Ойнадан ўпкаланмайди
Наманганда суд ходимлари орқали гўёки “ишни ҳал қилиб бериш” эвазига (иш бўйича тараф бўлган) фуқаролардан пул талаб қилган икки нафар адвокат қўлга олинганига оид хабар айрим интернет-нашрлардан ташқари анча-мунча телеграмм-каналда ҳам эълон қилинди. Бироқ ушбу ахборот Судьялар олий кенгашининг ахборот ресурсида (биринчи манбага ҳавола берган ҳолда) берилгани айрим адвокатларга бироз малол келган кўринади. Хусусан, адвокат А. Абдуллаев ҳамкасбларининг хатти-ҳаракатларини оқламаслигини (суд ҳукми билан айбдор топилса, албатта) қайд этиши баробарида бундай ҳолатлар суд тизимида унда-бунда учраб турган коррупциянинг белгиси эканига ҳам ишора қилади ва бу гап қисман тўғри. Шунингдек, унинг тизимдаги муаммолар хусусидаги фикр-таклифининг оҳанги нордон ва бироз баҳсли эканидан қатъий назар, нияти некбин экан, эътиборга муносибдир. Андижонлик бир неча адвокатлар томонидан юритилишига ишониладиган “Bastion” каналининг муносабати ҳақида бундай деб бўлмайди. Панада туриб фаолият кўрсатувчи канал маъмурлари (худдики биров билмайдигандек?!) одатича масалани калта қарич билан ўлчаши натижасида яхшигина майдалашиб (ҳатто мижғовлашиб!) кетибди, таассуф...
Ахборот кимнингдир кўнглига ёки қайсидир қавмнинг қош-қабоғига қараб эълон қилинмайди. Гап – нима мақсадда эълон қилинаётганида.
Бугун одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар дахлсизлиги таъминланишини кучайтириш орқали суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Узоққа бормайлик, шу йилнинг 16 январида Давлатимиз раҳбари имзо чеккан фармонни эслаш кифоя. Шундай экан, суд ҳокимияти мавқеига акс таъсир этувчи ҳар қандай воқеликни судьялар ҳамжамиятининг органи бўлган Судьялар олий кенгаши фавқулодда ҳолат сифатида баҳолайди. Наманганлик икки нафар адвокат билан боғлиқ ахборотни эълон қилишдан пировард мақсад шу. Негаки, одил судлов мавқеига шу ва шу каби ҳолатлар акс таъсири сезиларли даражада бўлиши аниқ.. Жамоатчиликни шундай ёқимсиз ҳолатлардан огоҳ этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланадики, фуқаролар билиб-билмай фирибгарлик қурбонига айланмасин, шу баробарида суд ходимлари ҳам воқеаликлардан ўз вақтида воқиф бўлиб борсинлар... Бундай мазмундаги хабарлар Кенгаш каналида кеча ё бугун эмас, балки илгаридан бериб борилади. Қолаверса, Судьялар олий кенгаши аҳоли орасида гўёки “судда пулсиз ишинг битмайди”, деган тасаввур шаклланишига сабабчи бўлиш баробарида ўзича “судья билан ишни ҳал қилиши” ортидан қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилаётган адвокатлар кўпайиб бораётганидан аввал ҳам бежизга жиддий ташвиш билдирмаган ( 2022 йилда бир эмас, бир неча ўнлаб адвокатга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари судларга келиб тушгани вазият жиддий эканини кўрсатиб турибди). Негаки, одил судловни амалга оширишда адвокатура институтининг аҳамияти қандай бўлса, тизимда коррупциянинг олдини олиш борасидаги қонуний ҳаракатлари аҳамияти ундан ҳам кўпроқдир. Иллатнинг олдини олиш ёки фош этиш ўрнига уни урчишига сабабчилардан бўлиш ҳар икки тизимнинг умуммақсадини ифодаламайди, ахир?!
“Bastion”чилар эса масаланинг бу ёғини эътиборга олмай Судьялар олий кенгаши матбуот хизматини “судда айби исботланмаган, суд ҳукми ўқилмаган ва ҳукм кучга кирмаган инсонларни тақдирига хамда ишни кўрадиган 1-чи ва кейинги инстанция судларига ўз фикрини олдиндан билдириб қўйишда”, дея сувни баттар лойқалатишга тушади. Биринчидан, Кенгаш матбуот хизмати ахборотни биринчи манба сифатида эълон қилгани йўқ. Балки, оғриқли воқелик аҳамиятидан келиб чиқиб, уни кўчириб босди, холос. Биринчи манбада воқелик тафсилотлари икир-чикиригача баён қилиниб, аввалдан ҳукм-хулоса қилинмаган, гумондорларнинг на исми-шарифи, на иш жойи очиқланганки, айбсизлик презумпциясига риоя этиш шу-да. Иккинчидан, бошқа манба ахборотини Кенгашга сунъий равишда боғлаб, бу билан гўёки “ишни кўрадиган 1-чи ва кейинги инстанция судларига ўз фикрини олдиндан билдириб қўйиш”, дея талқин қилиш эса, жуда юмшоқ айтганда, энсани қотиради. Чунки, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади (“Судлар тўғрисида”ги қонун, 1-модда), Судьялар олий кенгаши эса суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашувчи орган ҳисобланади (“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун, 2-модда). Баски, Кенгашнинг асосий фаолияти ва ваколати ҳақида тузукроқ тасаввурга эга бўлмай “ ...судларга ўз фикрини олдиндан билдириб қўйиш”да айблаш кулгили эмасми?! Шугина ахборотни дастак қилиб, Кенгаш каналини “желтый пресса”га менгзаш, ушбу орган матбуот котиби “юрист одам бўлиши керак!” деб иддао қилиш-чи?!
Ўрни келибди, билдириб қўйиш зарар қилмайди: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4366-сон (27.06.2019 йил) қарорига кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ходимлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан лавозимга тайинланади. Мазкур лавозимга тайинлов эса Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Кенгаш матбуот котиби мазкур тартиблар асосида лавозимга тайинланган. Унинг қандай мутахассис эканини “Bastion”чиларнинг ўзлари аччиқ алам аралаш эътироф этганини унутмаган бўлса керак.
Яна бир гапки, Кенгаш матбуот хизмати томонидан берилаётган баёнот ва муносабатлар мазкур органнинг позицияси ҳисобланади, илло матбуот котибининг шахсий фикри эмас. Шунга қарамай “Bastion” каналида чиққан материалларга “ўзларининг услубида” берилаётган муносабат-баёнотларни Кенгаш матбуот котибининг шахси билан боғлаб, ғирром усулда ахборот хуружи уюштирилаётгани на одобга, на одамийликка тўғри келади?!
Судьялар олий кенгаши танқидларга нисбатан нечоғли тоқатли эканига таъкид шарт эмас. Ижтимоий тармоқларда “Bastion”дан бошқа айнан адвокатлар юритаётган қатор телеграм-каналлар ҳам борки, уларда эълон қилинаётган холис ва асосли танқидларга ўз ўрнида муносабат билдириб борилмоқда. Ҳатто ўша адвокат-блогерлар Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказилган танловда ғолиб деб топилгани ҳам сўзимизнинг яққол исботидир. Улар “пистирма”да турволиб, текканга тегиб, тегмаганга кесак отаётгани йўқ, асоссиз танқидига ўхшатиб берилган жавобдан ўзини қўярга жой тополмай, бировнинг шахси ва шаънига тегиниб, ожизлигини намоён этмайди. Шу боис обуначилари кўп, мижозлари олдида юзлари ёруғ, жамоатчилик ўртасида ўз ҳурматига эга...
Айтганча, “Bastion”чилар муносабати ниҳоясида “Соғ бўласлааа… Турсунхонман” (бунақа масхарабозлик ҳуқуқшуносга ярашмайди, уят-э?!), деркан, М. Тиллаевга оид жиноят ишига тааллуқли суд мажлиси баённомаси сохталаштирилгани оид хабар юзасида хизмат текшируви ўтказилаётганини эслатибди:“Шу нима бўлди?! А, лаббай?! Кутвомиза…” (О-ла?!). Жавобимиз шу: турсунхонмисиз, шоядхон ё ҳидоятхонми ёки дилмурод ё гулмуродми, хизмат текшируви ҳали якунлангани йўқ, ўринли сабабларга кўра муддати – узайтирилган. Хизмат текшируви қонуний муддатда поёнига етиб, якуни Андижон вилояти судлари судьялари малака ҳайъатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилгунча сабр, сабр, сабр...
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати
P.S. Ушбу муносабат эълон қилиниши арафасида ижтимоий тармоқларда яна битта хабар тарқади. Унда самарқандлик адвокат бир фуқародан қамоққдаги ўғлини чиқариб бериш эвазига 10 000 АҚШ доллари олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатворгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича фирибгарлик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилибди. Таассуф..