Янгиликлар

Юк кўтарган юзага чиқаверади

Муҳаббат Рабиева – сирдарёлик. Табиатан камтар ва ўта камгап.  Лекин суд мажлисида “дело”ни у ёғидан кириб-бу ёғидан чиқади-да, ўта талабчан. Унга қараб, бир танда иккита инсон борми, дейсан: судья Рабиева билан аёл (она, бека) Рабиева бир-бирга ўхшамайди, хуллас. Куни кеча, Судьялар олий кенгашида ўтган йил якунларига кўра, “Ибратли судья” мукофотини уялиб-қимтинибгина оларкан, микрофон тутган тележурналистлар олдида гап тополмай қолди: “во-ой, нима дейман?”. Тушуниш мумкин: мукофот ҳаяжони, устозлар салобати,  боз атрофда ҳавас ва ҳайрат билан тикилган кўзлар... Бундай пайтда  тилига сўз келмай олиши табиий. Тўғри, маълум ва бир қолипдаги гапларни такрорлашдан осони йўқ, яъники: “...бу мукофот судья сифатида зиммамга янада катта масъулият юклайди, одил судловни амалга ошириш учун ўз устимда тинимсиз ишлаб, рейтинг балларимни яна-да кўпайтириб...” ва ҳоказо, ҳоказо...  Бироқ Муҳаббатнинг ўзи камгап, мабодо, гапиргандаям бунақа “шаблон” сўзлардан қочади. Самимий чиқмайди-да. Бу ёқда мухбирлар бир-бирига ажабланиб қарашади, денг: бу аёл ростдан... Олий суд судьясими? Ҳа, Муҳаббат Рабиева ростдан Олий суд судьяси. Бу даргоҳга  кеча ё бугун  келмаган - беш йилдан буён Олий судда заҳмат чекяпти. Йўқ, “заҳмат” сўзини қўллаб, оширвормадик. Судьялик лавозими, номи минг жарангдор бўлмасин, турган-битгани заҳмат аслида. Аксарият судьяларнинг қирққа кирмай сочини қиров қўниши, элликка бормай юзига анжинлар нақш солиб улгургани -  ҳаммасини айтиб-кўрсатиб турибди. Аёл судьяларга-ку, каррасига осонмас: биринчидан, эркаклар билан баб-баробарига ишлайди – жинс нуқтаи назаридан уларга ҳеч қандай имтиёз йўқ. Иккинчидан, оиладаги масъулият: аёллик ва оналик юмушлари... Муҳаббат Рабиева  ўн саккиз йилдан буён узлуксиз судьялик лавозимида ишлаб келмоқда. Ушбу лавозим миннати бошига тушганида йигирма бешда эди. Шундай: йигирма бешда – у пайтлар ҳозиргидек судьялик лавозими учун номзоднинг ёш ўттиз беш қилиб белгиланмаган, боз Судьялар олий мактабида бир йиллик мажбурий таҳсил олиш шарти ҳам йўқ эди. Муҳаббат эплаб кетди. Эплаганики, уч йил фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судида ишлагач (бунгача фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судида суд мажлиси котиби, девонхона мудири вазифаларини бажарган), вилоят суди судьялигига олинди. Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилоят судида тўққиз йил ишлади. Шу икки-учта жумлада баён этилган Рабиеванинг меҳнат фаолиятига оид қисқа маълумот замирида қанча машаққатлар ётганини айтиш осон, ёзиш осон... Муҳаббатнинг олий маълумот шаҳодатини олибоқ фуқаролик ишлари бўйича туманлараро  судида иш бошлаганида (2001 йил) ҳикмат бор экан. Айнан ўша йили ихтисослашувлар бошланиб, фуқаролик судлари алоҳида ҳуқуқий институт сифатида катта йўлнинг бошида турганди. Ҳар қандай янги институтнинг шаклланиши учун муайян вақт талаб қилади, бу жараённинг ўзига яраша мураккабликлари ҳеч кимга сир эмас. Айтиш мумкинки, қаҳрамонимиз фуқаролик судлари билан баб-баробар шаклланди, тажриба орттирди ва шу йўналишда суяги қотди. Аввал туманда оддий суд ходими, сўнгра судья сифатида ишлади, вилоятда фаолиятини давом эттирди. Бу орада турмушга чиқди...  Судья сифатида умумий ҳисобда  ўн  икки йил ишлагач, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси этиб сайланди. Бугун у меҳнат ва оила ҳуқуқи ҳамда ер низолари бўйича катта тажрибага эга мутахассис, уч нафар фарзанднинг онаси... ...Ўтган вақт давомида кўп нарсалар ўзгарди, бироқ Муҳаббат Рабиевадаги камгап, фидоийлик ва меҳнаткашлик – ўша-ўша...  Сергап аёл  қайси эркакка, маҳмадонаси қайси раҳбарга ёқибди, дейсиз? Шу боис ҳам қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғини  - ошиғи олчи тушган эр, у меҳнат қилган даргоҳ етакчисини ходимдан ёлчиган раҳбар, деган гапда муболаға йўқ. Юк кўтарган юзага чиқаверади, элда азиз бўлади, деган гап тўғри. Буни Муҳаббат Рабиева мисолида ҳам кўриб турибмиз. Жимгинага юриб, жимгина туриб, ўзига юклатилган вазифага ҳалол-пок, холис ва адолатли ёндошган инсон эл-юрт олдида қадр топаверади. ...“Ибратли судья” мукофотини топшириш маросимида бир қадар содда ва камтарлигидан айримлар ҳайратда қолиб, бироз ҳазил аралаш бу аёл ростдан Олий суд судьясими, дейишгани бор гап.  Ўша ҳолатнинг эътиборга молик жойи шундаки, Муҳаббат Рабиева камгап ва камсуқумлиги билан айримларнинг судьялар ҳақидаги тасаввурларини ҳам парчалаб ташлади. Мукофот муборак, самарали фаолият бардавом бўлсин...    

13 Январь 2023 826

Адолат тарозисининг уч палласи

Тарози-оғирлик кучи асосида жисмлар вазнини аниқлайдиган асбоб ҳисобланади. Оддий икки паллали тарози қадимги Бобилда милоддан аввалги икки ярим минг йилликда пайдо бўлган ва аста секин такомиллашиб борган. Тарози ўлчов тарзида - ақл тарозиси билан тортмоқ, ақл билан баҳоламоқ маъносида ҳам келади. Ҳукмдорлар, хакамлар азал-азалдан адолат тарозибонлари саналиб келинган. Амир Темур ўз салтанати қозиларига рамзий тарози палласини иккита эмас, учта паллали деб қарашлари зарурлигини, яъни ҳукм фатвоси учун қилмишга нисбатан жазо чораси белгилашда учинчи паллада ҳамиша айбланувчи шахс ҳам назарда тутилиши лозимлигини таъкидлаган. Тарозининг уч палласи Амир Темур давлати туғросида, яъни гербида ҳам аксини топган. Амир Темурнинг ҳуқуқий-сиёсий қарашлари, давлат бошқаруви тутуми ва тузуклари хусусида юзлаб тарихчи олимлар, шоир-у ёзувчилар минглаб асарлар яратган. Амир Темур туғросидаги уч ҳалқа кўринишидаги рамзни Г.Клавихо таърифлаб, ушбу символни унинг туғи(байроғи)да, тамғаси(муҳри)да ва забт этган тангаларида ҳам кўрганлигини қайд этган. Владимир Череванский “Икки тўлқин” номли китобида келтиришича, донишманд Маҳмуд Шаҳобга Амир Темур бобомиз “Адолатли жазо бериш учун нима қилмоқ керак?”, деб савол берадилар. Маҳмуд Шаҳоб: “Сизнинг қозиларингиз жиноят ва жазони ўлчайдилар. Сиз уларнинг тарозусига учинчи паллани қўшиб, аввал жиноятчини, кейин жиноятни ва ниҳоят, жазони чамалаб ўлчашни буюринг. Шунда Сизнинг хукмингиз адолатли бўлади”, деб жавоб берадилар. Донишманднинг жавобидан қаноат ҳосил қилган Амир Темур уни ўзига назоратчи қилиб тайинлайди. Шундай қилиб, жазо тайинлашда жиноятчи шахс-инсоннинг кимлиги ҳам инобатга олинади, уч паллали тарози-Адолат рамзига айланади. Жазо тайинлашда инсон омилини ҳисобга олиш, адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш бугунги кунда давлат раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан қайта-қайта кун тартибига қўйилаётган масаладир. Уч паллали адолат тарозуси давлат раҳбарининг инсонпарварлик, жамиятда адолатни ўрнатиш ғояларига ҳамоҳангдир. Шунга кўра, “Суд Фахрийси” кўкрак нишони ва “Ибратли судья” мукофотида уч паллали тарози белгиси тасвири берилиши мақсадга мувофиқ топилди. Судьялар олий кенгашиматбуот хизмати

12 Январь 2023 946

Ибратли бўлмоқ машаққати ва масъулияти

Бугун Судьялар олий кенгашида фаолиятида алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатиб келаётган судьяларга “Ибратли судья” мукофотини топширишга бағишланган  тантанали тадбир бўлиб ўтди.  Бундай эътирофга сазовор бўлганлар орасида Олий суд судьясидан то туман суди судьяларигача бор. Судьялар олий кенгаши фаолиятида очиқлик ва шаффофлик  каби тамойиллар тобора ўз аксини кўрсатиб бораётгани кенг жамоатчилик томонидан ҳақли равишда эътироф этиб келмоқда. Судьялик лавозимларига очиқ танлов ва муқобиллик асосида танлаш ва тайинлаш, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари билан фаол ва конструктив ҳамкорлик, тизим фаолиятига оид танқидий чиқишларга  тезкор ва холис муносабат билдирилаётганини алоҳида қайд этмоқ даркор. “Ибратли судья” мукофотига муносибларни танлашда ҳам айни мезонлар устувор аҳамият касб этганини кўриш мумкин. Маълумки,  Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар  жорий этилиб, жумладан, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.  Мазкур фармон ижроси доирасида судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Ушбу тизим жорий этилиши инсон омилини кескин чеклаш баробарида судьялар фаолиятини очиқ, шаффоф ва энг муҳими - холис баҳолаш имкониятини яратди. 2022 йилдан бошлаб, энг юқори рейтинг кўрсатгичларига эга судьялар давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони асосида таъсис этилган “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаб келинмоқда. 2021 йил якунига кўра, юқори рейтинг кўрсаткичлари, шунингдек билими ҳамда маънавий фазилатлари билан намуна бўлган 16 нафар судья илк бор мазкур мукофотга лойиқ, деб топилган бўлса, 2022 йил куни бўйича  20 нафар судья шундай эътирофга сазовор бўлди.  Тадбирда алоҳида қайд этилдики, ўтган йили 646 нафар судья томонидан қабул қилинган ҳужжатлар бекор қилинмаган, бу уларнинг фаолияти қониқарли демоққа тўла асос беради. Мукофотга лойиқ кўрилганлар эса уларнинг орасидан танлаб олинганидир. Муносибларни танлашда эса суд қарорлари сифатидан ташқари судьяларнинг маънавий фазилатлари, ташаббускорлиги ва, айниқса, “Судьялар одоби кодекси” талабларига риоя этилгани каби мезонлардан келиб чиқилди. Мукофот соҳибларининг 7 нафари биринчи инстанцияда фаолият кўрсатган, 8 нафари эса ушбу лавозимга тайинланганига ҳали беш йил тўлмаган судьялар экани эса тизимдаги  ёш кадрлар ўзларига билдирилган ишончни оқлаётганини кўрсатади. Бугун мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Фаолият кўрсатгичи пастроқ судьяларнинг малакасини ошириш мақсадида коплекс-чоралар кўрилаётир. Бу жараёнда улар тажрибали судьяларга бириктирилиб, “Устоз-шогирд” тамойили устуворлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.   Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати  

9 Январь 2023 1240
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech