Биринчи суд мажлисига қадар...

18 Сентябрь 2022 13:29 2181 Чоп этиш

...Бугун судья сифатида биринчи суд мажлисини ўтказаман. Бироз ҳаяжон бор, албатта. Ҳозиргина суд раиси хонамга кириб, озроқ далда ва катта омад тилаб чиқиб кетди. Иш столимдаги “дело” суд мажлисидан сўнг бироз семирса керак.  Бу ёғини энди воқеалар ривожи кўрсатади...

 Ёрдамчимнинг тарафлар келганини, фақат адвокати бироз кечикаётганини маълум қилди. Демак, ҳужжатларни яна бир бор кўриб чиқишга озроқ фурсат бор.

“Дело”ни варақлаяпман-у, кўз олдимда шу пайтгача ўтган кунлар гавдаланмоқда. Унверситет. Талабалик. Сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилуви органларда бошланган илк фаолият. Биринчи маош...

Кўплар ўйлайдики, олий маълумотли ҳуқуқшунос шаҳодати қўлга теккандан кейин бир-икки йилда судья бўлиш мумкин, деб. Э, йўқ, суд тизимида тартиб-у талаблар бошқароқ.  Диплом қўлингизга текканидан кейин камида етти йил ҳуқуқ тизимида ишлаб, ўзингизни кўрсатишингиз керак.  Сўнг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бир йил таҳсил олиб, ана ундан сўнг муқобиллик ва очиқ танлов асосида  судьялик лавозимига тайинланишингиз мумкин. Судьялар олий мактабидаги таҳсил шунчаки малака ошириш курслари эмас. Ушбу даргоҳнинг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига ўқишга кирмоқнинг ўзи бўлмайди. Танлов ҳам, талаб ҳам катта эканига ортиқча таъриф шартмас. Бахтингиз чопиб, ўқишга кирганингиздан кейин бир йил, таъбир жоиз бўлса, бош кўтармай ўқиб-изланишингиз лозим...  

Шукрки, ҳаракатларим бесамар кетмади: бир йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ўқишга кириб, бу йил муваффақиятли битириш насиб этди.  Диплом қўлга текканидан кўп ўтмай судьялик лавозимлари учун эълон қилинган очиқ танловда иштирок этиб, ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Тошкент вилояти Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинландим.

 Табриклаётганларнинг ярим ҳазил билан  “қози” деб мурожаат қилишганининг ўзи шу лавозимнинг обрўсидан кўра, унинг масъулиятини янада чуқур ҳис қилишга турти беряпти. Шулар ҳақида ўйлар эканман, ёдимга Термизий томонидан ривоят қилинган қуйидаги мазмундаги ҳадис ёдимга тушмоқда: “Қозилар уч тоифа бўлади, бир тоифа жаннатда ва икки тоифаси дўзахда бўлишади. Жаннатда бўладиган қози ҳақни билиб, ўша асосда ҳукм этади. Дўзахда бўладиган икки тоифа қозиларнинг бири ҳақни билиб туриб, унинг зиддига ҳукм берса, яна бири  билимсиз тарзда ҳукм  чиқаради” !

Демак, зиммасига судьялик вазифаси юклатилган шахс тинимсиз-ўқиб изланмонғи керак. Бунинг учун  имконият, шароит етарли. Хизмат хонасидан тортиб, ижтимоий муҳофазагача... ҳамма-ҳамма нолигудек эмас. Бундан ташқари тизимда “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида  кўп йиллик тажриба, назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган судьяга бириктирилганлигим, янги ҳамкасблар ва суднинг бошқа ходимларининг самимий муносабати... Яна нима керак?!

Судья сифатида бошқарадиган биринчи суд мажлисим олдидан ўз олдимга қўйган ички мақсадларни тафтиш этар эканман, судьялик мақомини танлашга туртки берган интилишларим тўғри эканлиги, судьянинг қасамёдини қабул қилишда берган ваъдаларим расмият учун эмас, балки ички ишончимни акс эттирувчи сўзлар эканлигини ҳис қилмоқдаман.

...Эшикдан  ёрдамим кўриниш берди: ҳамма нарса тайёр. Мен ҳам ёзувларимни шу ерда тўхтатиб, эгнимга мантияни ташладим.

 Мантия - судьянинг махсус либоси. Юпқагина матодан тикилган. Уни эгнимга илганим ҳамоно, рости, жуда оғир туюляпти...

 Улуғбек Ҳусанов,

Тошкент вилояти Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech