Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқи

10 Апрель 2020 13:00 1837 Чоп этиш


Ҳурматли Илҳом Гейдарович!

Муҳтарам давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Ҳурматли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори!

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, Туркий Кенгашнинг бугунги навбатдан ташқари саммитини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Жаноби Олийларига самимий миннатдорлик изҳор этаман.

Ҳозирги вақтда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган коронавирус пандемиясига бағишланган ушбу видео мулоқотимиз фавқулодда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга.

Ҳурматли ҳамкасбларим тўғри таъкидлаб ўтганларидек, бу хатарли офат, жаҳоннинг барча мамлакатлари қатори, 160 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган давлатларимизни ҳам четлаб ўтмади. Ва афсуски, бу касаллик тобора тарқалиб бормоқда.

Бу пандемия, ўзининг кўлами ва миқёсига кўра, мислсиз глобал инқирозга, бутун башарият тақдири ва жаҳон иқтисодиёти учун ғоят жиддий синовга айланди.

Маълумки, туркий халқларимиз ўзларининг кўп асрлик тарихида турли оғир синовлар ва мураккаб дамларни бошидан кечириб, уларни ҳамжиҳатлик билан мардонавор енгиб ўтишган.

Мазкур саммитимиз ҳозирги жиддий ва таҳликали вазиятда умумий ёндашувларни белгилаб олиш ва саъй-ҳаракатларимизни уйғунлаштириш, ҳамкорликда долзарб муаммоларни тезкорлик билан ечишга хизмат қилади, деб ишонаман.

Бунинг асосий йўналишлари:

- пандемиянинг кенг тарқалишининг олдини олиш, одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан ҳамда кенг қамровли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

- ушбу хавф-хатарнинг давлатларимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини камайтириш;

- бу борада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир.

Азиз ҳамкасблар!

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашда Жанубий Корея, Хитой, Россия, Исроил ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан мунтазам тажриба алмашиб, уларнинг энг илғор амалиёти теле-медицина орқали кенг қўлланилмоқда.

Биз Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни назоратга олиш мақсадида, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, барча зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз.

Биринчидан, бутун мамлакат миқёсида қатъий карантин тизими жорий этилди.

Бу борада аҳолининг масъулиятини ошириш мақсадида қисқа муддатда қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритдик.

Иккинчидан, коронавирусга қарши курашиш учун барча вилоятларимизда махсус тиббиёт масканлари ва карантин ҳудудларини ташкил этдик.

Мисол учун, Тошкент вилоятида барча шарт-шароитларга эга бўлган махсус карантин ҳудуди ишга туширилди. 20 минг ўринли бу комплекснинг 10 минг кишига мўлжалланган биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 10 минг ўринли замонавий модуль касалхона шу ойнинг охирига қадар қуриб битказилади. Улар зарур тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бу касалликнинг олдини олиш мақсадида ушбу тажриба бошқа ҳудудларда ҳам кенг татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, бу кураш майдонида биринчи зарбани ўзига қабул қилаётган, фидойи ва жонкуяр тиббиёт ходимларини
ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш кафолатлари кучайтирилди.

Учинчидан, касалликни эрта жиловлаш мақсадида аҳоли ўртасида огоҳлантириш ва кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, таълим тизими узлуксизлигини таъминлаш учун бу соҳадаги барча муассасалар ўз фаолиятини тўлиқ онлайн тарзда амалга оширмоқда.

Бешинчидан, аҳоли озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур тиббиёт воситалари, бошқа ҳаётий муҳим ашёлар билан мунтазам таъминланмоқда.

Бу борада имкониятлари чекланган, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига беғараз манзилли ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилди.

Мазкур жараёнда кенг жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Олтинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини тўла қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди.

Шу мақсадда Инқирозга қарши кураш жамғармаси тузилди.

Бизнес ва тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари фоизларини ҳисоблашда “музлатиш тартиби” ҳамда “солиқ таътиллари” жорий этилди. Солиқлар ва импорт божлари камайтирилди.

Кейинги масала – биз мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни чуқур мониторинг ва прогноз қилиш бўйича миллий тизимни жорий этмоқдамиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Юзага келган қалтис вазият нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсда зудлик билан таъсирчан чора-тадбирлар кўришни талаб этмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, ижозатингиз билан, қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман:

Биринчи. Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш зарур.

Иккинчи. Давлатларимизнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва тажриба алмашувни кенг йўлга қўйиш лозим. Жумладан, ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, етакчи мутахассисларимиз иштирокида тез кунларда биринчи видео-конференцияни ўтказишни таклиф этаман.

Учинчи. Туркий Кенгаш котибиятида пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳни тузиш лозим.

Ушбу гуруҳ давлатларимизда фаолият юритаётган миллий штаблар билан яқин амалий алоқалар ўрнатиши керак.

Мамлакатларимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тезкор ёритиш, ўзаро тажриба алмашиш ва ундан кенг фойдаланиш учун алоҳида маълумотлар базасини яратиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчи. Ҳозирги ғоят мураккаб шароитда қардош халқларимизни зарур озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида юк ташиш ва транспорт коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, чегара пунктларида транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатланишига амалий ёрдам кўрсатиш зарур.

Транспорт ва логистика соҳаларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва самарали мувофиқлаштириш мақсадида транспорт вазирларимиздан иборат Ишчи гуруҳини ташкил этиш лозим.

Бешинчи. Коронавирус талофотларини юмшатишда халқаро ташкилотлар кўмаги жуда муҳимдир.

Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ушбу нуфузли ташкилот ва Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатишни таклиф этамиз.

Қадрли дўстлар!

Ҳаммамизга аёнки, бирон-бир давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди.

Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим. Биз биргаликда кўп нарсага қодирмиз.

Шу муносабат билан видео мулоқотимиз натижалари бўйича якуний декларация қабул қилинишини қўллаб-қувватлайман.

Азиз ҳамкасблар!

Шундай мураккаб вазиятда масъулиятли фаолиятингизни адо этиш учун барчангизга Яратгандан куч-ғайрат, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, қардош халқларимизга омонлик тилаб қоламан.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech