланган макондамиз...
Шундай экан, Ватанга қарши айтилган ҳар бир жумланинг юкини бутун вужудимиз билан ҳис этмоқликка масъулмиз.
Илло, ҳеч қандай қийинчилик ёки етишмовчилик Ватанга бўлган садоқатга таъсир этмаслиги керак. Шунинг учун ҳам садоқатнинг асл моҳияти аввал, Ватан кейин мен, деганидир.
Бир сўз билан айтганда, инсониятга инъом этилган энг эзгу қадрият ҳам айнан садоқатдир. У инсонни, Ватанни, халқни, ота-онани, ёрни, яқинларни, дўстни, касбу-корни, хуллас, эзгуликларни улуғлайди.
Инсоният тарихида юз берган ва берадиган, бериши мумкин бўлган энг оғир жиноят ҳам, бу – хиёнат, чунки у Ватан, халқ, ота-она, оила, ёр, яқинларга, дўстга, касбга қарши қаратилади. Балки шу асосда қонунларимизда ҳам хиёнат учун қаттиқ жазо белгилангандир.
Хуллас, таълим соҳасида – ўқитувчида, суд залида – қозида, соғлиқни сақлаш тизимида – шифокорда, иқтисодиётда ва ҳар қандай даражадаги давлат хизматчисида, умуман, барчада садоқат масъулияти бўлиши муҳим.
Юртдошларимизнинг Ватанга, қонунга ва бурчга садоқати доимо сафарбар, шай ҳолатда туриши – ахборот замонида юз бераётган айрим ҳодисалардан ўз вақтида хулоса чиқариб олишимизда асқатади.
Яна бир гап, инсоннинг азизлиги унинг садоқатида, унинг қадри эса ўз Ватанидадир.
Нуриддин Муродов,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси