МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ: ҚОНУНЧИЛИК ВА АМАЛИЁТДАГИ МУАММОЛАР ТАҲЛИЛИ
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашда барча ҳуқуқ соҳалари қатори фуқаролик ҳуқуқининг ҳам муҳим ўрни бор. Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқарога етказилган маънавий зарарнинг ўрнини пул шаклида қоплаш институти ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг энг муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.
Маънавий зарарни қоплашга оид нормалар фуқаролик қонунчилигига мамлакатимиз мустақиллиги қўлга киритганидан сўнг киритилган бўлиб, унга қадар қонун маънавий зарарни ундиришликни кўзда тутмаган. Буни эса оддий бир ҳолат билан, яъни фуқаронинг шахси шу даражада “юксак” ҳисобланганки, бу шахсга етказилган маънавий зарарни пул билан баҳолаш асло мумкин эмаслиги билан асослашга ҳаракат қилиб келинган.
Бугунги кунда мафкура, сиёсат, ҳуқуқ кабиларга нисбатан қарашлар, нафақат қарашлар балки устқурма сифатида уларнинг туб моҳияти тубдан ўзгариб бориши баробарида бу соҳада моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларни янада такомиллаштириш мақсадида ривожланган давлатларнинг қонунчилиги ўрганилиб, умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплар миллий қонунчилигимизга сингдирилиб, амалдаги қонун ҳужжатларида етказилган руҳий ва жисмоний азоблар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик белгиланди.
Биргина 2021 йилда фуқаролик ишлар бўйича судлар томонидан 4028 та иш кўрилган бўлса, 2022 биринчи чорагида 823 тамаънавий зарарни ундиришга оид ишлар кўриб чиқиб ҳал этилган. Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар бу борада ягона суд амалиёти шаклланишига эришилмади. Бу соҳадаги қонун ҳужжатлари ва суд амалиётини ўрганиш шундан далолат бермоқдаки, маънавий зарарни ундиришни тартибга солишга қаратилган нормаларнинг такомилига етказилмаганлиги, қолаверса амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларни турли хил талқин қилиниши оқибатида амалиётда қатор муаммоли масалалар юзага келмоқда.
Айниқса, маънавий зарар миқдорини аниқлаш суд амалиётида учраб турадиган мунозарали масалалардан биридир, чунки уни аниқлашда мавжуд нормаларни қўллаш амалиёти ҳар хил. Маънавий зарар миқдорини белгилаш борасидаги суд амалиётини кўрадиган бўлсак, судлар томонидан даъвогарлар такқдим этаётган даъво аризасида маънавий зарарни қоплашни сўраган миқдордан жуда кам миқдорда қаноатлантирилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бу жараёнга таъсир қиладиган омиллар тўғрисида гапирганда, айтиш мумкинки, бир тарафдан бу борадаги қонун ҳужжатлари такомиллашмаган, иккинчи тарафдан тегишли Олий суд Пленуми қарори қуйи судларга бу борада мукаммал тушунтириш бермаган. Шу сабабдан ҳам маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ ягона амалиёт шаклланмаган. Амалиётни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа бу борадаги қонун ҳужжатлари маънавий зарар тушунчасига таъриф бермайди, ҳатто Олий суд Пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш хақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2000 йил 28 апрелдаги 7-сон қарорида келтирилган таъриф ҳам мукаммал эмас. Пленум қарорига кўра, маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади. Ушбу тушунча маънавий зарар моҳиятини тўлиқ очиб бермаган. Унда “маънавий зарар”нинг иккита элементи назарда тутилган бўлиб, биринчиси, “маънавий”, иккинчиси “жисмоний” азоб тарзида ифодаланган. Фикримизча, таърифи ифодаланаётган “маънавий зарар” тушунчаси ўз ичига яна қайта “маънавий зарар”ни қамраб олмаслиги лозим. Шу сабабли тарифдаги “маънавий” сўзи “руҳий” деган сўз билан ифодаланиши зарур. Фикримизча Фуқаролик кодексининг маънавий зарарга оид 1021 ва 1022-моддалари бунга йўл қўймайди. Чунки, Фуқаролик кодексининг ўзи руҳий азоблар учун маънавий зарар ундиришни назарда тутмайди. Назарда тутмаслигининг сабаби Кодекснинг русча таҳрири 1022 –моддасидаги “нравственный” деган сўз “психическое” деб, ўзбекча таҳриридаги “маънавий” деган сўз “руҳий” деб ёзилиши лозим бўлган. Қарийб 30 йилга яқин вақт мобайнида амалда бўлиб келаётган Фуқаролик кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмаганлиги узоқ йиллардан бери руҳий зарар учун тўлов ундирилишига йўл бермайди.
Гарчи Олий суд Пленуми маънавий зарар, жумладан “яқин қариндошини йўқотиш (ўлими сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларни вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш...” натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкинлигини назарда тутсада, аммо юқоридаги ҳолатлар шахснинг “руҳий” изтиробларида ифодаланиши мумкинлигига тўхталмайди. Чунки, қонунларимизда “руҳий” азоблар натижасида ҳам маънавий зарар етказилиши мумкинлиги назарда тутилмаган.
Хорижий мамлакатлар айниқса МДҲ мамлакатлари қонунчилигида маънавий зарар айнан руҳий ва жисмоний азоблардан иборат эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Иккинчидан, юқоридаги Пленум қарорининг 9-бандида Жиноят процессуал кодексининг 57-моддасига мувофиқ жабрланувчи, яъни жиноят туфайли маънавий зарар кўрган фуқаро, жиноят иш юритилиши жараёнида маънавий зарарни қоплаш ҳақида фуқаролик даъвосини қўзғатиш ҳуқуқига эга деб кўрсатилган. Фикримизча, бу йўл билан муаммо ҳал бўлгани йўқ. Чунки, бу қоида Жиноят-процессуал кодексининг нормаларига зид ҳисобланади. Чунончи ушбу Кодекснинг 56-моддасига мувофиқ, жиноят, худди шунингдек ақли норасо шахснинг жамоат учун хавфли қилмиши шахсга, корхонага, муассасага ёки ташкилотга мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлса, улар фуқаровий даъвогар деб эътироф этилади. Шуниндек, Кодекснинг 277-моддасида фуқаровий даъво қўзғатилган ҳолларда содир этилган қилмиш оқибатида шахсга мулкий зиён етказилган деб ҳисобласа, уни фуқаровий даъвогар деб эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқариши белгиланган. Демак, фуқаровий даъвогар деб, мулкий зиён кўрган фуқаро тан олинади, холос. Етказилган маънавий зарарни фуқаролик даъво қўзғатиш йўли билан қоплаш имконияти мавжуд эмас.
Натижада, фуқаролар томонидан маънавий зиён ундириш бўйича алоҳида тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритишга тўғри келади, бу эса оворагарчилик, ортиқча харажатлар ва вақт сарфланишига олиб келади.
Жиноят Процессуал кодексининг 302-моддасида реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақланганлиги, ишда айбланувчи тариқасида жалб қилинганлиги туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилганлиги натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатларини бартараф этишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Жиноят процессуал кодексининг 309-моддасида эса, реабилитация қилинган фуқарога етказилган маънавий зиён оқибатларини бартараф қилиш тартиби белгиланган. Бундай ҳолларда, фуқарога етказилган маънавий зарар умумий фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда қопланади.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, Жиноят процессуал кодекси (57, 277, 290-моддалари)га жабрланувчига етказилган мулкий зарарни қоплаш имконияти берилганидек маънавий зарарни ҳам қоплаш имкониятини назарда тутувчи норма билан тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритилиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Учинчидан, айрим хорижий мамлакатлар қонунларида маънавий зарар фақат шахсий номулкий ҳуқуқларга дахл қилинганда, фақатгина қонунда назарда тутилган ҳоллардагина мулкий ҳуқуқларга дахл қилинганда ундирилиши назарда тутилган, аммо бизда ҳам шахсий, ҳам мулкий ҳуқуқ бузилганда маънавий зарарни талаб қилиш мумкин. Аммо, Олий суд Пленуми қарорининг 13-бандида “қарз шартномасидан келиб чиққан мажбурият, пул мажбурияти бўлиб, уни бажармаганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 327-моддасида белгиланганлиги сабабли қарз олувчининг шартнома бўйича мажбуриятни бузганлиги қарз берувчининг маънавий зарарни қоплаш ҳуқуқини истисно этади”, деб кўрсатилган. Савол туғилади, бошқа турдаги шартномаларни бажарилмаслик ёхуд лозим даражада бажарилмаганлик учун маънавий зарар талаб қилиш мумкин-ми? Пленум қарори бўйича, ҳа, мумкин. Пленум қарори билан янги норма яратишга “ҳаракат” қилинган. Аммо бу ҳам ўз самарасини бермаган. Фикримизча, ёндашув шундай бўлиши керак, маънавий зарар фақат шахсий ҳуқуқларга дахл қилинганда талаб қилиниши, мулкий ҳуқуқларга дахл қилинганда эса, фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина мумкин бўлмоғи керак.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 1022-моддаси маънавий зарарни асосан пул шаклида қопланишини назарда тутади. Аммо, мазкур қоидага зид равишда маънавий зарарни бошқа усулда қопланиши мумкинлигига оид нормаларни айрим қонун ҳужжатларида учратиш мумкин. Масалан, Меҳнат кодексининг 187-моддаси 2-қисмида маънавий зарар пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланишини кўзда тутади. Гап шундаки, маънавий зарарни қоплаш билан боғлиқ масалалар фуқаролик ҳуқуқининг предмети ҳисобланади. Шу боис бу масалага оид барча қоидалар фуқаролик кодекси принциплари ва қоидалари асосида шакллантирилиши лозим. Қолаверса, Меҳнат кодексининг 112-моддасида маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланиши назарда тутилган, аммо бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас, деб белгиланган. Ушбу тартиб судларнинг маънавий зарар миқдорини оқилоналик ва адолатлилик талабларига мувофиқ белгилашга тўсқинлик қилмасдан қолмайди.
Бешинчидан, қонун талабига кўра, миқдорни аниқлашда жабрланувчининг шахсий хусусиятлари инобатга олинмоғи лозим. Аммо бунга ҳар доим ҳам эътибор берилмайди. Миқдор бошқа шахсий хусусиятлар билан бир қаторда жабрланувчининг ҳиссиётига, жароҳатнинг даражасига, шахснинг жинси, жисмоний ривожланганлиги ва ўзи-ўзини баҳолашига ҳам боғлиқ бўлиши лозим. Ҳар бир фуқаронинг маънавий ва жисмоний азобга чидамлилик даражаси ҳам турлича бўлиши мумкинлигига эътибор берилиши лозим бўлади. Аммо қонун чиқарувчи маънавий зарарнинг қоплаш миқдорини аниқлашга фуқаронинг айнан қандай шахсий хусусиятлари таъсир қилишлигини аниқ кўрсатиб бермаган. Ҳозирги кунда жабрланувчига маънавий зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда унинг моддий ҳолатини ҳам эътиборга олиниши мумкинми ёки йўқлиги масаласи муаммоли бўлиб қолмоқда. Маънавият, одоб-ахлоқ тушунчалари чуқур миллий, фалсафий, сиёсий, ҳуқуқий ва амалий хусусиятларга эга эканлиги, бир халқ, бир миллат, бир жамият ва бир шахс учун мутлақо ёт бўлган ахлоқий мезонлар бошқа халқ, миллат ва шахс учун мутлақо зид бўлиши мумкин ва ҳ.к. Бу ҳолатларга Пленум қарори тегишли тушунтиришлар бериши лозим бўлади.
Олтинчидан, маънавий зарар фақатгина шахсий номулкий ҳуқуқлар ёки бошқа номоддий неъматларга дахл қилинганда етказилмасдан, балки айрим ҳолларда мутлоқ ҳуқуқлар бузилганда ҳам етказилиши мумкин (масалан, товар белгиси ғайриқонуний ўзлаштирилганда). Эсда тутиш лозимки, маънавий зарар фақат субъектив шахсий ҳуқуқлар бузилганда етказилади. Вафот этган инсоннинг шаъни, қадр-қимматига дахл қилинганда маънавий зарар етказиладими? Албатта, йўқ. Аммо субъектив ҳуқуқ соҳиби мавжуд бўлмаса ҳам субъектив ҳуқуқларга асос бўлган юридик фактлар мавжуд бўлган ҳолларда манфаатдор шахслар ўзларига, қолаверса жамият аъзоларига етказилган зарарни ундириш масаласини қўйишга ҳақли бўлиб ҳисобланадилар.
Еттинчидан, Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилиши белгиланган.
Ўз навбатида, Фуқаролик кодексининг 1022-моддасида маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори назарда тутилган бўлиб, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг ҳусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши назарда тутилган.
Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Гап шундаки, юридик шахслар жисмоний ва маънавий азобларни кечирмайди. Шу сабабли, қонунчиликда юридик шахслар фойдасига нисбатан маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоғи лозим.
Хулоса қилиб айтиш керакки, судлар томонидан маънавий зарарларни ундиришга оид ишларни кўришда ягона амалиётга таянилмаяти. Бунга юқоридаги омиллар ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Фикримизча буларни бартараф қилиш мақсадида қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш, хусусан “маънавий зарар” тушунчасининг аниқ ҳуқуқий таърифини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, юридик шахслар томонидан маънавий зарарни қопаш билан боғлиқ қоидаларни қонун ҳужжатларидан чиқариб ташлаш, маънавий зарарни қоплаш усуллари бўйича қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф қилиш, маънавий зарар моддий (пул миқдори ёки бошқа мол-мулк) ва номоддий (оммани олдида шахсан узр сўраш) усуллар билан ҳам қопланишини назарда тутиш, маънавий зиённи суд тартибидан ташқари, ўзаро келишув асосида ҳам қопланиши механизмини ишлаб чиқиш, жиноят процессуал кодексини фуқаровий даъвогар сифатида жиноят оқибатида маънавий зарар кўрган жисмоний шахсларни ҳам тан олишга қаратилган ўзгартишларни киритиш, судлар учун тавсиявий характерга эга бўлган маънавий зарарни қоплашда миқдорни аниқлаш бўйича услубиётни ишлаб чиқиш зарур.
Илҳом НАСРИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор