Очиқлик: тартиб, масъулият ва маданият

5 Март 2024 17:11 1056 Чоп этиш

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Ж. Тўлагановнинг  судларда тез-тез ҳозир бўлиши янгилик эмас. Сўнг кўпинча ижтимоий тармоқларда шундай мазмунда бонг урадики, судларда очиқлик йўқ, суд жараёнини тасвирга олишга яна рухсат берилмади, ваҳоланки, очиқлик ва шаффофлик – давр талаби... ва ҳоказо, ҳоказо!

Ҳолат ўрганилганда вазият яхшигина бўрттирилганидан ташқари Ж. Тўлаганов депутат эканини пеш қилавериши,  белгиланган тартибларга риоя этмаслиги,  ҳатто суд ишларига таъсир ўтказишга урингани ойдинлашади.

 Шундай ҳолат ўтган йили жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида юз берганди. Мазкур ҳолатга Кенгаш матбуот хизмати томонидан ўз вақтида муносабат билдирилгани  жамоатчиликка маълум.  Жамоатчиликка  маълум бўлмагани шуки, ўша суддаги хатти-ҳаракатлари учун депутатга нисбатан  суднинг хусусий ажрими чиқилган.

Яқинда Тошкент вилоят судида шунга ўхшаш ҳолат такрорланди. Бу сафар ҳам суд жараёнини тасвирга олиш ҳақидаги илтимоснома судлов ҳайъати томонидан рад этилгани (иш бўйича тараф бўлмаган!) депутатда эътироз уйғотади.

Шунга кўра, такрор айтишга тўғри келмоқда: суд мажлисини видеотасвирга олиш ҳақида илтимоснома судья (судлов ҳайъати) томонидан тарафларнинг розилиги (фуқаролик ишлари бўйича судларда) ва фикрини (жиноят, иқтисодий ва маъмурий судларда) инобатга олган ҳолда ҳамда  иш ҳолатидан келиб чиқиб, мустақил ҳал қилинади.

Илтимоснома қаноатлантирилмагани –  журналист ёки блогер суд мажлисини тарк этиши шарт, дегани эмас. Улар судда кузатувчи сифатида иштирок этиши, эркин тарзда қайдлар ёзиб олиши ёки стенограмма юритиши мумкин, бунга ҳеч қандай монелик йўқ.

Мазкур тартиб депутатга ҳам тегишли.

Шунга қарамай Ж. Тўлаганов (ижтимоий тармоқдаги “Aspekt 24” ходими билан бирга) ўз эътирозини одоб доирасидан четга чиққани ҳолда билдириб, суд мажлисини ўтказишга фаол халал берган, натижада судлов ҳайъати томонидан унга нисбатан яна  хусусий ажрим чиқарилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Куни кеча Поп туман судида  судланувчи М. И.га (аёл)  оид жиноят иши (судланувчи  гиёҳванд моддалар савдосига доир жиноят содир этганликда айбланмоқда: ЖК 25/273-моддаси 5 қисми)   кўриб чиқилди.  16 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлиси бошланишидан олдин Ж. Тўлаганов (Aspekt 24” ходими билан бирга) суд биносига кириб, миллий гвардия ходимлари ва суд раисининг огоҳлантиришига бўйсунмай яна депутат экани, шахсий дахлсизлиги мавжудлиги, шунинг учун ҳам суд залига телефон билан кириши мумкинлиги, суд жараёнини тасвирга олмоқчи эканини билдиради.

Ушбу ҳолат Aspekt 24”  ходими томонидан тасвирга олиб, ижтимоий тармоқдаги каналида эълон қилинади. Тасвирларда депутат ўз хатти-ҳаракатлари билан одоб доирасидан яна четга чиққани яққол кўринади. Устига устак, ижтимоий тармоқда эълон қилинган лавҳада ҳали якунига етмаган иш бўйича турли тахминлар билдирилиб, судьялар адолатсизликда айбланадики,  бу судга нисбатан босимдан бошқа нарса эмас. Шунингдек,   судланувчининг адвокати якунига етмаган мазкур иш бўйича интервью бериб, судьянинг процессуал ҳаракатидан беозор бўлса-да, норози оҳангда гапириши ҳам адвокатлик этикаси зид ҳисобланади.

Кенгаш матбуот хизмати аввал ҳам таъкид этганидек, Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида (айрим истиснолардан ташқари) барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилиши  қайд этилган.  Суд мажлисларининг хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, уларни бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари кўрлиши ҳам қонунда белгилаб қўйилган. Бундан ташқари: “Раислик қилувчи суд мажлиси залида тартибга риоя қилинишини таъминлайди. Унинг фармойишлари тарафлар ва барча ҳозир бўлганлар учун мажбурийдир” (ЖПК, 408-модда).

Мазкур тартиб депутат ҳам риоя этиши шарт, бунинг дахлсизлигига таъсир этмайди. Чунки, юқорида қайд этилган ҳолатларда суд томонидан депутатнинг уяли телефонини олиб қўйиш ёки кўздан кечириш талабини қўяётгани йўқ. Балки, ундан  суд процессида рухсатсиз фойдаланмасликни талаб қилмоқда, холос.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги ПФ-4966-сон “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида “Суд бинолари, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ишлаб чиқилган бўлиб (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 15 мартда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами: 2981),  унга кўра, уяли телефон аппарати раислик этувчининг рухсатисиз суд биносига  олиб кириш чекланиши белгиланган. Бундай ҳуқуқий ҳужжатлар қонунларни амалиётга самарали тадбиқ этиш учун ишлаб чиқилади.

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутатининг судлардаги хатти-ҳаракатлари, булар натижасида унга нисбатан такрор-такрор хусусий ажримлар чиқарилаётгани таассуфли. Депутатлик шараф, албатта, шу баробари катта масъулиятдир. Илло, депутатлик суд мажлисида шахсга ҳеч қандай, хусусан, жараённи рухсатсиз тасвирга олиш имтиёзини бермайди.

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech