Аёл судьялар ҳамжамиятининг биринчи йиғилишида судларда гендер тенгилиги бўйича фикрлар билдирилди

14 Апрель 2021 12:24 651 Чоп этиш

Кеча пойтахтнинг Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида судьялар ҳамжамиятининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

“Судьялар клуби – Аёл судьялар ҳамжамиятининг мақсад ва вазифалари” мавзудаги конференция шаклида ўтган тадбир Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унда суд-ҳуқуқ тизимида гендер тенглиги,  аёл-судьялар ҳамжамиятининг асосий концепциясига оид масалалар хусусида фикр алмашилди. Хусусан,Судьялар клуби – аёл судьялар ҳамжамиятининг мақсад ва вазифалари, бу борада хориж давлатлари тажрибалари билан ўртоқлашилди. Шунингдек, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” лоҳйиҳасининг судларда гендер тенгилиги масалалари бўйича 2021 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари борасида маълумотлар берилди.

Маълумки, кейинги тўрт йилда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 46-сессиясидаги маърузасида ҳам айнан гендер тенглиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтгани бежиз эмас. 

Тадбирда қайд этилдики, Ўзбекистонда одил судловни амалга оширишда аёл судьяларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бугун суд тизимида жами 165 нафар аёл судьялар фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 83 нафари беш йил, 73 нафари ўн йил муддатга, 9 нафари муддатсиз даврга тайинланган судьялар ҳисобланади. 

Суд тизимида раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар 37 нафарни ташкил этади. Аёл судьяларнинг 3 нафари юридик фанлари номзоди илмий даражасига эга, 10 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган.

2020 йилда 23 нафар, жорий йилнинг ўтган уч ойида яна 11 нафар аёл судьялик лавозимига тайинланди. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech