Ўзини суд қилган судья ёки дунёдаги қатор ғалати даъволар хусусида

10 Июль 2022 12:39 1772 Чоп этиш

Профессор Гэри Слэппер ҳуқуқий соҳадаги ғаройиб ва кулгили воқеаларни йиғиб юради. Унинг «Times» газетаси юридик бўлимига тегишли рукни узоқ вақт нашрнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Қуйида Слэппер бисотидаги ноодатий баҳс-мунозаралар, айбловлар ва суд даъволашувларини ҳавола этамиз...

  1. 2004 йили Американинг Висконсин штати Фонд-дю-Лак шаҳрида яшовчи Тимоти Дюмушель маҳаллий телекомпанияни судга берди. У даъво аризасида айнан телекомпания туфайли хотини семириб кетгани, фарзандлари эса «бир каналдан бошқасига ўтказишдан бошқа ишни билмайдиган дангаса, танбалга айланишгани»ни қайд этган эди.

«Кейинги тўрт йил мобайнида ҳар куни телевизор томоша қилаётганимиз сабабли мен чекиб, ичмоқдаман, хотиним эса ҳаддан зиёд вазн орттириб, қийналмоқда», деб ёзган эди Дюмушель.

Мазкур иш билан ўша пайтда Америкадаги 1.058.662 адвокатдан икки нафари шуғулланди, бироқ у олий судгача етиб бормади.

  1. 2005 йили Бразилияда истиқомат қилувчи 31 ёшли Жундиан исмли аёл ўзининг севгилисини судга берди. 38 яшар маҳбуби унга эътибор қаратмаётган, ишқий масалаларда худбинлик қилаётган эмиш!

Даъво аризаси муҳокама этилиб, гап-сўзларга айланиб кетди. Суд эса Жундианнинг даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортди.

  1. 2004 йили немис ҳуқуқшуноси Юрген Грефе Бонндан унча узоқ бўлмаган Сент-Августин шаҳридаги ёши ўтиб қолган нафақахўр аёлнинг манфаатларини ҳимоя қилиб чиқди. Кампирнинг йиллик даромади 287 миллион евро бўлса-да, у солиқ хизмати томонидан давлат ғазнасига 287 миллион евро тўлаши кераклиги ҳақида хат олганди.

Грефе давлат идораларига битта хат ёзиш билан бу муаммони ҳал қилди. Германия қонунлари бўйича Грефе эришадиган натижадан келиб чиқиб унга гонорар берилиши керак эди. У мазкур миқдорни 440.234 еврога баҳолаб, ҳисобни уларга юборди. Бу гонорарни давлат тўлаши керак эди, албатта. Қарабсизки, кампирни тинч қўйишди, ахир давлат беҳудага пул бериб қўярмиди!

  1. 1972 йили Йоркширдаги Уэйкфилд шаҳар судида Режинальд Седгуик иши муҳокама қилинди. У Клекхитон вокзалидаги талончиликда айбланганди. Айблов тафсилотига кўра, жавобгар бўлмиш биноларни бузиш билан шуғулланувчи компания раҳбарияти вокзалнинг ташландиқ тошдан қурилган иморатини қонунга зид равишда бузиб ташлаган ва у ердан 24 тонна бўлакларни олиб чиққан.

Седгуик бу ишни фақат учинчи шахс буюртмасига кўра амалга оширганини айтиб туриб олди. Учинчи шахс кимлиги эса аниқланмай қолди. Седгуикнинг адвокати барча далилларни тўкиб ташлади ва суд унинг ҳимоясидаги одамни айбсиз деб топди.

  1. 2005 йили россиялик астролог Марина Бай машҳур NASA муассасасини судга берди. Даъво аризасида «Коинот кучи мувозанати табиий равишда бузилган»и қайд этилган ва 165 миллион фунт миқдорида товон тўлаш талаб қилинганди.

Марина Бай уқтиришича, учириб юборилган Deep Impaсt космик зонди комета билан тўқнашиб кетиши ва портлаш туфайли пайдо бўладиган нарсалардан намуналар олиши керак бўлган, бу эса айни «террорчилик акти»дир!

Москва судларидан бири мазкур масалани кўриб чиқиш Россия юрисдикцияси ваколатига киришини айтиб, ўша идорага ўтказди. У ерда эса даъво аризаси қабул қилинмади.

  1. 2006 йили Шанхай яқинидаги Цзясин шаҳрида яшовчи ёш йигитча қонунчиликка муроса қилолмай ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашди ва интернетдаги кимошди савдосига ўз... қалбини қўйди.

Портал маъмурияти савдодаги лотни тўхтатди ва сотувчига қалбини сотувга қўйиши учун «юқори турувчи идора»дан ёзма равишда рухсатнома олиб келишини уқтирди.

  1. 2004 йили Нью-Йорк суд идораларидан бирида ишловчи Фрэнк Д’Аллесандро шаҳар маъмуриятини судга берди. У даъво аризасида ўзи ўтирган унитаз портлаб, бўлакларга айлангани ва жароҳат олганини ёзди. Д’Алессандро 5 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилган эди. Ҳар куни ишга кетиш олдидан физиотерапия сифатида амалга оширадиган жисмоний машқлари борасида эса шундай деди: «Бу қандайдир бавосил, қуриб кетсин!»
  2. 1984 йилнинг ноябрида барон Хаддлстон капитан Томас Дадли ва қандайдир Эдвин Стефенсларнинг ғавғоли ишини кўриб чиқди. Улар кичик матрос Ричард Паркерни ўлдиришда айбланганди.

Учовлон ўтирган яхта Саутгемптондан Сидней бўйлаб сузаётганида кема ҳалокатга учради. Улар паноҳ топган қайиқ қуруқликдан 1660 мил нарида эди. Орадан 20 кун ўтгач, Дадли ва Стефенс тирик қолиш учун Паркерни ўлдиришди ва марҳумнинг жигари ва қони ҳисобига жон сақлаб қолишди. Яна 4 кундан сўнг икковлонни немис кемаси қутқарди. Эксетер суди уларни қотилликда айбдор деб топди ва ўлим жазосига ҳукм қилди. Бироқ кейин бу ҳукм оғир меҳнатсиз 6 ойлик қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Дадли ва Стефенс ўз қилмишларини «мажбурий эҳтиёж» билан оқламоқчи бўлишди, аммо суд бу баҳонани қонуний деб топмади.

  1. Radio Buxton радиостанцияси бошловчиси 26 ёшли Кэти Макгоуэнга танловдаги барча саволларга тўғри жавоб бериб, соврин сифатида Renault Clio автомобилини ютганини айтганида у ниҳоятда қувониб кетди. Бироқ қиз радиостанцияга борганида бу хурсандчиликдан асар ҳам қолмади. Кэтига катталиги 4 дюмли автомобиль макетини беришди, холос.

2001 йили Макгоуэн судга мурожаат қилди. Дерби графлиги судьяси айни дамда фаолият юритмаётган мазкур радиостанция Кэти Макгоуэн билан қонуний шартнома тузганлиги ва росмана автомобиль сотиб олиши учун унга 8.000 фунт тўланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.

  1. 2003 йили Австралиянинг Порт-Аделаида судида айбланувчи аёлга ҳукм чиқараётган судья шундай деди:

«Сен гиёҳвандсан ва зовурда ўласан. Буни ўзинг танладинг. Мен ишчиларнинг сафсаталарига ишонмайман. Сен онангни масхара қиласан ва унга озор етказасан. Ким бўлишингни ўзинг ҳал қилишинг мумкин. Ишга жойлаша оласан. Биз, етти миллион киши ишлаймиз, ўн тўрт миллион нафардан иборат сизлар эса уйда ўтирасизлар ва телесериал кўрасизлар, наша чекасизлар, томирларингга нина санчасизлар. Сизларнинг бор-йўғимизни шилиб олишингиз жонимга тегди».

У ўз сўзини қуйидаги сўзлар билан якунлади:

«Агар гиёҳванд бўлиб, зовурда ўлишни хоҳласанг, бу сенинг ишинг. Тирик ёки ўлик эканлигингга ҳамма тупуради, аммо сени дунёга келтирган аёлни гўрга тиқасан. Лаънат бўлсин сенга».

Судья аёлни қамоқ жазосига ҳукм қилди. Аслида унинг иши бундай жазога мустаҳиқ эмасди. Маҳкума аппеляция орқали ҳукмни бекор қилишга муваффақ бўлди.

  1. 1874 йили Канададаги Виннипег судида ишловчи Фрэнсис Эванс Корниш жамоат жойида ширакайф ҳолда бўлгани боис ўзини ўзи суд қилишга мажбур бўлди. У айбига иқрор бўлди ва ўзига 5 доллар ҳамда қўшимча равишда суд чиқимларини ҳисоблаб жарима солди.

Кейин эса баённомага қуйидаги аризани тиркаб қўйди: «Фрэнсис Эванс Корниш! Сиз ўтган йили ўзингизни яхши тутганингиз сабабли жарима бекор қилинади».

  1. Чженчжоу (Хитой)да яшовчи бир эркак ўғлига «@» деб исм қўймоқчи бўлди. Бу фуқарога болалар учун фақат Хитой тилининг мандарин лаҳжасига таржима қилинадиган ном қўйиш мумкинлигини айтиб, мурожаатини рад этишди.
  2. 2004 йил сентябрь ойида Валасмулла (Шри-Ланка) суди судьяси А.К.М.Патабендиге суд залидаги айбланувчини эснагани учун бир йилга «кесиб» юборди. Жиноят иши бўйича жавобгар Н.В.П.Аджит шу даражада керишиб эснадики, судьянинг жаҳли чиқиб кетди. Жавобгарнинг бу иши судга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳоланди.
  3. 1994 йил 23 март. Колумбиялик 18 ёшли Рональд Опус ўз ҳаётига нуқта қўймоқчи бўлди. У 10 қаватли уйнинг томига чиқди, ўлимолди хатини ёзди ва ўзини пастга отди.

Опус 9-қават ёнидан тушаётиб 8-қаватдаги деразадан чиққан ўқ бошига тегди. Ўлим ўшандаёқ юз берган. Маълум бўлишича, Рональд сакраш чоғида уйлардан биридаги эр-хотин жанжаллашиб қолишган. Жаҳли чиққан эр қўлига милтиқ олиб, хотинига ўқ узган, аммо нишонга теккизолмаган. Ўқ очиқ деразадан чиқиб, омадсиз йигитга тегди. Акс ҳолда Рональд тирик қолиши мумкин эди, чунки пастдаги йўловчиларга таъмирлаш ашёлари тушиб кетиб заҳмат етказмаслиги учун саккизинчи қаватда махсус тўр торттирилганди.

Начора, Рональд Опус ўзини ўлдирмоқчи эди. Ниятга қараб берилади, дейишлари бежиз эмас.

Мазкур иш ўз жонига суиқасд дея қайд этилиб ёпилди...

Манба: Xabar.uz

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech