Судьялар олий кенгашининг Қорақалпоғистондаги йиғилиши
Фарғонада водий вилоятлари судлари судьялари иштирокида “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида семинар бўлиб ўтгани хабари берилганди.
Судьялар олий кенгаши томонидан билан ўтказилган шу мавзудаги тадбир куни кеча Нукусда ҳам ўтказилди. Онлайн шаклда ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритувчи судьялар ҳамда суд фахрийлари иштирок этишди.
Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда узундан узоқ маърузалар қилинмади. Айтилдики, кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида озмунча ишлар қилингани йўқ. Судьяларнинг дахлсизлигини реал таъминлашдан тортиб, ижтимоий муҳофазасигача, шунингдек, судьялик лавозимларига муносиб кадрларни танлаш ва тайинлашгача муҳим амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (2020 йил, 7 декабрь) тизим фаолиятида янги саҳифа очган бўлса, яқинда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тизимдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Бундай катта ўзгаришлар тизим вакилларига қўйиладиган талабни ошириши табиий. Янги таҳрирдаги қонунда судьялар зиммасига коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятга ғайриқонуний аралашишга уринишларга муросасиз муносабатда бўлиш алоҳида мажбурият сифатида юклатилди. Фуқароларнинг тақдири билан боғлиқ масалаларни ҳал қилувчи судларда адолатли қарорлар қабул қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда холислик асосий мезон ҳисобланади.
Тадбирда яна бир янгилик - судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолайдиган электрон рейтинг дастури ишлаб чиқилгани ва уни амалиётга жорий чоралари кўрилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мазкур янги тартиб судьялар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиши алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимида очиқлик ва шаффофликни янада кенгроқ жорий қилиш, коррупция ҳолатларни барвақт бартараф этиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Тадбирдан кейин Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров Нукусдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича фуқароларни қабул қилди. Қабулда жами 65 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг 24 таси бўйича тушунтиришлар берилди, 19 тасига жойида ечим топилди. Яна 13 та мурожаат юқори инстанция судида кўриб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, бир нафар шахсга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилиб, суд залидан озод қилинган бўлса, яна 24 нафар мурожаатчининг аризалари ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.
Қисқаси, бирорта мурожаат рад этилмади, пировардида, қабулга келган уч нафар фуқаро мамлакат раҳбари номига ташаккурнома билдирди.