М А Ш Қ

23 Февраль 2022 10:37 1296 Чоп этиш

М А Ш Қ

 “Машқ” сўзи машғулотнинг негизи. “Машқ” сўзи билан “такрорлаш” сўзи бир хил ҳаракатни ифодалайди. Инсоннинг (жонли мавжудоднинг аксариятида ҳам) сезги органларидаги такрорланишлар, кейинчалик хотира (инстинкт) бўлиб муҳрланади. Наслдан наслга ўтиб келадиган хотира, уқув каби табиий қувватлар  “туғма қобилият”  ёки “туғма талант”, шунингдек “истеьдод” деган ибора билан луғатга киритилган. “Туғма...”лар, тенг шароитдаги бошқа тенгқур даврдошларига қараганда бир мунча қулайлик ва  табиий имтиёзларга эгаликлари билан кўпинча муваффақиятларга эришадилар. Бироқ, вақтида такрорлаб, машқ қилиб турилмаса, ҳар қандай истеьдод ҳам сўниши, аксинча, машқ орқали насл-насабида алоҳида нуфузга эга эьтиборли шахс ўтмаган оддий одамдан ҳам ўша соҳа “чемпиони” чиқиши мумкин. Бошланғич синфда муаллимимиз бир шеьрни барчамизга ёдлатганини эслайман: “Биласизми жимит киши, Мумкин филни кўтариши, Агар жондан севган иши, Спорт бўлса”... ва мен шундай бўлишига ҳали-ҳануз ишонаман.

Ёш қартайган сари хотиранинг ,ҳатто у туғма бўлган тақдирда ҳам сусайиб бориши табиий ҳол дейишади. Дўхтирлар бу ҳолатга ҳам машқ қилиб туришни маслаҳат беришади, алламбало қиммат-қиммат дориларни тавсия қилишади. Имом домлалар ўзларининг амру-маьруфларида кўпроқ оят ёдлашга, беш вақт намоз ўқишга ундашади. Ҳаммаси тўғри ва жуда маьқул. Менда эса яна қўшимча бошқа бир маслаҳат бор. Ҳам оддий, ҳам арзон...

Бир куни телевизорда эски, оқ-қора ҳинд кинофильмини мароқ билан томоша қилдим. Фильм тугагач, чуқур хўрсиниқ билан ўрнимдан тураётганимда набирамнинг: “Бобожон, йиғлабсизми?” деган саволидан ўзимга келдим. Ҳа, мен ўзимда йўқ эдим - роппа-роса эллик беш йил ўтмишга қайтган эдим. Ишонинг, аниқ кўрдим ва тиниқ эшитдим, бўйи биздан салгина узун, ўзбекчани бузиброқ гапиргич, “Гена” исмли маллавой киночи болага ялиниб-ёлвориб қўра эшигидан киролмаганимиз, бодомча паридли девор устида ўтиришиб, қандай қийналиб кинони кўрганимиз, ўнг томонимда қайси, чап томонимда қайси жўрам ўтиргани-ю, кинолентанинг неча марта узилиб, Генани одамлар нима деб сўкишганлари, катта-матта таниш аёлларнинг девонадек бир йиғлаб, бир кулганлари шундоққина кўз олдимга келди.

Шунга ўхшаш яна бир бошқа ҳолат. Қишлоқдаги ҳовлимиз бузилганда, чердакдан эски-туски нарсалар олиб тушилибди. Ўшанда, менга онам раҳматли асраб авайлаб юрган, тахтадан ясалган  кичкина сандиқчани келтириб беришди. Унда менинг ўрта мактабда синфдошлар билан ёзишма кўринишида тутган хотира дафтарим ва армиядан уйга ёзган хатларим титилиб кетган бир альбомда сақланган экан. Альбом ва дафтарни варақлаб, хатларни бирма-бир ўқиб чиқиб, туйқус ўша даврга қайтиб қолганим ҳам менга ажабтовур туюлганди, ўшанда. Синфдошларим, полкдош жўраларимнинг исмлари, ҳатто, баьзиларининг фамилияларигача эсимга келди. Уларнинг  шўх қилиқлари кўз олдимда гавдаланиб, овозлари жаранглаб эшитилди ҳам.

Яқинда кутубхонамдан бир зарур китобни ахтараётиб, илкис қўлимга тушган Сулаймон Боқирғонийнинг  “Ҳикматлар”ини қайта варақлаганимда ҳам яна ўша ҳолатга тушдим. Китобни анча йил олдин ўқиб чиққанман. Юпқа муқовали нафисгина бу китобда улуғ шоирнинг “Меьрожнома”, ”Охир замон мухаммаси” каби ҳикматлари билан бирга “Биби Марям” номли достони ҳам чоп этилган. Тик турган ҳолда китобни кўздан кечира  бошладим, ва...

Майданакдан Қўға қишлоғи бўйлаб, Катта Ўра дарёсига энган жойда, ниҳоятда сўлим бир, “Кўкабулоқ” деган гўша бор. У ерда онамнинг укалари, амаки акалари - тоғамлар яшайди. Бешинчидан олтинчига кўчган вақтим. Ҳар йилгидек каникулни тоғда, бобомлар кўчиб чиққич яйловда ўтказиш, тоғаларимга ем-хашак, ўтин-чўп йиғиш ва мол-ҳолларига қарашиш учун Хўжаёр  бобомга эргашиб, икковимиз бир кўликка мингашиб кетаяпмиз. Бойқўрғон билан Кўкабулоқнинг ораси майда уловда чамаси тўрт соатлик  йўл. Бобом (раҳматликни бутун Катта Ўрада “Вали бува” дейишарди)  ғазалларни қўшиқ айтгандай хиргойи қилади: Раҳмон отлиғ раҳматингдан умидликман илоҳим, Қаҳҳор отлиғ қаҳрингдан қўрқинчликман илоҳим. Қул Сулаймон мунги бор, қайғу бирла юрар зор, Ёрлақағил ё Жаббор, жумла қулни илоҳим. Менинг тинимсиз саволларимга бобом эринмай жавоб беради. Фикримиз бир жойдан чиқмаган ҳолатлар кўп бўлади, барибир бобом мени яхши кўришини, бошқа набираларидан кўра, ҳатто ҳурмат қилишини ҳам сезар эдим, негаки, у киши, эшонбуванинг фарзандларини ҳисобга олмаганда, ёш болалардан биргина мени “сиз”лар эдилар. Момом ва У кишига қараб, уйда ота-онам ҳам шундай қилишарди. Балки, бунга, тщнғичлари бирин-кетин напойид бўлиб, омон қолганим ёки кўзимнинг ожизлиги касали билан уларни кўп қийнаб, овора қилганларим сабабдир.

Йўлнинг узоқлиги бобом билан узундан узун гурунгимизга, жумладан  ривоятлар, матал ва достонлар эшитишимга имконият яратди. Сўфи Оллоёрдан, Қул Аҳмаддан айтаяптилар. Икки марта такрорлаганларини мен ёдлаб олиб, ўзларига қайтариб айтиб, неча маротаба  “боракалло” эшитиб, роса мазза қилиб кетаяпман.

Ана, Ҳазрат Алининг оти - Дулдулнинг изи қолган Сангириза қояси остига келиб тўхтадик. Бобом эшакдан тушиб, дарё ёқасига бориб келдилар ва яккатут соясида номоз ўқий бошладилар.Мен эса ер билан битта бўлиб тўкилиб ётган катта-катта қора тутлардан тўйиб олдим. Қизиқ, бизнинг қишлоқда тут аллақачон пишиб, тугаб кетган. Бу ерда эса ҳали довуччалар ҳам бор.

Мана, каникуль тугаб, дарслар ҳам бошланди. Янги тайинланган синф раҳбаримиз ёзда ким қаерда бўлгани, қандай бадиий китоблар ўқигани билан қизиқаётир. Пионер лагерларида дам олган бойвачча синфдошлар, нима еб нима ичгани ва неча кило семиришганлари ҳақида мақтанишаётир. Ҳеч қаерга чиқмаган бечора қизлар эса оғизлари очилиб эшитииб ўтиришибди. Мен тоғда кечаси айиқ боласини қидириб келиб, ўтовнинг ирганаги ёнидан искаланиб ўтиб кетгани-ю бутун овул “Ҳай-ҳай”лаб чиққани ҳақида қўшиб чатиб гапираяпман. Кейин... ҳаммани ҳайратга солиб “Ўзимиздинг қишлоқдан чиққан Сулаймон Бойқўрғоний деган шоирнинг” шеърини ёддан айтиб бераяпман. Синф раҳбаримиз мутахассислиги бўйича тил-адабиёт фани ўқитувчиси экан, яқинда Қарши пединститутини томомлаб келибди, биз билмаган кўп шоир ва ёзувчиларни “шахсан” танирмиш. “Ўвв, тўхта-тўхта, қандай шоир, қанақа Бойқўрғоний, Сулаймон Боқирғоний, дейдилар уни. У шоир асли хоразмлик, ўн иккинчи асрда яшаган, диний мистик оқимда ижод қилган клерикал адабиёт вакили. Сўфи Оллоёр деганинг ҳам худди шундай. Сен бу шеьрларни қаердан топиб ўқидинг, ўзи? Мумкин эмас, мутлақо мумкин эмас...”

Бутун синф менга ачиниб қаради. Уларнинг ҳайрати ва раҳбарнинг важоҳатидан қўрқиб кетдим. Айиқ келган кечаси ҳам бунчалик бўлмаганди. Гунг бўлиб қолдим. Ахир, азиз бобомни, буважонимни буларга қандай “сотай?!”

Орадан йигирма йилча вақт ўтиб, манави китобчани сотиб олган куним, қандай ҳолатда ўқиб чиққаним ярқ этиб яна эсимга келди. Ҳазрат Навоий ўзидан қарийб уч юз олдин яшаб, соф туркий тилда шеърлар ёзган, қаландарлар зикрида ижоди равганларга айланиб кетган Сулаймон Боқирғоний ҳақида ўзининг “Насойим-ул муҳаббат”ида, ул зотнинг Ҳожа Аҳмад Яссавийга мурид бўлгани, эл ичида “Ҳаким Ота” номи билан танилгани, унинг турк дунёсида катта шуҳрат қозонган шоирлигини тавсиф этганлар. Мазкур сўфий шоирнинг илк китоб кўринишидаги асарлари мамлакатимиз истиқлолидан кейингина ойдинга чиқди. “Боқирғоний, кўнглида “шавқи илоҳий ва завқи илоҳий” туғён қилган мураббий. Унинг тафаккур кучини тўғри белгилаш - тахайюл сирларини кашф этиш демак. Маълумки, ҳар қандай дин ва чинакам мистиканинг асосида  “дунё ”ни тарк қилиш майллари мавжуд. Лекин бу - мавжуд оламга нафрат ёки бадбинлик ақидасини ифодаламайди. “Таркидунё”чилик, бу - руҳий машқ,  олам гўзалликларининг мутлақ моҳиятига етишиш тажрибаси”, - дея изоҳ беришади нашрга тайёрловчи мунаққидлар. Китобда Ул зот ҳаётидан бир неча ривоятлар ҳам келтирилган бўлиб, мана улардан бири: “…Сулаймон мадрасага қатнаганда бошқа болаларга ўхшаб “Қуръон”ни елкасига осмасдан икки кафтида кўтариб қадам босар, таҳсил тугагач, уйига етиб олгунича мадрасага орқа ўгирмаскан. Бир кун масжид ёнида ўтирган Аҳмад Яссавий бу ҳолни кўриб, ҳушидан кетганмиш. Шундан эьтиборан Хожа “Қуръон” ўқитмоққа Уни ёнига олибди. Ўн беш ёшга киргандан сўнг эса У Яссавийга мурид бўлган экан”.

Тасаввуф, дил поклиги ва Руҳ комиллигига ўргатадиган таьлимот, ундаги аксари фикрлар  Нафс, Ахлоқ, Руҳ ва Ишқ ҳақида дея,- таькидлашади уламолар. Жумладан, “Нафс: Еб-ичиб тун-кун қорин тўлдирибон, Ёстуқ узра такья қилиб ётойин дер. Руҳим айтур, кошки Ҳақдин тавфиқ бўлсам, Туни куни тинмайин ёдин айтсам, Қисматдин ортуқ таом емас бўлсам, Бу дунёни йиғиб териб нетойин дер.” дейди Ҳаким Ота ўз “Ҳикматлар”ида.

Мазкур китоб, ойдин хотираларимни қайта тиклади, бир зумга бўлса-да, болалигимнинг шириндан ширин дамларини ёдимга солди. Қачонлардир ўқилган китоблар такрор қараб чиқилса, инсонда хотира тикланишига ёрдам бериши мумкинлигига яна бир бор ишонтирди. Сиз ҳам, азиз ҳамкасб, ҳар хил баҳоналар билан ( кексалик, касаллик, олинган мия жароҳатлари ва ҳ.к. ) хотирангиздан нолимасдан, ўша болаликда ўқиган (агар, ўқиган бўлсангиз, албатта) китобларингизни қайта ўқиш йўли билан машқ қилинг ва хотирангизни янгиланг.

Мен кўп машқ қиламан. Бу китоб илгари ҳам каминага инжа илҳом берган ва  Вали бувамнинг руҳини шод этишга ундаган  эди, хусусан:

 

         Сулаймон Боқирғонийга тахмис

         Қодиро, қудратингдан тоатликман, илоҳим,

         Собир отлиғ сабрингдан соғинчликман, илоҳим,

         Ё Карим, карамингдан кўп бурчликман, илоҳим,

         Раҳмон отлиғ раҳмингдан умидликман, илоҳим,

         Қаҳҳор отлиғ қаҳрингдан қўрқинчликман, илоҳим.

 

         Қаҳринг қуюн, бўрондек, кўнглинг кўли Қуббондек,

         Меҳринг мавжи уммондек, тафтинг тўби тобондек,

         Сеҳринг сели алвондек, кун қиёмат бўлғондек,

         Қаловисиз карвондек, из йитурғон сарбондек,

         Қулман десам ёлғондек, қулим дегил, илоҳим.

 

         Кўганлагин тўзғонни, роҳ риштасин узғонни,

         Тариқатни бузғонни, ўзига чоҳ қозғонни,

         Барчасидан безғонни, борини ютқизғонни,

         Афв қилғил озғонни, йўлға солғил ёзғонни,

         Мендек йўлсиз кезғонни йўлға солғил, илоҳим

.

         Бу дунёнинг кунини, кўрмадим ҳеч чинини,

         На бўйлаюб бўйини, на энлаюб энини,

         Ичдим хуни-мунини, онгсармадим унини,

         Бўлдим қадр тўнини, солдим ғафлат тунини,

         Билдим қуллиқ йўлини, қабул қилғил, илоҳим.

 

         Ато эт Ҳақ васлини, машойих Дўст расмини,

         Тотуб дийдор завқини, туяй учмоҳ шавқини,

         Ўтуб дилга учқуни, тутай дарвеш машқини,

         Раҳмат дарё тошқуни, Ота Ҳизр тушғуни,

         Шибли ошиқ ишқини рўзи қилғил, илоҳим.

 

         Кўзда ёшим шашқатор, бир бандангман гуноҳкор,

         Кечмиш тунларим бедор, муножотда чор-ночор,

         Этма Ҳолимни абгор, Ўзинг қўлла, Биру бор,

         Қул Сулаймон мунги бор, қайғу бирла юрар зор,

         Ёрлақағил ё Жаббор, жумла қулни, илоҳим.

                                                                 Ҳол Муҳаммад ҲАСАН

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech