“Қози-ул-қуззот” қандай лавозим бўлган? “Ноиъбул-қози”-чи?

18 Май 2022 19:29 841 Чоп этиш

Ўрта асрлар тарихида Ислом дини тарқалган ўлкаларда қозилик маҳкамаларини тубдан ислоҳ қилиш жараёни аббосийлар (ҳукм. дав. 133-656/750-1258 йй.) билан боғланади.

Қозилик маҳкамаларини қайта такомиллаштириш борасида жорий этилган қатор амаллар ҳам мазкур ислоҳотлар сирасига киради.

Ҳорун ар-Рашид (ҳукм. дав. 170-193/786-808 йй.) даврига келиб, қозилик расмий-ҳуқуқий мақомга эга бўлди ва “Қози-ул-қуззот” лавозими таъсис этилди. Дастлаб, қози-ул-қуззот қозиликка тайинлаш мумкин бўлган номзодни ҳукмдорга тавсия этиш ваколатига эга бўлган бўлса-да, кейинчалик у қозиларни танлаш ва тайин этиш имко­нини тўлиқ қўлга киритди. Ушбу воқеа боис, қозилик маҳкамалари тизими тўла мустақилликка эришди.

Бу пайтда қози-ул-қуззотга мамлакатдаги қозилик маҳкамалари­ ни эркин бошқариш ваколати топширилган эди. Ибн Ҳалликоннинг таъкидлашича, мамлакат қози-ул-қуззоти Абу Юсуф биринчи бўлиб қозилар учун махсус кийим (униформа) жорий этади. Мазкур либос қора салла ва тайласон (либос устидан елкага ташлаб кийиладиган кенг ва узун кийим)дан иборат бўлган.

Қози-ул-қуззотнинг алоҳида девони бўлган. Унда ҳожиб, котиб, ҳукмларни арз қилувчи ва сақловчи мансабдор шахслар фаолият юритган.

 XIII асргача бўлган даврда қозилик маҳкамаларида қозидан ташқари қуйидаги лавозимдаги шахслар ҳам фаолият юритишган:

Ноиъбул-қози - қози ўринбосари бўлиб, маҳкама мажлисида қози иштирок этолмаган ҳолатларда унинг ўрнига вазифасини бажариб турадиган шахс. Бу ҳолатга манбаларда истихлоф деб таъриф беришган. Аббосийлар даврида “Қози-ул-қуззот” лавозими жорий этилгач, ҳеч бир қози қози-ул-қуззотнинг рухсатисиз истихлоф қилишга ҳақли бўлмаган.

Котибул-маҳкама. Унинг вазифасига, дастлаб, икки хусуматчи томон, гувоҳлар, қози гапларини ёзиб боришгина кирган эди. Аббосийлар даврига келиб котиблар, шунингдек, навбатда турган хусуматчилар даъвосини қозига олиб кириш ва уларни эшитиш, мусофир даъвоси ва кечиктириб бўлмас даъволарни тўғридан-тўғри қози олдига олиб кириш, ижро этилган ҳукмларни архивга тикиб бориш каби ишларни ҳам амалга оширган.

Ҳожиб, жилвоз ва шурта каби қўриқчилар қози ҳузурига келган даъвогарлар интизомини сақлаб турувчи ходимлар ҳисобланган. Булар, асосан, қози ҳузурига кириш, унинг олдида ўтириш каби ҳолатларда даъвогарлар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаганлар. Шу билан бирга, маҳкамадан ташқарида қози юклаган вазифаларни бажарганлар.

Соҳибул-масоъил. Унинг асосий вазифаси қозининг кўрилаётган иш бўйича билиши керак бўлган маълумотларини мукаммал тўплаб, унга етказиш бўлган. Мазкур маълумотлар, асосан, гувоҳлардан йиғиб олинган. Чунки қозилик маҳкамаси ишларида гувоҳларнинг гувоҳлик беришга ҳақлилик масаласи алоҳида аҳамиятга эга бўлган.

Қассом. Бу лавозим эгаси низолашилаётган мулкни тақсимлаш, ерларни бўлиб бериш ва шу каби тақсимлаш масалалари билан шуғулланган. Баъзи манбаларда у ҳассоб деб ҳам аталган.

Амин. Омонатни сақлаб берувчи масъулдир. Бу ваколат эгалари қозилар томонидан тайинланган. Улар, асосан, етим, боқувчисини йўқотган ва бедарак кетганлар молини ҳамда мерос мулкни сақлаб бериш мажбуриятини олганлар.

Хозин девонул-ҳукм - бу қозилик архиви ва ҳужжатларини сақловчи шахс бўлиб, уларга, асосан, қозига тегишли бўлган ҳужжатлар хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.

 

(“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобидан)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech