“РОСТ БИЛАН ЁЛҒОННИНГ ЎРТАСИ ТЎРТ ЭНЛИК”...

28 Март 2022 11:11 1155 Чоп этиш

16-17 ёшимда пахта даласига – чопиқ, ягана, ўтоқ қилишга борар эдик.

Ўшанда дугоналарим тушликда тамадди қилиш  учун ул-бул нарса солинган рўмолни белига боғлаб олишса, менинг белимдаги рўмолда Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” китоби бўларди.

Тушлик маҳали ҳамма ўтириб тамадди қилса, мен бир чеккага ўтиб, китоб ўқирдим. Сарвара исмли дугонам: “Вой-бў, бунча китоб ўқийсан? Олим бўлармидинг, кел, бизга қўшил”, - дерди.

Нуқул: “Олииимааахооонеей”, деб устимдан кулар эди.

Бу қочиримлар менга таъсир қилмасди. Китобдан кўз узолмасдим.

У мени ўз домига торган эди. Далага кетишда бироз чарчаб дам олгани ўтирсам ҳам дарров белимда боғланган китобни олиб, бир варағини бўлса ҳам, ўқиб олардим. Олинавериб, боғланавериб, ёзнинг иссиқ кунида китоб муқоваси бироз сийқаланиб ҳам қолувди... 

“Икки эшик ораси” мен мутолаа қилган китобларнинг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Аммо энг севиб ўқиган китобларимдан бири!

Ўқиган китобларимни қайта ўқийдиган одатим бор.

Ҳаммасини ҳам эмас. “Икки эшик ораси” кўнгилга урмайдиган китоб!

Мен унда ўзимни топганман. Атрофимдаги, менга таниш бўлган одамларни топганман. Персонажларнинг бари менга танишдек. Қишлоғимизда Мунаввар  ҳам бор эди, Музаффар, Ориф оқсоқол,  Шормурод, Раъно, ҳатто Умар “закунчи” ҳам.

 Доим керосин ҳиди келиб турадиган “Қора амма”ни ўқиганимда, Ўткир Ҳошимов менинг момомни кўриб ёзган бўлса керак, деб ўйлаганман.

Асардаги қаҳрамонларнинг ҳар бирини тушунасиз. Чунки уларнинг кечинмалари ўз тилида ҳикоя қилинган. Яхшиларининг ҳам, ёмонларининг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Улар кўнгилларидаги гапни фақат сизга айтаётгандек бўлади. Воқеалар гирдобидан чиқиб кетолмайсиз. Бирга яшайсиз.

Бир-бирини такрорламайдиган образлар орқали инсонлар тақдири, ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари, одамлар тақдирини ўзгартириб юборган   воыеалар, фожиелар ҳақида содда ва равон тилда ёзилган бу асар мазмуни ҳар қайси даврда долзарб бўлиб қолиши ҳам шунда.

Қалбида муҳаббат куртак отаётган ҳар бир ёш йигит-қиз бу асарни шунчаки ўқий олмайди.

Қалбида ёмонликка, урушга ва унинг асоратларига нисбатан нафрати бўлганлар ҳам бу асарни шунчаки ўқий олмайди.

Аслида асарнинг кульминацион нуқтаси икки севишган Мунаввар ва Музаффарнинг бир кўкракдан сут эмиб, ака-сингил бўлиб чиқиши. Лекин асарда худди шундай олий нуқта, хулоса қиладиган жойлар кўп, масалан, “Номаълум аскар Кимсан Ҳусанов ҳикояси”,  “Иккинчи босқич талабаси Музаффар Шомуродовнинг “Аммам кимсан акамни таниди” деган ҳикояси...

Бир сўз билан айтганда, асарда инсон ўз умри давомида яхшилик ёки ёмонлик йўлини танлаб яшаш имконига эгалиги ғояси маҳорат билан сингдирилган.

Рост билан ёлғоннинг ўртаси-тўрт энлик», деган гап бор, қизиқ, нега энди оз эмас, кўп эмас, тўрт энлик? Гап шундаки, кўз билан қулоқнинг ораси - тўрт энлик экан. Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон... Мақсад – шу”, - деб ёзади адибнинг ўзи.

Кўпинча бу китобни Ориф оқсоқолнинг ушбу сўзлари туфайли тез-тез қўлга оламан:  “Одамзод юз йил умр кўрадими, минг йилми барибир ўлгиси келмайди. Минг йил яшаган бир саҳоба “Эсиз-эсиз, у эшикдан кириб бу эшикдан чиқиб кетяпман”, деган экан. Шунақа болам... Ҳеч ким ўлишни ўйламайди. Аммо Худо одамзодга умрни ўлчаб беради. Шунақаликка шунақаку, одамнинг умри неча йил яшагани билан саналмайди... Бир хил одамлар бор: у эшикдан кириб, бу эшикдан чиқиб кетаётганда қўлидан келганча савобли иш қилади. Ҳаёт деган иморатга ақалли битта ғишт қўйиб кетади. Яна бир хиллари бор: ўша иморатдан ақалли битта ғишт ўғирлаб кетгиси келади. Ўғирлаб-ку, ҳеч қаёққа боролмайди, нариги эшикка борганда бари бир ташлаб кетади. Икки эшик орасида иморатни бузгани қолади...»

 

P.S. Дарвоқе, бир куни қишлоқдан “Бунча кўп китоб ўқийсан, олим бўлармидинг?” деб дакки берадиган дугонам қўнғироқ қилиб қолди:

“Шоира, мен хато қилган эканман, ўртоқ. Китоб ўқима дейиш ўрнига, сен билан бирга мен ҳам ўқишим керак экан. Ростдан ҳам китоб ўқишда ҳикмат кўп экан. Сенга ҳавасим келади. Болаларим ҳам сенга ўхшасин, деб орзу қиламан. Мендек қийналмасин...”.

Унинг самимий сўзларидан кўнглим яйрайди. Албатта китоб ўқиш керак, олим бўлиш учунгина эмас.... одамийликни сақлаб қолиш учун ҳам!

 

 

Шоира Эрметова

Фуқаролик ишлари бўйича

Чирчиқ туманлараро суди судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech