Ўзингизни китобларда кўрганмисиз?

14 Июль 2022 18:40 1307 Чоп этиш

Бола эканман-да, тасаввуримда энг яхши одамлар китобларда яшар, энг тўғри ишлар китобларда ёзиларди, гўё. Китоб мутолаасидан сўнг кўнглимда янги-янги орузлар туғиларди денг... Шундами, китоб ўқиш жон-у дилим эди.  

Бир куни берилиб китоб ўқиб ўтирсам, кимдир уни шартта олиб қўйди. Опам экан. У аввал китобнинг муқовасига, сўнг орқа тарафига қаради-да:

–  Шоира, мана бу ерда лоланинг расми бор. Демак, бу катталар ўқийдиган китоб, ҳали бунақа китобларни ўқишга сал ёшлик қиласан, – деди (Ғ.Ғулом нашриётида чоп этилган китобларнинг орқа муқоваси лоланинг тасвири бор: логотипи шундай).

Мен бироз ранжидим, айб иш қилиб қўйгандек уялдим ҳам.

Опам менга майин қаради-да:

– Қани, мен билан юр-чи, – деб, уйимиздаги бир хонанинг ярмини эгаллаган китоб жавони томон етаклади. Тепароқдаги китоблар ичидан биттасини олиб, узатди: “Мана, сен ўқийдиган китоб! Кейин раҳмат айтасан”.

Китобни қўлимга олдим: Рашод Нури Гунтекин. “Чолиқуши”. Дарҳол орқа муқовасига қарадим: лола расми йўқ, демак, “мен ўқийдиган китоб” экан.

Дарҳол мутолдаага киришдим. Бир саҳифа ўқиб-ўқимай ўқиб, секин “уф” тортдим: “унча қизиқ эмас-ку”?! Кейин  саҳифасига, сўнг учинчисига...

Боғда қуриган дарахт бўларди. Пайти келди дегунча ўшанга тирмашиб чиқиб олганимни, пўписаларга қулоқ солмай танаффус охиригача шохдан-шохга ирғиганимни кўрган муаллимам: “Бу одам боласи эмас, чолиқуши”, – деб койиган эди. Ана шундай қилиб, ўша кундан бошлаб асл номим унутилди-ю, ҳамма мени “Чолиқуши” деб атайдиган бўлди”...

Ие, бу воқеалар бунча танишдай...

Мен ҳам худди шу ёшда дарахтдан дарахтга чирмашиб, тепадан туриб кўп воқеаларга гувоҳ бўлганман. Мени ҳам кўплар ўз исмим билан атамас, шўх-у шаддодлигим учун “Мардон, Мардона” дейишарди.

Китобни ўқишда давом этдим:

“Баъзан ёмон оқибатлар ҳам бўларди. Лекин мен, орамиздаги аҳдга биноан, ўйинда жоним ачиса йиғламаслигим, ундан ҳеч кимга шикоят қилмаслигим керак. Мен катта одамлардай сир сақлашга ўргандим. Мени бунга инсофдан кўра кўпроқ, у мен билан ўйнамай қўяди, деб қўрққанлигим мажбур қиларди. Кичиклигимда мени қилиғи совуқ дейишарди. Балки бу тўғридир ҳам. Нимагаки, ким билан ўйнасам жонини оғритар, додлатар эдим...”.

Опам бу китобни атайлаб берган шекилли? Айнан китобда ёзилган қиздек қайсар феъл-атворимни ўзимга яна бир карра, бу сафар билвосита билдириб қўймоқчи бўлган чоғи?.

Дарҳиқиқат, китоб саҳифалари аро ўзимни кўра бошладим:

“Романларда қайғуга учраган одамлар елкаси чўккан, кўзлари сўнган, ҳаракатсиз, унсиз, яна ҳам очиқроғи, ғариб қилиб тасвирланади. Менда доимо бунинг акси бўлади. Қачон оғир қайғуга чўксам, кўзларим порлайди, чеҳрам очилади, теримга сиғмай кетаман. Дунёни писанд қилмагандай, қаҳ-қаҳа уриб куламан, турли шўхликлар, телбаликлар қиламан. Шу билан бирга, оҳу зорини яқин одамига, бошқаларга айтолмайдиган кишилар учун буни жуда яхши одат деб ҳисоблайман...”.

Китобдаги воқеликдан ҳаядонга тушар, юрагим уриши ўзимга ҳам эшитилар даражада  эди, гўё:

“Тенгқурларим билан бир хил муомалада бўлмас эдим. Ёши анча катта бўлган қариндош болалар ҳам мендан безилларди. Менда, қалбимда севги олови учқунлагудай бўлса, бу ҳам бир фалокат бўларди. Одамларга ўхшаб севишни, севганимни меҳру шафқат билан эъзозлашни ўрганмаган эдим. Яхши кўрган одамим устига ҳайвон боласидай отилар, қулоқларини чўзар, юзини тирнар, итариб-туртиб жонидан безор қилардим. Қариндош болалар орасида фақат биттасидан тортинар, ўшандангина ҳайиқар эдим. У Басима холамнинг ўғли Комрон эди...”.

Асарнинг бош қаҳрамони Фериденинг Комрон ҳақидаги ҳикоясини ўқий бошлаганимда кўз олдимга мен билан доим уришиб юрадиган синфдошим келди. У билан ҳамманинг олдида талашиб-тортишиб, тинмай гап талашар эдик – чиқишмасдик. Аммо синфда ногоҳ ёлғиз қолсак ёки кўча-кўйда рўбарў келиб қолсак, гапимизни йўқотиб қўярдик, айниқса мендаги шаддодликдан асар ҳам қолмасди.

Мен синфдошим ҳақидаги ўринсиз хаёлларни нари қувиб, яна китобга шўнғидим.

Феридени онасининг ўлимидан кейин холасининг қўлида қолиши, вояга етгач, холасининг ўғли Камронга кўнгил қўйиши, аммо у ўз туйғуларни қалбида сақлаши – сир тутиши мени бефарқ қолдирмади.  

Севган йигитининг хиёнатини билиб қолгач, бу оғриқни енгишнинг ягона йўли уйдан қочиб кетиш деб ҳисоблашини бир оқладим, бир нотўғри деб билдим...

Ўз уйидан, ўз севгисидан қочиб кетган ҳуркак қиз катта ҳаётда уни нималар кутиб турганидан бехабар эди. У тақдирнинг бешафқат ўйинларию синовларни бошидан кечирди.

Мағрурлиги туфайли хато қилиши, гўзаллиги доим унга халақит бериши мени ташвишлантирди, қалби тозалиги, курашувчанлиги, иродаси уни сақлаб қолиши кўнглимга таскин берди.

Ёмони кўп бўлган дунёнинг яхшилари ҳам йўқ эмас, яхшилар, яхшиликлар туфайли хатосини тушуниб етди.

Аммо ана шу ҳақиқатни тушуниб етгунига қадар ёшлигининг энг ажойиб йилларини бой берди. Бироқ бу йиллар уни янада иродали қилди, ҳимоясиз ва муҳтож одамларга ёрдам беришдек эзгу ишларга ундади.

Қисқаси, мутолаа давомида Чолиқуши билан бирга яшадим, изтироб чекдим, кулдим, йиғладим, севдим...

Фериде ўз бахтига, муҳаббатига қайтганида севиндим.

Китобни ўқиб бўлганимдан кейин ҳам бир неча кун қўлимдан қўймай юрдим. Такрор-такрор ўқидим...

Кейин мен ҳам кундалик тутиб, хотираларимни қоғозга тушира бошладим. Бора-бора кундаликларимга сиғмаган сатрлар хаёлимда, ҳаётимда давом этди...

Китобни ўспиринлигимда ўқиган бўлсам ҳам, ундаги воқеалар улғайиб, катта ҳаёт бағрига шўнғиб кетганимда ҳам тугамади.

Фериденинг бошидан ўтган кунлар, айнан бўлмаса-да, жуда ўхшаш мотивлар билан менинг ҳаётимда ҳам рўй берди. Китобдан олган хулосаларим ҳаётимда кўп асқотди.   

Аслида муҳаббат, хиёнат, мағрурлик, ҳаёт машаққатлари, хатолар, алданишлар, иқрорлик, яхшиларни кашф этиш, ёмонлардан азият чекиш, муваффақиятларга эришиши, одамларга эзгулик улашиш, охири ўз хатоларини тушуниб, ортга қайтиш... бу ҳолатларнинг кўпи ҳар бир инсон ҳаётида рўй бериши мумкин. Фақат воқеалар ривожи ҳар кимда бошқача бўлади.

...Яқинда меҳнат таътилига чиқиб, бир-иккита бадиий китоб ўқидим.  “Чолиқуши”ни ҳам...

Болалигим, қишлоғим, яқинларимга қайтгандай бўлдим яна...

“Икки маротаба ўқишга арзимайдиган китоб, бир маротаба ўқишга ҳам арзимайди”, деган машҳур немис  композитори Карл Вебер. 

Шу маънода, турк адабиёти дурдонаси бўлган “Чолиқуши” романини қайта-қайта ўқишга арзийдиган китоб деб ҳисоблайман.

Китоб мутолааси ҳар қандай юмушдан ҳузурлироқ, фойдалироқдир. Китоб ўқимаган одам, фикрлашдан тўхтайди. Тўхтамаса ҳам, дунёқараши, билими ва инсоний туйғулари юксалмайди. Шундай экан, техник жиҳатдан қанчалар тараққий этмайлик, китоб мутолааси асл маърифат ва маънавият манбаси эканлигини унутмаслик керак.

 “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, масалан, китоб ўқимаслик”, деган эди жаҳонга машҳур адиб Рэй Брэдбери.

Жиноят қилишдан сақланайлик – китоб ўқишни яна одат қилайлик.

Қанийди, фарзандларимиз қўлидаги телефонларини бир кун олиб қўйиб, ҳафтанинг ўша кунини “Китоб мутолааси куни” қилсак, қилаолсак...

 

Шоира Эрметова,

Фуқаролик ишлари бўйича

Чирчиқ туманлараро суди судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech