Судьялар одоб комиссияси қандай ваколатларга эга?

24 Ноябрь 2022 17:40 1008 Чоп этиш

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга одил судловнинг мустақиллигини, беғаразлигини ва лаёқатлилигини  таъминлаш орқали эришиши, бу фаолиятни олиб боришда судьялар “Судьялар одоби кодекси”да белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиши белгилаб берилган.      

Суд тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 19 январдаги 1657-сонли қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисида” Низоми тасдиқланган.

Мазкур Низом 6 та боб, 39 та моддадан иборат бўлиб, унда комиссия фаолияти бўйича умумий қоидалар, уни тузиш тартиби, мурожаатларни кўриб чиқиш асослари ва тартиби, комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ишни ташкил этиш ва якуний қоидаларни ўз ичига олган.

Судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақида Судьялар олий кенгаши, Олий малака ҳайъати ёки қуйи судлар судьялари малака ҳайъатларига келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва оммавий ахборот воситалари ва бошқа расмий манбаларда эълон қилинган маълумотлар Комиссия томонидан судьяга нисбатан масалани ўрганишга асос бўлиши;

Судьялар олий кенгаши раиси, Олий суд раиси, вилоят судлари раислари ҳам судьянинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) Судьялар одоби кодексига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш учун Комиссияга тақдимнома киритиши;

Судья маълум бир ҳаракатнинг Судьялар одоби кодекси қоидаларига мувофиқлик аниқлик киритиш борасида, шунингдек асоссиз маълумот тарқатилиши натижасида судьялик шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказилгани ёки дахлсизлиги бузилган деб ҳисобланган ҳолларда, бевосита мазкур Комиссияга мурожаат қилишлари мумкинлиги белгиланган.

Юқоридаги Низом асосида Фарғона вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ҳамда Фарғона вилоят ва туманлараро маъмурий судлари судьялари 2022 йил 2 февралда бўлиб ўтган конференциясида Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси тузилган.

Мазкур комиссия суд фахрийлари ҳамда суд тизимида узоқ йилларда буён самарали фаолият олиб бораётган судьялардан иборат 5 кишилик таркибда фаолият юритмоқда.

Ўтган давр мобайнида Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан Фарғона вилоят Судьялар одоб комиссиясига
2 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқиш учун йўналтирилган.

Ушбу мурожаатлар туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари бўйича келиб тушган бўлиб, аризалар асосида комиссия томонидан текшириш ўтказилган ва текшириш натижаларига кўра судьянинг ишни кўриб чиқишдаги хатти-ҳаракатлари Судьяларнинг одоб кодекси қоидаларига мувофиқ деб топилганлиги ҳақида хулоса қилинган.

Комиссия раиси ва аъзолари томонидан доимий равишда “Судьялар одоби кодекси”да белгиланган – ҳар бир судьянинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари, оммавий ахборот воситаларида судьяларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тарқалиши натижасида судлар ва судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлишига олиб келадиган ҳолатлар вужудга келганда қонун ҳужжатларида назарда тутилган усулларда муносабат билдирилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш бериб келинмоқда.

Шерзод ТОШМИРЗАЕВ,

Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати

ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси аъзоси.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech