Судлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Судлар тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Суд ҳокимияти
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.
2-модда. Суд тизими
Ўзбекистон Республикасида суд тизими:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
ҳарбий судлар;
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари;
жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари;
туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари;
туманлараро маъмурий судлардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига кўра судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.
Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
3-модда. Судлар тўғрисидаги қонунчилик
Судлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.
4-модда. Суднинг асосий вазифалари
Суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech