Воқеалар

Элини севган тилини ҳам севади

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни Тил – миллат бойлиги, миллат қиёфаси. Ҳеч қайси инсон она тилини танламайди. У инсон билан бирга туғилади. Узоқ йиллар она тилимизга эътибор сусайган эди, унинг қадри, обрўси ҳақида чуқур ўйлаб кўрилмади. Ўзга тилда гаплашдик, бошқа тилда иш юритдик, болаларимизни ўз она тилимиздан узоқлаштирдик. Ўз тилимиздаги сўзларни билмаслигидан хавотирланмадик, ўзганинг тилида сўзлашишидан фахрландик. Ўз тилимизни билиш уят, бошқа тилни билишимиз маданиятлилик белгиси ҳисобланди. Тилимизнинг бошқа тиллар соясида қолиб кетгани аччиқ ҳақиқат...   Мамлакатимизда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун мустақилликка эришмасимиздан аввал қабул қилинди. Бу, албатта, катта жасорат эди. Она тилимизни ҳаётимизда тўлақонли жорий этиш, унинг мавқейи ва нуфузини ошириш чоралари кўрилди. Бироқ қонун ўз даврида тўлақонли бажарилди, деб айтолмаймиз. Давлат тилини ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ этишда муаммолар ва камчиликлар бор эди.   Яқин йиллардан бошлаб бу масала янги ислоҳотлар кун тартибига қўйилди. Давлат тили қоидаларига тўлақонли амал қилмаслик, давлат тилида иш юритмаслик барча соҳада мавжуд камчилик бўлса, кўчаларда, ташкилот ва иншоотлар пештоқидаги ёзувларнинг бошқа тилда, имловий хатоларда ёзилиши, телевидениеда, кино ва турли оммавий кўрсатувларда шеваларда гапирилиши, энг муҳими, ёшларнинг ўз она тилини билмаслиги каби жиддий муаммолар борган сари жамиятимизда илдиз ота бошлади. Миллатимиз маданияти, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар доимгидан кўра жиддий масала бўлиб юзага чиқа бошлаган бир пайтда давлат тили борасида муҳим ислоҳотлар сари дадил қадам ташланди. Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлар майдонида она тилимизни ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони қабул қилиниши билан бошланди. 2020 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Давлат тилини ривожлантириш департаменти, кейинчалик унинг ҳузурида Атамалар комиссияси фаолияти ташкил қилинди. 2020 йил 10 апрель куни эса яна бир муҳим тарихий ҳужжат – “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.   Шунингдек, 2021 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023 йилнинг 1 январидан барча ёзувлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиши белгиланган. Ўтган яқин йиллар мобайнида давлат тилини ривожлантириш, ўзбек тилининг мавқейини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришишга, давлат тилида иш юритишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ишда иштирок этувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳуқуқи ва судда она тилида ёки улар биладиган бошқа тилда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади”, деб белгиланган.   Шу нуқтаи назардан, суд-ҳуқуқ тизимида, хусусан суд жараёнлари, аввало, давлати тилида, агар бошқа миллат вакили бўлса, таржимондан фойдаланган тартиб олиб борилади. Она тилимиз нуфузи ва обрўсини сақлаш мақсадида, нафақат давлат тилида иш юритишга эришишимиз, балки ўзбек тилининг софлиги ва жозибадорлигини, нутқ ва сўзлашиш маданиятига ҳам долзарб масала сифатида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, соҳамизда судьялар чиқараётган ҳукм ва қарорлар тили лексикаси, савияси, шунингдек, уларнинг фикрни тўлақонли, мазмунли, мантиқли ифодалаш учун ўз она тилини мукаммал билиши жуда муҳим. “Тил — тафаккур жамоли”, деган эди Абдурауф Фитрат. Тафаккуримиз юксалиб, фикрлаш тарзимиз ошиб боргани сайин тилимизнинг олмос қирралари ўзини намоён этаверади.     Шоира Эрметова, Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича   Чирчиқ туманлараро суди судьяси. ЎзА

21 Октябрь 2022 1775

Биринчи суд мажлисига қадар...

...Бугун судья сифатида биринчи суд мажлисини ўтказаман. Бироз ҳаяжон бор, албатта. Ҳозиргина суд раиси хонамга кириб, озроқ далда ва катта омад тилаб чиқиб кетди. Иш столимдаги “дело” суд мажлисидан сўнг бироз семирса керак.  Бу ёғини энди воқеалар ривожи кўрсатади...  Ёрдамчимнинг тарафлар келганини, фақат адвокати бироз кечикаётганини маълум қилди. Демак, ҳужжатларни яна бир бор кўриб чиқишга озроқ фурсат бор. “Дело”ни варақлаяпман-у, кўз олдимда шу пайтгача ўтган кунлар гавдаланмоқда. Унверситет. Талабалик. Сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилуви органларда бошланган илк фаолият. Биринчи маош... Кўплар ўйлайдики, олий маълумотли ҳуқуқшунос шаҳодати қўлга теккандан кейин бир-икки йилда судья бўлиш мумкин, деб. Э, йўқ, суд тизимида тартиб-у талаблар бошқароқ.  Диплом қўлингизга текканидан кейин камида етти йил ҳуқуқ тизимида ишлаб, ўзингизни кўрсатишингиз керак.  Сўнг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бир йил таҳсил олиб, ана ундан сўнг муқобиллик ва очиқ танлов асосида  судьялик лавозимига тайинланишингиз мумкин. Судьялар олий мактабидаги таҳсил шунчаки малака ошириш курслари эмас. Ушбу даргоҳнинг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига ўқишга кирмоқнинг ўзи бўлмайди. Танлов ҳам, талаб ҳам катта эканига ортиқча таъриф шартмас. Бахтингиз чопиб, ўқишга кирганингиздан кейин бир йил, таъбир жоиз бўлса, бош кўтармай ўқиб-изланишингиз лозим...   Шукрки, ҳаракатларим бесамар кетмади: бир йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ўқишга кириб, бу йил муваффақиятли битириш насиб этди.  Диплом қўлга текканидан кўп ўтмай судьялик лавозимлари учун эълон қилинган очиқ танловда иштирок этиб, ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Тошкент вилояти Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинландим.  Табриклаётганларнинг ярим ҳазил билан  “қози” деб мурожаат қилишганининг ўзи шу лавозимнинг обрўсидан кўра, унинг масъулиятини янада чуқур ҳис қилишга турти беряпти. Шулар ҳақида ўйлар эканман, ёдимга Термизий томонидан ривоят қилинган қуйидаги мазмундаги ҳадис ёдимга тушмоқда: “Қозилар уч тоифа бўлади, бир тоифа жаннатда ва икки тоифаси дўзахда бўлишади. Жаннатда бўладиган қози ҳақни билиб, ўша асосда ҳукм этади. Дўзахда бўладиган икки тоифа қозиларнинг бири ҳақни билиб туриб, унинг зиддига ҳукм берса, яна бири  билимсиз тарзда ҳукм  чиқаради” ! Демак, зиммасига судьялик вазифаси юклатилган шахс тинимсиз-ўқиб изланмонғи керак. Бунинг учун  имконият, шароит етарли. Хизмат хонасидан тортиб, ижтимоий муҳофазагача... ҳамма-ҳамма нолигудек эмас. Бундан ташқари тизимда “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида  кўп йиллик тажриба, назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган судьяга бириктирилганлигим, янги ҳамкасблар ва суднинг бошқа ходимларининг самимий муносабати... Яна нима керак?! Судья сифатида бошқарадиган биринчи суд мажлисим олдидан ўз олдимга қўйган ички мақсадларни тафтиш этар эканман, судьялик мақомини танлашга туртки берган интилишларим тўғри эканлиги, судьянинг қасамёдини қабул қилишда берган ваъдаларим расмият учун эмас, балки ички ишончимни акс эттирувчи сўзлар эканлигини ҳис қилмоқдаман. ...Эшикдан  ёрдамим кўриниш берди: ҳамма нарса тайёр. Мен ҳам ёзувларимни шу ерда тўхтатиб, эгнимга мантияни ташладим.  Мантия - судьянинг махсус либоси. Юпқагина матодан тикилган. Уни эгнимга илганим ҳамоно, рости, жуда оғир туюляпти...  Улуғбек Ҳусанов, Тошкент вилояти Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси

18 Сентябрь 2022 2266

Ўзини суд қилган судья ёки дунёдаги қатор ғалати даъволар хусусида

Профессор Гэри Слэппер ҳуқуқий соҳадаги ғаройиб ва кулгили воқеаларни йиғиб юради. Унинг «Times» газетаси юридик бўлимига тегишли рукни узоқ вақт нашрнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Қуйида Слэппер бисотидаги ноодатий баҳс-мунозаралар, айбловлар ва суд даъволашувларини ҳавола этамиз... 2004 йили Американинг Висконсин штати Фонд-дю-Лак шаҳрида яшовчи Тимоти Дюмушель маҳаллий телекомпанияни судга берди. У даъво аризасида айнан телекомпания туфайли хотини семириб кетгани, фарзандлари эса «бир каналдан бошқасига ўтказишдан бошқа ишни билмайдиган дангаса, танбалга айланишгани»ни қайд этган эди. «Кейинги тўрт йил мобайнида ҳар куни телевизор томоша қилаётганимиз сабабли мен чекиб, ичмоқдаман, хотиним эса ҳаддан зиёд вазн орттириб, қийналмоқда», деб ёзган эди Дюмушель. Мазкур иш билан ўша пайтда Америкадаги 1.058.662 адвокатдан икки нафари шуғулланди, бироқ у олий судгача етиб бормади. 2005 йили Бразилияда истиқомат қилувчи 31 ёшли Жундиан исмли аёл ўзининг севгилисини судга берди. 38 яшар маҳбуби унга эътибор қаратмаётган, ишқий масалаларда худбинлик қилаётган эмиш! Даъво аризаси муҳокама этилиб, гап-сўзларга айланиб кетди. Суд эса Жундианнинг даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортди. 2004 йили немис ҳуқуқшуноси Юрген Грефе Бонндан унча узоқ бўлмаган Сент-Августин шаҳридаги ёши ўтиб қолган нафақахўр аёлнинг манфаатларини ҳимоя қилиб чиқди. Кампирнинг йиллик даромади 287 миллион евро бўлса-да, у солиқ хизмати томонидан давлат ғазнасига 287 миллион евро тўлаши кераклиги ҳақида хат олганди. Грефе давлат идораларига битта хат ёзиш билан бу муаммони ҳал қилди. Германия қонунлари бўйича Грефе эришадиган натижадан келиб чиқиб унга гонорар берилиши керак эди. У мазкур миқдорни 440.234 еврога баҳолаб, ҳисобни уларга юборди. Бу гонорарни давлат тўлаши керак эди, албатта. Қарабсизки, кампирни тинч қўйишди, ахир давлат беҳудага пул бериб қўярмиди! 1972 йили Йоркширдаги Уэйкфилд шаҳар судида Режинальд Седгуик иши муҳокама қилинди. У Клекхитон вокзалидаги талончиликда айбланганди. Айблов тафсилотига кўра, жавобгар бўлмиш биноларни бузиш билан шуғулланувчи компания раҳбарияти вокзалнинг ташландиқ тошдан қурилган иморатини қонунга зид равишда бузиб ташлаган ва у ердан 24 тонна бўлакларни олиб чиққан. Седгуик бу ишни фақат учинчи шахс буюртмасига кўра амалга оширганини айтиб туриб олди. Учинчи шахс кимлиги эса аниқланмай қолди. Седгуикнинг адвокати барча далилларни тўкиб ташлади ва суд унинг ҳимоясидаги одамни айбсиз деб топди. 2005 йили россиялик астролог Марина Бай машҳур NASA муассасасини судга берди. Даъво аризасида «Коинот кучи мувозанати табиий равишда бузилган»и қайд этилган ва 165 миллион фунт миқдорида товон тўлаш талаб қилинганди. Марина Бай уқтиришича, учириб юборилган Deep Impaсt космик зонди комета билан тўқнашиб кетиши ва портлаш туфайли пайдо бўладиган нарсалардан намуналар олиши керак бўлган, бу эса айни «террорчилик акти»дир! Москва судларидан бири мазкур масалани кўриб чиқиш Россия юрисдикцияси ваколатига киришини айтиб, ўша идорага ўтказди. У ерда эса даъво аризаси қабул қилинмади. 2006 йили Шанхай яқинидаги Цзясин шаҳрида яшовчи ёш йигитча қонунчиликка муроса қилолмай ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашди ва интернетдаги кимошди савдосига ўз... қалбини қўйди. Портал маъмурияти савдодаги лотни тўхтатди ва сотувчига қалбини сотувга қўйиши учун «юқори турувчи идора»дан ёзма равишда рухсатнома олиб келишини уқтирди. 2004 йили Нью-Йорк суд идораларидан бирида ишловчи Фрэнк Д’Аллесандро шаҳар маъмуриятини судга берди. У даъво аризасида ўзи ўтирган унитаз портлаб, бўлакларга айлангани ва жароҳат олганини ёзди. Д’Алессандро 5 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилган эди. Ҳар куни ишга кетиш олдидан физиотерапия сифатида амалга оширадиган жисмоний машқлари борасида эса шундай деди: «Бу қандайдир бавосил, қуриб кетсин!» 1984 йилнинг ноябрида барон Хаддлстон капитан Томас Дадли ва қандайдир Эдвин Стефенсларнинг ғавғоли ишини кўриб чиқди. Улар кичик матрос Ричард Паркерни ўлдиришда айбланганди. Учовлон ўтирган яхта Саутгемптондан Сидней бўйлаб сузаётганида кема ҳалокатга учради. Улар паноҳ топган қайиқ қуруқликдан 1660 мил нарида эди. Орадан 20 кун ўтгач, Дадли ва Стефенс тирик қолиш учун Паркерни ўлдиришди ва марҳумнинг жигари ва қони ҳисобига жон сақлаб қолишди. Яна 4 кундан сўнг икковлонни немис кемаси қутқарди. Эксетер суди уларни қотилликда айбдор деб топди ва ўлим жазосига ҳукм қилди. Бироқ кейин бу ҳукм оғир меҳнатсиз 6 ойлик қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Дадли ва Стефенс ўз қилмишларини «мажбурий эҳтиёж» билан оқламоқчи бўлишди, аммо суд бу баҳонани қонуний деб топмади. Radio Buxton радиостанцияси бошловчиси 26 ёшли Кэти Макгоуэнга танловдаги барча саволларга тўғри жавоб бериб, соврин сифатида Renault Clio автомобилини ютганини айтганида у ниҳоятда қувониб кетди. Бироқ қиз радиостанцияга борганида бу хурсандчиликдан асар ҳам қолмади. Кэтига катталиги 4 дюмли автомобиль макетини беришди, холос. 2001 йили Макгоуэн судга мурожаат қилди. Дерби графлиги судьяси айни дамда фаолият юритмаётган мазкур радиостанция Кэти Макгоуэн билан қонуний шартнома тузганлиги ва росмана автомобиль сотиб олиши учун унга 8.000 фунт тўланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. 2003 йили Австралиянинг Порт-Аделаида судида айбланувчи аёлга ҳукм чиқараётган судья шундай деди: «Сен гиёҳвандсан ва зовурда ўласан. Буни ўзинг танладинг. Мен ишчиларнинг сафсаталарига ишонмайман. Сен онангни масхара қиласан ва унга озор етказасан. Ким бўлишингни ўзинг ҳал қилишинг мумкин. Ишга жойлаша оласан. Биз, етти миллион киши ишлаймиз, ўн тўрт миллион нафардан иборат сизлар эса уйда ўтирасизлар ва телесериал кўрасизлар, наша чекасизлар, томирларингга нина санчасизлар. Сизларнинг бор-йўғимизни шилиб олишингиз жонимга тегди». У ўз сўзини қуйидаги сўзлар билан якунлади: «Агар гиёҳванд бўлиб, зовурда ўлишни хоҳласанг, бу сенинг ишинг. Тирик ёки ўлик эканлигингга ҳамма тупуради, аммо сени дунёга келтирган аёлни гўрга тиқасан. Лаънат бўлсин сенга». Судья аёлни қамоқ жазосига ҳукм қилди. Аслида унинг иши бундай жазога мустаҳиқ эмасди. Маҳкума аппеляция орқали ҳукмни бекор қилишга муваффақ бўлди. 1874 йили Канададаги Виннипег судида ишловчи Фрэнсис Эванс Корниш жамоат жойида ширакайф ҳолда бўлгани боис ўзини ўзи суд қилишга мажбур бўлди. У айбига иқрор бўлди ва ўзига 5 доллар ҳамда қўшимча равишда суд чиқимларини ҳисоблаб жарима солди. Кейин эса баённомага қуйидаги аризани тиркаб қўйди: «Фрэнсис Эванс Корниш! Сиз ўтган йили ўзингизни яхши тутганингиз сабабли жарима бекор қилинади». Чженчжоу (Хитой)да яшовчи бир эркак ўғлига «@» деб исм қўймоқчи бўлди. Бу фуқарога болалар учун фақат Хитой тилининг мандарин лаҳжасига таржима қилинадиган ном қўйиш мумкинлигини айтиб, мурожаатини рад этишди. 2004 йил сентябрь ойида Валасмулла (Шри-Ланка) суди судьяси А.К.М.Патабендиге суд залидаги айбланувчини эснагани учун бир йилга «кесиб» юборди. Жиноят иши бўйича жавобгар Н.В.П.Аджит шу даражада керишиб эснадики, судьянинг жаҳли чиқиб кетди. Жавобгарнинг бу иши судга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳоланди. 1994 йил 23 март. Колумбиялик 18 ёшли Рональд Опус ўз ҳаётига нуқта қўймоқчи бўлди. У 10 қаватли уйнинг томига чиқди, ўлимолди хатини ёзди ва ўзини пастга отди. Опус 9-қават ёнидан тушаётиб 8-қаватдаги деразадан чиққан ўқ бошига тегди. Ўлим ўшандаёқ юз берган. Маълум бўлишича, Рональд сакраш чоғида уйлардан биридаги эр-хотин жанжаллашиб қолишган. Жаҳли чиққан эр қўлига милтиқ олиб, хотинига ўқ узган, аммо нишонга теккизолмаган. Ўқ очиқ деразадан чиқиб, омадсиз йигитга тегди. Акс ҳолда Рональд тирик қолиши мумкин эди, чунки пастдаги йўловчиларга таъмирлаш ашёлари тушиб кетиб заҳмат етказмаслиги учун саккизинчи қаватда махсус тўр торттирилганди. Начора, Рональд Опус ўзини ўлдирмоқчи эди. Ниятга қараб берилади, дейишлари бежиз эмас. Мазкур иш ўз жонига суиқасд дея қайд этилиб ёпилди... Манба: Xabar.uz

10 Июль 2022 1910

Манипуляция ва ёшлар: троллар, нарциссизм, макиавеллизмдан огоҳ бўлинг!

 Охирги чорак асрда дунёнинг турли мамлакатларида ўз мақсадларига эришиш йўлида жамият аъзоларидан, тинч аҳоли вакилларидан фойдалана оладиган ғаразли ниятли кучлар ортиб бормоқда. Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, терактларнинг буюртмачилари асосан ёши катта инсонлардир. Уларнинг мақсадлари ҳам шунчалик каттаки, улар бир ёки икки миллат, ҳудуд билан чегараланмайди.  Давр ёшларини қийнаётган энг оғриқли ижтимоий муаммолар: меҳнат муҳожирлиги, саводсизлик, диний билимлар бобидаги илмсизлик, миллий адоват ўйғотувчи кучлар олдида ожизлик, тез алданиб қолиш, фундаментализмга мойиллик. Ёшлар онгидаги бу каби бўшлиқдан ташқи кучлар жуда унумли ва аёвсиз фойдаланмоқда. Натижада ёшлар охирини ўйламай мудҳиш жиноятларга қўл урмоқда: Ватанига, давлатига, давлат тузимига қарши жиноятлар содир этмоқда.  Охирги чорак асрда дунёнинг турли мамлакатларида ўз мақсадларига эришиш йўлида жамият аъзоларидан, тинч аҳоли вакилларидан фойдалана оладиган ғаразли ниятли кучлар ортиб бормоқда. Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, терактларнинг буюртмачилари асосан ёши катта инсонлардир. Уларнинг мақсадлари ҳам шунчалик каттаки, улар бир ёки икки миллат, ҳудуд билан чегараланмайди.  Давр ёшларини қийнаётган энг оғриқли ижтимоий муаммолар: меҳнат муҳожирлиги, саводсизлик, диний билимлар бобидаги илмсизлик, миллий адоват ўйғотувчи кучлар олдида ожизлик, тез алданиб қолиш, фундаментализмга мойиллик. Ёшлар онгидаги бу каби бўшлиқдан ташқи кучлар жуда унумли ва аёвсиз фойдаланмоқда. Натижада ёшлар охирини ўйламай мудҳиш жиноятларга қўл урмоқда: Ватанига, давлатига, давлат тузимига қарши жиноятлар содир этмоқда.  Яқиндагина бир гуруҳ шахслар популистик шиорлар ниқоби остида аҳолининг, асосан ёшларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғилди. Бу орқали давлат муассасаларини эгаллаб олишга, шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқаришга, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уринди.  Аслида ғаразли кучларнинг мақсади кўпчиликни ташкил этувчи ёшлар ўртасида адоват ва фитна қўзғаш, ҳокимиятни эгаллаш, халқлар ўртасида низо-урушлар чиқариб, тараққиёт ва фаровонлик йўлларини кесиб ташлашдир. Бузғунчи кучларнинг ортида турган манфур шахслар катта маблағлар эвазига ўз сценарийларини амалга оширади.  Албатта, бунга қарши жиддий чора кўриш зарур. Булар турли тадбирлар, фестиваль ва бошқалар билан чекланиб қолмаслиги муҳим. Чунки, виртуал оламдаги «троллар», виртуал провокаторлар аҳоли ўй-хаёллари ва ҳиссиётларини ҳам назоратга олмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги провокацион ахлоқ билан шахснинг ўзига хос феъл-атворидаги боғлиқликдан фойдаланиш, тролларнинг ўзига хос руҳий жиҳатлари – нарциссизм  яъни, эгоизмнинг ҳаддан ортиқ кўриниши, макиавеллизм – ўзгаларни манипуляция қилишга интилиш, садизм – бошқалар қийналганини кўриб роҳатланиш – бу ҳолатлар нафақат Ўзбекистон, балки бугунги ҳамжамият олдидаги жиддий муаммодир. Демак, бирдан-бир чора – илм.   Нуриддин Муродов, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раисиМанба: UzA.uz

6 Июль 2022 1740

“Журъат” - шунчаки айтилган сўз эмас...

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси Дилноза Хонбўтаева ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид қилаётган уч нафар  судланувчини суд залидан  очиққа чиқарди.  Воқелик ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлмади, ҳукм тарафларда эътироз уйғотмади, судья ҳам турли шубҳа-ю гумонлар остида қолгани йўқ. Тўғри, судланувчиларнинг суд залидан қўйиб юборилгани улар оқланганини англатмайди. Бироқ дастлабки терговда қўйилган айблов судда ўзгармаганига қарамай судланувчиларнинг темир панжара ортидан чиқарилиши эътибор тортадиган ҳолат ва унга икки оғиз шарҳ керакдай... Аввал жиноят иши ва судланувчилар ҳақида. Ўз юмушлари билан кетаётган зарафшонлик уч нафар ўспирин (улар ҳали йигирмаган кирмаган) юк автомашиналари тўхташ бекатида (Зарафшон шаҳар “А-379” автомобил йўлининг 201-километри) турган “Тико”га дуч келишади. “Ўйинчоқ”қа ўхшаб кетадиган ва бугунга келиб, ўрнини бошқа машиналарга бўшатиб бераётган “Тико”  уларда қизиқиш уйғотиши табиий. Машинанинг эшик ойнаси очиқлиги эса қизиқишни баттар кучайтириб, “битта миниб кўриш” истагига айлантирди.  Шу тариқа уччовлон машинани алюмин сим бўлаги билан ўт олдириб, навбатма-навбат бошқаришга тушишади. Томди туманининг “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудига етишганда машина ўчади. Ўт олдиришга қайта-қайта уринишлар наф бермагач, “Тико”ни ўша жойда қолдириб, жуфтакни ростлашади... Воқелик жиноят таркибини берадими? Шундай. Қайси модда? Сўзсиз “267”нинг 2-қисми “б” банди! (Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” бандида  бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, транспорт воситасини олиб қочиш назарда  тутилган, бу қилмиш учун шахс кам муддатга озодликдан марҳум қилинмайди ).  “Шоввозлар” қилган иши жиноят эканини, бунинг учун панжара ортига равона бўлишини ҳатто тасаввур этишмагани аниқ. Ўзларича бир “катайса” қилиб, у ёғига йўлимизда кетаверамиз, деб ўйлашган-да. Орадан қирқ саккиз соат ўтмай ўзларини ҳибсхона кўриши етти ухлаб, тушига кирибдими?! Бу ёғи нима бўлади энди? Йигитчаларнинг “иши” судда  кўрилган тарафлар (давлат айбловчиси ва адвокат) ўртасида яхшигина тортишув  бўлди. Яхши-да,  тортишуви қанчалик кучли бўлса, адолатга етиш йўли шунчалик қисқаради.  Аён бўлдики, йигитчаларда “Тико”ни олиб қочиш нияти бўлмаган, бундай ният бўлмагач, уларнинг аввалдан жиноий тил бириктириши-ю шунга яраша тайёргарлик кўришгани ҳақида гап бўлиши мумкинмас.  Судланувчиларнинг пушаймонлиги, оилавий аҳволи (уччовлоннинг биттаси оилада ёлғиз ўғил бўлса, бошқасининг ота-онаси ногирон, яна бирининг аҳволи улардан беҳроқ эмас...), жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, боз Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Қозоқ миллий-маданий маркази Навоий вилоят худудий бўлинмасининг илтимосномалари жазо тайинлашда инобатга олинади, албатта. Бироқ  содир этилган жиноят ва унинг жазоси залворидан келиб чиқилса, қонуний тўхтамга келиш учун судья етти эмас, етмиш ўлчаб, бир кесишига тўғри келади. Суд, судланувчиларга беш йил озодликдан чеклаш жазоси тайинлаб, юқорида айтилганидек, уларни суд залидан озодликка чиқарди. Юқоридаги баён билан енгилроқ жазо тайинлаш тарғиб этиляптими? Асло. Тўғри, судья жазо тайинлашда мустақил, аммо бу енгилроқ жазо унинг муруввати эмас, балки қонунчиликда назарда тутилган енгилликлар натижаси аслида. Жиноят ва жазолар мажмуи бўлган Жиноят кодексининг ўзида жазо тайинлашда одиллик ва инсонпарварлик принципи устувор бўлиши шарт қилинган. Яъни, гап жазонинг оғир ёки енгиллигидан кўра, унинг қонуний, асосли ва адолатлилигида. Ҳукмда шу учта омил мужассам бўлгандагина  том маънода адолат ҳақида гапириш мумкин. Судьянинг  салоҳияти эса мана шу учта омилни  уйғун қила олишида кўринади. Бунинг учун салоҳиятдан ташқари журъат ҳам керак. Журъатли судья ўз мақоми ва масъулиятини чуқур ҳис қилишдан ташқари унча-мунча таъсирларга берилмайди. “Таъсир” деганда  унинг ҳамма шакли ва ундан ҳам кўпроқ  ахборот ҳуружлари назарда тутилмоқда. Бугун ахборот майдонида ит эгасини, мушук бекасини танимаётгани бор гап. Ахборотнинг таъсир кучидан ҳеч ким ёки ҳеч қайси соҳа муҳофаза этилмаган. Фақат журъатли судьягина турли таъсир  шакллари қатори ахборий ҳужумлардан ҳам ўзини ҳимоя қилаолади.  Кўряпсизки, “журъат” шунчаки айтилган сўз эмас. Баски, бундай сифатга эга судьялар аҳолининг судга бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилишига таъкид ортиқча.

9 Июнь 2022 2294

Судьялар олий кенгашининг Қорақалпоғистондаги йиғилиши

Фарғонада водий вилоятлари судлари судьялари иштирокида   “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида семинар бўлиб ўтгани хабари берилганди. Судьялар олий кенгаши томонидан билан ўтказилган  шу мавзудаги тадбир куни кеча Нукусда ҳам ўтказилди. Онлайн шаклда ўтган тадбирда   Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритувчи судьялар ҳамда суд фахрийлари иштирок этишди. Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда узундан узоқ маърузалар қилинмади. Айтилдики, кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида озмунча ишлар қилингани йўқ.  Судьяларнинг дахлсизлигини реал таъминлашдан тортиб, ижтимоий муҳофазасигача, шунингдек, судьялик лавозимларига муносиб кадрларни танлаш ва тайинлашгача  муҳим амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг  «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (2020 йил, 7 декабрь) тизим фаолиятида янги саҳифа очган бўлса, яқинда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тизимдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий  кафолати ҳисобланади.  Бундай катта ўзгаришлар тизим вакилларига қўйиладиган талабни  ошириши табиий. Янги таҳрирдаги қонунда  судьялар  зиммасига коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича  фаолиятга ғайриқонуний аралашишга уринишларга муросасиз муносабатда бўлиш алоҳида мажбурият сифатида юклатилди. Фуқароларнинг тақдири билан боғлиқ масалаларни ҳал қилувчи судларда адолатли қарорлар қабул қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда холислик асосий мезон ҳисобланади. Тадбирда яна бир янгилик - судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолайдиган электрон рейтинг дастури ишлаб чиқилгани ва  уни амалиётга жорий чоралари кўрилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мазкур янги тартиб судьялар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиши алоҳида қайд этилди. Тадбир якунида иштирокчилар қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимида очиқлик ва шаффофликни янада кенгроқ жорий қилиш, коррупция ҳолатларни барвақт бартараф этиш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Тадбирдан кейин Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров  Нукусдаги Ўзбекистон Республикаси  Президентининг Халқ қабулхонасида  суд-ҳуқуқ масалалари бўйича фуқароларни қабул қилди.   Қабулда жами 65 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг 24 таси бўйича тушунтиришлар берилди, 19 тасига  жойида ечим топилди. Яна 13 та мурожаат юқори инстанция судида кўриб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, бир нафар шахсга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилиб, суд залидан озод қилинган бўлса, яна 24 нафар мурожаатчининг аризалари ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди. Қисқаси, бирорта мурожаат рад этилмади, пировардида, қабулга келган уч нафар фуқаро мамлакат раҳбари номига ташаккурнома билдирди.

14 Август 2021 1239

Суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасидаги муносабат халқаро экспертлар билан муҳокама қилинди.

Куни кеча Судялар олий кенгаши ташаббуси билан «Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабат» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Судьялар олий кенгаши ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларида ўртасидаги ҳамкорлик ва муносабатларнинг ҳуқуқий асоси, бу борада халқаро ҳуқуқий нормалар ҳамда хориж тажрибаси хусусида сўз юритилди. Тадбирда бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек АҚШ Суд институтининг директори Жереми Фогел, ЮНЕСКОнинг ОАВ билан алоқалари бўйича координатори Сабин Улле (Канада), ОАВ ҳуқуқи ва одоб-ахлоқини ўрганиш маркази директори Жейн Киртли(АҚШ) ва бошқа кўплаб нуфузли халқаро экспертлар иштирок этди. Улар ўз тажрибалари ва дунё миқёсида суд жараёнидаги шаффофликлар, очиқ судлар қай маънода манфаатли эканлилиги тўғрисида қизғин фикрларини билдириб ўтдилар.  Экспертлар фикрига кўра, бугунги жамият тараққиётини очиқлик ва шаффофликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кун шиддати суд тизими ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги конструктив мулоқотлар самарадорлигини янада оширишни тақозо қилмоқда. Бу жараёнда суд ҳокимияти вакилларининг жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларини янада шакллантириш қанчалик муҳим бўлса, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам шунчалик муҳимдир. ОАВ вакиллари суд жараёнини ёритишни мақсад қилар экан, аввало улар ахборотларни саралаш маданиятини ўзлаштиришлари керак бўлади. Журналистлар ва блогерлар иштирок этган суд жараёнлари нотўғри талқин этилмаслиги, улар тарқатган матиреал жамият ва давлат обрўсига путур етказмаслиги таъкидлаб ўтилди. «Судяларнинг якуний қарор қабул қилиши бу алоҳида жараён. Тўғри улар кўриб чиқилган иш бўйича якуний қарор қабул қилиш қилиши ёпиқ ҳолда, алоҳида бир хонада бўлиб ўтади. Бироқ улар нимага асосланган ҳолда бу каби ҳукм чиқарганликларини тушунтириб беришлари ҳам судларнинг шаффофлигидандир», — дейди АҚШ Суд институтининг директори Жереми Фогел. Бунда судьялар ва журналистлар ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш, амалий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Тадбирда иштирок этган халқаро экпертлар суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасида муносабатни тартибга солувчи халқаро ҳужжатлар мазмун-моҳияти, суд ишларини ёритиш бўйича хориж тажрибаси, муаммо ва ечимлар хусусида маърузалар қилди. Давра суҳбатида судлар фаолияти ёритилишида суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги, инсон шаъни ва қадр-қиммати, жисмионий ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўси муҳофазасига оид масалалар кенг муҳокама қилинди.

15 Июнь 2021 1432
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech