Судьяларни танлаш, тайинлаш тартиблари - АҚШ

11 Август 2022 11:01 1458 Чоп этиш

Маълумки, судьянинг мустақиллиги — бу унинг фақат қонунга бўйсунган ҳолда, бирор-бир аралашув ёки босимларсиз мустақил ҳолда одил судлов фаолиятини амалга оширишидир.

Шу маънода 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўз­бекистоннинг тараққиёт стратегиясида еттита устувор йў­налишдан бирида айнан судларни мустақиллигини таъминлашга қаратилган алоҳида мақсад белгилаб олингани эътиборга молик.

Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судья­ларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда уларнинг фаолиятига ҳар қандай таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш назарда тутилган.

Судьянинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши Конс­титу­ция даражасида кафолатланишининг асосий сабабларидан бири — суд ҳо­ки­мия­ти­га бош­қа ҳеч қайси ор­ган ваколатига тааллуқли бўл­маган одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилгани билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаё­тида, фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳа­мияти беқиёс.

Судьянинг мустақиллиги одил судлов фаолиятини амалга оширишнинг шаффофлигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади.

Айниқса, бу борада тараққий этган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Масалан, АҚШ суд тизими одил судловни амалга оширишда судьянинг фаолиятига аралашмаслик ва мустақиллик принципини амалда таъминлашнинг ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради.

Бугунги кунда АҚШ демо­к­ра­тик принципларга асосланган суд тизимини ташкил этиш ҳамда одил судлов фаолиятини амалга ошириш борасида дунёнинг энг илғор давлатларидан бири саналади.

Америка ҳуқуқ мактаби анъаналарига мувофиқ, мамлакатда амалда бўлган қонун чиқарувчи, ижроия, маъмурий, суд ва бошқа органлар улкан, сертармоқ ва ўта мураккаб тизимга эга. Улар АҚШ Конститу­ция­­си асосида фаолият юритади.

АҚШ суд тизими давлатнинг федератив хусусиятини ўзида акс эттириб, федерал судларнинг ягона тизими билан бирга, штатларда мус­тақил суд тизими ҳам фаолият юритади. Фуқаролик ва жи­ноят­ ишларининг асосий қисми штат судлари томонидан, фуқароларнинг федерал ҳукуматга нисбатан ва чет эл давлатлари фуқаролари ўр­тасидаги, шунингдек, миқдори 10 минг доллардан ошадиган даъволар федерал судлар томонидан кўриб чиқилади.

АҚШ федерал суд тизимида тўртта асосий маъмурий бошқарма мавжуд. Улар суд тизимини маъмурий жиҳатдан бош­қаришга масъул бў­либ, мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Суд мажлиси деб аталган бошқарманинг таркиби фақат судьялардан ташкил топган ва у федерал суд ҳо­кимия­тининг фаолият йўналишини белгилаб беради. Олий суд раиси бир вақтнинг ўзида Суд мажлиси бошқармасининг ҳам раҳбари ҳисобланади. Унинг аъзолари АҚШдаги 13 та минтақавий апелляция суди раислари ва 94 та федерал туман судининг вакилларидан иборат.

Маъмурий бошқарма АҚШ Суд мажлиси бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган қа­рорларни амалга оширади. У судларнинг ҳар кунги фаолиятини, яъни судларнинг кадрлар ва ёрдамчи техник ходимлар, маблағ, жиҳоз ва иш юритиш материаллари билан таъминланиши учун масъулдир.

Федерал суд маркази судьялар ва суд техник ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш учун масъул.

13 та минтақавий апелляция суди қошида фаолият юритадиган Минтақавий суд кенгашлари ўз ҳудудий юрисдикцияси доирасида ҳудудлардаги судларни бошқаришга масъул ҳисобланади.

АҚШ суд тизимида Олий суд муҳим ўрин тутади. У Конс­ти­туциявий назорат органи вазифасини бажарган ҳолда Конгресс акти, штат қонуни ёки ҳар қандай суд қарорлари Конс­титуция нормаларига зид келган тақдирда уларни бекор қилиш ҳуқуқига эга. АҚШ Олий судининг асосий вазифаларидан яна бири икки ёки ундан ортиқ штат ўр­тасидаги низоларни биринчи инстанция бўйича кўриб чиқишдан иборатдир.

Федерал суд тизими таркибига апелляция, округ ва махсус судлар киради. Мамлакатда 11 та апелляция округи ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 23 нафар судьяси бўлган апелляция судлари мажлис ўтказади.

Бундан ташқари 1982 йилда федерация миқёсида юрисдикцияга эга бўлган АҚШ Апелляция суди ташкил этилган бўлиб, у божхона, патент ишла­ри ва даъволар бўйича ши­коят­ларни кўриб чиқади. Апелляция судлари округ судларининг ҳукм ва қарорлари, штатлар маъмурий органларининг қарорларига нисбатан киритилган шикоятларни ҳам кўриб чиқиб, ҳал қилади.

Округ судлари штатлар ҳу­дудида ташкил этилади ва федерал судлар ваколатига те­гишли асосий ишларни кўради. Бундан ташқари мамлакатнинг йирик шаҳарларида ҳам бир неча округ судлари фаолият юритади. Мамлакатда 95 та округ су­ди мавжуд.

АҚШ суд тизимининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, умумий юрисдикция судлари билан бир вақтда ихтисослашган судлар ҳам фаолият юритади. Улар томонидан фақат маълум тоифадаги ишларгина кўриб чиқилади.

Масалан, ташқи савдо бўйича суд тўққиз нафар судьядан иборат таркибда иш юритади. Улар якка тартибда қарор чиқариши мумкин. Қолаверса, улар суд қароргоҳи жойлашган Нью-Йорк шаҳрида ёхуд зарур ҳолларда АҚШнинг бошқа порт ша­ҳарларидан бирида иш кў­риш ваколатига эга.

Солиқ суди эса, федерал со­лиқлар миқдорини белгилаш ва уларни тўлаш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади.

Таъкидлаш жоизки, АҚШда судьялик лавозимига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш борасида белгиланган тартиб ва амалиёт судлар мустақиллигини таъминлашда ҳал қи­лувчи аҳамиятга эга. Президент ва Конгресс судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш ҳамда тасдиқлашда муҳим ўрин тутади. Масалан, АҚШ Олий судида бўш ўринлар пайдо бўлса, Президент уларни тўлдириш учун ном­зодларни танлаб, уларни Олий Суд судьяси лавозимига тайинлайди ва тасдиқдан ўтказиш учун Сенатга юборади.

Мазкур номзодни Сенат қа­бул қилиши, тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин. Бунинг учун Сенат номзодларнинг тавсифномаларини, судьялик қоби­лия­ти, касбий маҳорати, ҳатто суд тўғрисидаги фалсафий қарашларини ҳар томонлама ўрганиб чиқади ва ўз мажли­си­да муҳокама қилади.

Шу билан бирга Федерал Апелляция ва туман судларининг судьялари ҳам Президент томонидан Сенатга тавсия қилинади. Номзод Сенат томонидан худди шу тарзда тасдиқланади.

Штат судларида судьялик лавозимига тайинлаш турли қои­далар асосида ўтказилади. Аксарият штатларда олий суд ва апелляция судлари судьялари штат губернатори томонидан (Сенат ёки штатнинг бошқа қонун чиқарувчи органи розилиги билан) 6-15 йил муддатга, кў­пинча такроран тайинланиш ҳу­қуқи билан тайинланади.

АҚШнинг айрим штатларидаги қуйи турувчи суд инстанциялари судьялари ҳам худди шу тартибда ўз лавозимларини эгаллайди. Лекин штатлардаги кўпчилик судьялар аҳо­­ли томонидан сайлов кампаниялари давомида сайланиши каби тартиб ҳам мавжуд.

Бундай тизим сиртдан демократик кўринса-да, кўпинча бу жараёнда номзодларни қўлловчи бир-бирига рақиб сиё­сий партияларнинг манфаатлари би­ринчи ўринга чиқиб қолади. Касбий ва шахсий сифатлар эса, иккинчи даражага тушиб, эътибордан четдан қолади. Шу сабабли бу тизим АҚШда ҳақ­ли равишда танқидга учрамоқда. Натижада кўпгина штатларда сўнгги ўн йилликлар давомида судьялик лавозимини эгаллаш тизимининг муқобил йўллари ишлаб чиқилмоқда.

АҚШ Федерал суд тизимида судьялар умрбод ўз лавозимларига тайинланади. Бу ҳолат судьялар ишининг бар­қарорлиги ва сиёсий таъсирдан ҳимояланишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Судьяларни вазифасидан четлатишнинг жуда ҳам мукаммал тартиби амал қилади. Бунда федерал суд тизимида фао­лият кўрсатаётган судьяни ўз лавозимидан озод қи­лиш учун унга нисбатан ишончсизлик билдириш механизми, яъни импичмент институти қўлланилади.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ­­­да суд ҳокимияти мустақиллиги амалда таъминлангани одил судлов фаолиятини амалга оширишнинг асоси бў­либ хизмат қилмоқда. Демократик тамойилларга асосланган бу тажрибанинг афзал жиҳатларидан мамлакатимиз суд амалиётида фойдаланиш шахс ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга ёр­дам бериши аниқ.

Нурали Қурбонов,

Тошкент вилояти

суди судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech