“Журъат” - шунчаки айтилган сўз эмас...

9 Июнь 2022 17:06 2294 Чоп этиш

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси Дилноза Хонбўтаева ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид қилаётган уч нафар  судланувчини суд залидан  очиққа чиқарди. 

Воқелик ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлмади, ҳукм тарафларда эътироз уйғотмади, судья ҳам турли шубҳа-ю гумонлар остида қолгани йўқ. Тўғри, судланувчиларнинг суд залидан қўйиб юборилгани улар оқланганини англатмайди. Бироқ дастлабки терговда қўйилган айблов судда ўзгармаганига қарамай судланувчиларнинг темир панжара ортидан чиқарилиши эътибор тортадиган ҳолат ва унга икки оғиз шарҳ керакдай...

Аввал жиноят иши ва судланувчилар ҳақида.

Ўз юмушлари билан кетаётган зарафшонлик уч нафар ўспирин (улар ҳали йигирмаган кирмаган) юк автомашиналари тўхташ бекатида (Зарафшон шаҳар “А-379” автомобил йўлининг 201-километри) турган “Тико”га дуч келишади. “Ўйинчоқ”қа ўхшаб кетадиган ва бугунга келиб, ўрнини бошқа машиналарга бўшатиб бераётган “Тико”  уларда қизиқиш уйғотиши табиий. Машинанинг эшик ойнаси очиқлиги эса қизиқишни баттар кучайтириб, “битта миниб кўриш” истагига айлантирди.  Шу тариқа уччовлон машинани алюмин сим бўлаги билан ўт олдириб, навбатма-навбат бошқаришга тушишади. Томди туманининг “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудига етишганда машина ўчади. Ўт олдиришга қайта-қайта уринишлар наф бермагач, “Тико”ни ўша жойда қолдириб, жуфтакни ростлашади...

Воқелик жиноят таркибини берадими? Шундай. Қайси модда? Сўзсиз “267”нинг 2-қисми “б” банди! (Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” бандида  бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, транспорт воситасини олиб қочиш назарда  тутилган, бу қилмиш учун шахс кам муддатга озодликдан марҳум қилинмайди ).

 “Шоввозлар” қилган иши жиноят эканини, бунинг учун панжара ортига равона бўлишини ҳатто тасаввур этишмагани аниқ. Ўзларича бир “катайса” қилиб, у ёғига йўлимизда кетаверамиз, деб ўйлашган-да. Орадан қирқ саккиз соат ўтмай ўзларини ҳибсхона кўриши етти ухлаб, тушига кирибдими?!

Бу ёғи нима бўлади энди?

Йигитчаларнинг “иши” судда  кўрилган тарафлар (давлат айбловчиси ва адвокат) ўртасида яхшигина тортишув  бўлди. Яхши-да,  тортишуви қанчалик кучли бўлса, адолатга етиш йўли шунчалик қисқаради.  Аён бўлдики, йигитчаларда “Тико”ни олиб қочиш нияти бўлмаган, бундай ният бўлмагач, уларнинг аввалдан жиноий тил бириктириши-ю шунга яраша тайёргарлик кўришгани ҳақида гап бўлиши мумкинмас.

 Судланувчиларнинг пушаймонлиги, оилавий аҳволи (уччовлоннинг биттаси оилада ёлғиз ўғил бўлса, бошқасининг ота-онаси ногирон, яна бирининг аҳволи улардан беҳроқ эмас...), жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, боз Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Қозоқ миллий-маданий маркази Навоий вилоят худудий бўлинмасининг илтимосномалари жазо тайинлашда инобатга олинади, албатта.

Бироқ  содир этилган жиноят ва унинг жазоси залворидан келиб чиқилса, қонуний тўхтамга келиш учун судья етти эмас, етмиш ўлчаб, бир кесишига тўғри келади.

Суд, судланувчиларга беш йил озодликдан чеклаш жазоси тайинлаб, юқорида айтилганидек, уларни суд залидан озодликка чиқарди.

Юқоридаги баён билан енгилроқ жазо тайинлаш тарғиб этиляптими? Асло. Тўғри, судья жазо тайинлашда мустақил, аммо бу енгилроқ жазо унинг муруввати эмас, балки қонунчиликда назарда тутилган енгилликлар натижаси аслида. Жиноят ва жазолар мажмуи бўлган Жиноят кодексининг ўзида жазо тайинлашда одиллик ва инсонпарварлик принципи устувор бўлиши шарт қилинган. Яъни, гап жазонинг оғир ёки енгиллигидан кўра, унинг қонуний, асосли ва адолатлилигида. Ҳукмда шу учта омил мужассам бўлгандагина  том маънода адолат ҳақида гапириш мумкин. Судьянинг  салоҳияти эса мана шу учта омилни  уйғун қила олишида кўринади.

Бунинг учун салоҳиятдан ташқари журъат ҳам керак.

Журъатли судья ўз мақоми ва масъулиятини чуқур ҳис қилишдан ташқари унча-мунча таъсирларга берилмайди. “Таъсир” деганда  унинг ҳамма шакли ва ундан ҳам кўпроқ  ахборот ҳуружлари назарда тутилмоқда. Бугун ахборот майдонида ит эгасини, мушук бекасини танимаётгани бор гап. Ахборотнинг таъсир кучидан ҳеч ким ёки ҳеч қайси соҳа муҳофаза этилмаган. Фақат журъатли судьягина турли таъсир  шакллари қатори ахборий ҳужумлардан ҳам ўзини ҳимоя қилаолади. 

Кўряпсизки, “журъат” шунчаки айтилган сўз эмас. Баски, бундай сифатга эга судьялар аҳолининг судга бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилишига таъкид ортиқча.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech