Умматларга ўрнак бўлган Зот...

12 Февраль 2022 13:48 1130 Чоп этиш

Абу  Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан  ривоят  қилинади:  “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай ҳукмда пора берувчи ва олувчини лаънатладилар”. (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларга воситачини лаънатладилар”.

Илмли, лаёқатли ва адолатни ўзига шиор қилиб олган, Аллоҳдан қўрқадиган, охиратдан умиди бор қози эса жаннатга киради.

Қози дунёдаги одиллиги боис, мол-дунёни жамлай олмаса ҳам, қўша-қўша машиналари, данғиллама уйлари, жамлаган кўплаб бойликлари бўлмаса ҳам на лаънатга учрайди, на аламли дўзах оловига дучор бўлади. Аксинча, дунёдаги одиллиги қиёматда нурли минбарлар ва жаннатнинг тугамас абадий неъматларига эгалик қилишга сабабчи бўлади.

Инсоният ҳаётининг роҳат-фароғатли бўлиши, ғам-ташвишли бўлмаслиги адолатли ҳукмга чамбарчас боғлиқдир. Қайси жамиятда қозилар адолатли ҳукм этадиган бўлса, ўша жойда ривожланиш, халқ фаровонлиги, юрт омонлиги, турмуш яхши бўлади.

Аксинча, қайси жойдаги қозилар ноҳақ ҳукмга одатланса, у ерда порахўрлик, зулм, ҳаром-ҳариш ривожланса, у ерда яшаш азобга айланиб, ҳаёт жуда аянчли ҳолатга юз тутади.

...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатли ҳукмда умматга ўрнак бўлганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Қурайшликларни махзумиялик ўғрилик қилган аёлнинг шаъни ташвишга солди.

Улар: “У аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?” – дейишди.

Сўнгра эса: “Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари бўлмиш Усомадан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?” дедилар.

Усома у зот алайҳиссаломга бу ҳақида гапирди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ белгила­

ган жазолардан бирида шафоатчилик қилмоқчимисан?!” – деб айтдилар.

Сўнгра туриб хутба қилиб: “Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари уларнинг ичидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган эди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, албатта, қўлини кесаман”, деб айтдилар” (Муслим ривояти).

Мадинада биринчи қозилик қилган зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлган. У зот алайҳиссалом маҳкумнинг ҳасаб, насаб, бойлик, мансаб, мусулмон, кофир эканига қарамасдан одиллик ила ҳукм қилганлар.

Адолат йўлини тутаман, икки дунё саодатига эришаман деган инсонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк ўрнакдирлар. У зотнинг ўғирлик қилган агар менинг қизим бўлса ҳам, жазосини, албатта, бераман, деб айтишлари уммат учун танбеҳдир.

Жиноятчи ўғил-қизи ёки бирон бир яқини бўлган ёхуд пора эвазига жиноятчиларни “минг” хил усул билан жазодан сақлаб қоладиган қозиларга эса ўта хавфли таҳдиддир.

Буюк фотиҳ Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳга унинг яқинларидан бири уни алдаган одамдан шикоят қилди. Салоҳиддин Айюбий: “Агар мусулмонларда Аллоҳнинг қонуни ва адолатга асосланган ҳолда ҳукм чиқарадиган қози бўлса, мен нима ҳам қилишим мумкин, мен шариатнинг оддий бир бандасиман. Эҳтимол, одил қози (суд) сиз тарафда бўлади, эҳтимол бундай бўлмайди”, деб айтган эди.

Қозилик ўта нозик ва масъулияти иш. Бу иш билан машғул бўлувчилар адолат билан иш олиб боришса, икки дунё саодатига эришади.

Агар порахўрлик, таниш-билишчилик билан машғул бўлишса, бундай инсонларга дўзах ваъда қилинган.

 

(“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобидан)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech