Судьялик одоби маъруза тинглаш билангина эгалланмайди
Маълумки, 14 ноябрь куни Президентимиз одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масала сифатида мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, қонунийлик ва адолатни таъминлашга оид чоралар муҳокама қилинди.
Адолат ҳақида ўйламаган, уни қўмсамаган, адолатли бўлишни истамаган инсон бўлмаса керак. Ҳар инсоннинг умрида, ҳар кўнгилнинг тўрида бу сўзнинг салмоғи бор. Ўзгага яхшилик қилишнинг ҳам, чин дилдан кўмак беришнинг ҳам замирида адолат туйғуси яшириндир.
Инсониятнинг ҳаётбахш принципига айланиб улгурган бу сўзнинг қудратини юрак-юракдан ҳис қилиш учун адолат тарафида турмоқ, одилликни бошдан кечирмоқ керак. Бировнинг адолатли бўлганини билиш бошқа, ўз шижоатинг билан адолатли қарор қабул қилиш бошқа.
Адолатни, фақат адолатни истайдиган даргоҳга яққол мисол –суддир. Айнан судда ҳар бир қадам адолатга эш бўлмоғи, ҳар бир сўз адолатга йўғрилмоғи керак. Бир сония бўлса-да, адолатдан чекиниш суднинг обрўсини тўкади. Эҳтимол, айнан шу сабабли суд жараёни одил судлов деб улуғланади. Балки айнан шу сабабли дунёнинг ярмини бошқарган бобомиз Амир Темур “Куч -адолатда” деб эътироф этгандир.
Одил судловни амалга ошириш, адолатли қарорни таъминлаш кечаги куннинг ҳам, бугуннинг ҳам, эртанги куннинг ҳам энг муҳим шартидир. Зеро, тарозини тенг тутмаган жамиятнинг ҳаёти фаровон, адолатга таянмаган давлатнинг халқи буюк бўлмайди.
Айниқса, адолат тарозисининг паллаларидаги ўзгаришлар “электрон дунё” деб аталувчи бугунги кунда дарров сезилади. Ёмон хабар тез тарқалади, деганидек, одил судловда содир бўлган битта хатолик шу сониянинг ўзида интернет оламида “шов-шув”га айланади. Гўёки, суд залларида мисқоллаб йиғилган обрў ботмонлаб сочилиб кетади.
Обрўни тиклаш мумкиндир, аммо асл мазмун шундаки, адолатсиз қарор туфайли қайсидир бир қалб ноҳақ озор чекади, не-не улуғ орзу-умидлар билан иш бошлаган тадбиркорнинг ҳафсаласи пир бўлади ёки камида олтинга тенг вақтини ишбилармонликка эмас, суд остонасида ўзи истаган одилликни излашга сарфлайди.
Маълумки, мантиқ фанидаги энг муҳим тушунчалар чин ёки ёлғондир. Бир қараганда, буни англаш осондек туюлади. Бироқ чинни ёлғондан ажратиш мушкул иш. Судларда эса бу тушунчалар – ҳақ-ноҳақ, қонуний-ноқонуний каби кўринишларда намоён бўлади.
Низонинг ечими қонунда аниқ кўрсатилган ҳолларда ҳақни ноҳақдан ажратиш қийин эмас, судьянинг кўнгли ҳақни истаса, ноҳақликка интилмаса, бўлди, адолат қарор топади.
Бироқ қонуннинг ўзида мавҳумлик бўлса, иш чигаллашади. Бундай ҳолларда одил судловни таъминлаш одатда судьянинг билимига, аксарият ҳолларда, унинг виждони поклигига боғлиқ бўлиб қолиши тайин.
Сезилаётган бўлса, адолатнинг қарор топиши, одил судловнинг таъминланиши судьяга, судьянинг билими ва пок виждонли бўлишига бориб тақалаяпти. Айнан шу сабабли виждони пок судьяни шакллантириш бугунги ислоҳотларга, таъбир жоиз бўлса, янги Ўзбекистон суд тизимига нисбатан қўйилган энг катта талабдир.
Суд тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда судьяларни тайёрлаш ва танлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судьялар Олий Кенгаши деб аталувчи янги тузилма яратилиб, нафақат мустақиллиги, балки ўзининг виждон амрига қараб якуний хулоса чиқарувчи бенуқсон касб эгаси ҳисобланмиш судьяларни шакллантиришга масъул этиб белгиланган.
Мана қарийб уч ойдирки, ушбу даргоҳнинг синовидамиз. Синовга бардош бериш осон бўлмаяпти. Гап шундаки, мазкур масканда фақатгина таълимга эмас, балки тарбияга ҳам алоҳида урғу берилмоқда.
Шу сабабли қонунчилик бўйича ташкил этилаётган танловлар, турли йўналишдаги тестлар, бири-биридан мураккаб имтиҳон савол-жавоблари бир томон, судьяликка талабгорларнинг ички дунёқарашини, уларнинг кўнглини покликка йўналтириш, судьяга, фақатгина судьяга хос бўлган одоб-ахлоққа муносиб бўлишга ўргатиш бир томон бўлмоқда.
Дастурларнинг таълимга оид қисмини бажариш нисбатан осондек, чунки барча олий маълумотли мутахассис, юридик соҳада деярли ўн-ўн беш йиллик амалий тажрибага эга. Қонунлардаги айрим янги ўзгаришлар ҳисобга олинмаса, қолган барчаси таниш. Бироқ судьялик одобини фақатгина кетма-кет маъруза тинглаш билан эгаллаб бўлмайди. Бу қоидаларни ўрганишнинг ўзи етарли эмас, ҳар бир талабгор судьялик одобини, яъни тинимсиз меҳнат ҳамда ўзининг ички туйғусини бир маромда бошқара олиш санъатини ўзининг қалбига сингдириши лозим.
Маълумки, икки паллали тарози одил судловнинг рамзий белгиси сифатида қўлланилади. Одатда, тарозу паллалари муайян низонинг тарафларига, яъни даъвогар ва жавобгарга қиёсланади. Қонун тўғри қўлланилса, тарози тенглашади, деб айтилади.
Судьялар олий мактабидаги таҳсил ушбу рамзий тарозига янгича тасаввурни уйғотди. Назаримда, тарозини низо иштирокчиси эмас, судьяга қиёслаган маъқул. Унинг паллаларига эса даъвогар ва жавобгар эмас, гўёки, судьянинг билими ва виждони юкланган. Судья билимли бўлса, қонунийликни таъминласа ва пок виждонли бўлса, яъни адолатни қарор топдира олса, тарози паллалари тенг бўлади. Судья билимли ва нопок бўлса ёки билимсиз бўлса-да, покликка интилса, тарози асло тенг турмайди.
Рамзий тарозига ушбу нисбатни Президентимизнинг “Судьяларнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса поклик устувор бўлиши лозим”, деган ҳикматли ўгити ҳам тўлиқ тасдиқлайди.
Судьяликка талабгорларда бир-биридан фарқ қилувчи, шу билан бирга бир-бири билан чамбарчас боғланган ушбу икки хислат – билимли ва пок виждонли бўлишни шакллантириш мактабнинг тажрибали, бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган профессор-ўқитувчилари, умрини судьялик касбига бағишлаган малакали судьяларнинг машаққатли меҳнати орқали амалга оширилмоқда.
Назарияни билиш, ҳуқуқий меъёрларни қонунга мос қўллаш, процессуал қоидаларни деярли ёддан билиш, суд ҳужжатларини бехато расмийлаштириш, амалий мисоллар таҳлили каби изланишлар туфайли судьялик билими ривожланса, жамиятда, суд залида, кўча-кўйда, ҳаттоки, оилада ўзини қандай тутиши, гап-сўзи, муомала маданияти каби қоидаларга сўзсиз риоя қилишни сингдирадиган таҳсиллар эса судьялик одобини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маъруза ва амалий машғулотлар кўринишидаги таълим-тарбия ишлари ягона мақсадга – тингловчиларнинг адолатли судья бўлиб шаклланишига йўналтирилган.
Судьяликка талабгорлар онгида адолат туйғусини шакллантиришда Судьялар Олий Кенгашининг ташаббуси билан чоп этилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби, айниқса, китобнинг “Боболар тафаккуридаги адолат” деб номланган қисми алоҳида муҳим аҳамиятга эга.
Китобга кўра, “бир соатлик адолатнинг тарози палласи олтмиш мукаммал ҳаждан масъулиятли экан. Негаки, ҳажнинг натижаси, яъни фойдаси ҳожилардан ўзга кишига бўлмайди, адолат фойдасидан эса катта-ю кичик баҳраманддир”.
Китобдаги қуйидаги мушоҳадалар ҳам эътиборга моликдир: “Адолатнинг савоби чегарасиздир ва ақл қиёсидан ташқаридир. Инсоният доимо адолатни қадрлаб яшаган. Одамзод қай маҳал ва мавқеда бўлишидан қатъи назар, адолатсиз яшаши мушкул. Инсон фаолиятининг қайси бир бўлагини олиб қараманг, у адолатга, тўғриликка асосланмаса, мувозанат йўқолади, ҳаёт издан чиқади. Кичкинагина адолатсизлик ҳам вақти келиб, бутун жамиятга акс садо бериши мумкин. Жамиятдаги, инсон фитратидаги беҳисоб иллатлар адолатсизликдан куч олади, жабр-зулм ва одамларни қийновчи муаммолар адолатсизлик туфайли юзага келади”.
Айниқса, китобдаги “Ғурур” сарлавҳали ҳикоя адолатнинг барча халқлар ҳаётида муҳим ўрин тутишини яна бир бор намоён этиш билан бирга, қалбимизни чексиз фахр нури билан ёритиб, доимо адолатга таяниб иш кўришга ундайди.
Севимли шоиримиз Абдулла Орипов АҚШга борганида, штат губернатори кабинетида инглиз тилидаги: “Куч – адолатдадир” ёзувини кўрган. Шоир мезбондан “Бу кимнинг сўзи”, деб сўрайди. Губернатор “Буни билмайман, мен келганимда ҳам шу ёзув бор эди, менга жумла ёқади, жуда кучли фикр, шундай эмасми”, деб жавоб беради. Шунда шоир ғурур билан: “Бу – бизнинг Амир Темур бобомизнинг гапи”, дейди.
Дарҳақиқат, адолат ҳамма замонларда Инсоният учун бирдек қадрли бўлган, зеро, қадимги Хитой донишманди Конфуций томонидан илгари сурилган “Яхшиликка – яхшилик билан, ёмонликка эса – адолат ила жавоб қилмоқ керак” деган таълимот айнан ҳозирги кун учун ҳам тараққиёт гарови ҳисобланади.
Р.ҲУСАИНОВА,
Судьялар Олий Мактаби тингловчиси,
юридик фанлар номзоди