Куни кеча “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “MANIFEST” гуруҳида “Бир бино-икки суд ва икки манзара!” номли мақола эълон қилинди. Аввало, ҳақиқатдан ҳам долзарб ва ниҳоятда муҳим мавзу таҳлилига бағишланган мақола муаллифига билдирилган фикр-мулоҳазалар ва амалий таклифлари учун миннатдорлик билдирамиз! Сўнгги йилларда суд тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этган ҳолда таъкидлаш жоизки, судьяларнинг иш юкламасини камайтириш мақсадида мамлакатимиз тарихида илк бор йилма-йил 100 нафардан жами 400 нафар судьялик штатлари қўшимча берилди. Дастурга асосан келгусида яна 50 нафар қўшимча судьялик штати берилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, низосиз талабларни судсиз ҳал қилиш масаласида, хусусан коммунал тўловларни ундириш ва банк ҳисобварағини вақтинча тўхтатиш каби ишларни кўриш суд ваколатидан чиқариш орқали ҳам судлардаги иш юкламаси тобора камайишига эришилмоқда. Лекин, мақолада келтириб ўтилган фактларни ҳам инкор этиб бўлмайди... Айни пайтда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида Ҳайъат раиси ва 15 нафар судья фаолият юритиб келмоқда. Ишлар апелляция, кассация ва тафтиш инстанциясида 3 нафар судьядан иборат таркибда кўрилади. Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида бугунги кунда 5 таркибда иш кўриш учун судьялар етарли. 2026 йил 15 апрель ҳолатига кўра Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 4 нафар судьялик лавозими вакант бўлиб, бу бўш судьялик ўринларига Судьялар олий кенгаши томонидан танлов эълон қилинган ва яқин вақтда тўлдириш чоралари кўрилмоқда. Ушбу мақолада муаллиф кўтарилган муаммонинг ечими сифатида давлат бюджетига ортиқча юк тушмаслиги учун “Маъмурий судлардаги штатлар ҳисобига бу муаммони ҳал қилиш мумкин”лиги, шунингдек “Ҳар бир ҳудуддан биттадан олинса, маъмурий судларга унчалик юк тушмайди” деб таклиф билдирган. Муаллиф таклифи бир қарашда ўринлидек кўринсада, лекин маъмурий судлар судьялари таркиби таҳлил этилса: вилоятларда: 6-8 нафар; Тошкент вилоятида: 9 нафар; Тошкент шаҳрида: 12 нафар судьядан иборат. Мазкур судьялар томонидан ҳам ишлар апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида ҳам кўриб чиқилишини эътиборга олиш лозим. 2026 йил биринчи чораги давомида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 78 609 та иш (2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсатгич 109 873 тани ташкил этган. Ўтган йилга нисбатан қарийб 30 000 га камайган. Бу судларда кўрилаётган иш ҳажми камайишга қараб кетаётганлигини кўрсатади.) ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами ишларнинг 17,2 фоизини ташкил этган. Дарҳақиқат, Тошкент шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъатида иш ҳажми бир мунча кўп бўлиб, жорий йилнинг биринчи чорагида битта судьянинг ойлик иш юкламаси 20 дан ортиқни ташкил этган. Юқорида қайд этилганидек, вакант 4 та штат бирлиги тўлдирилиши ҳам иш юкламаси камайишига олиб келади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мавжуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда имкон қадар барча судларда ишларни ўз вақтида ва адолатли кўриб чиқилишини таъминлаш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилади. Мақола муаллифига фаол фуқаролик позициясини билдирганлиги учун яна бир бор миннатдорлик билдирамиз. Судьялар олий кенгаши Матбуот хизмати
“Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Халқ назорати” гуруҳида “Бизда ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди ғалати қарорлар чиқариб туришига аниқ мисол бор!” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси томонидан иш бўйича адолатсиз қарор чиқарилганига ишора қилинган ва мақоланинг якунида “Аниқ хулосага келиш ҳуқуқи эса Судьялар олий кенгашида!” деб изоҳ берилган. Бу ҳолатда, амалдаги процессуал қонунчилик талабига кўра, Судьялар олий кенгашида “аниқ хулосага келиш ҳуқуқи” мавжуд эмас. Амалдаги фуқаролик процессуал кодекси талабига кўра, суд қарорининг қонуний ёки ноқонунийлигига баҳо бериш, иш бўйича аниқ хулосага келиш фақат ва фақат юқори суд инстанциясининг ваколати. Мазкур ҳолатда Судьялар олий кенгаши суд ишига аралашиш, баҳо беришга ваколатли эмас. Суд қароридан норози бўлган тараф иш берувчига тегишли тартибда шикоят билан юқори суд инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилади.
РАСМИЙ МУНОСАБАТ! 2026 йил 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 13-ялпи мажлисида Конституциявий суд судьяси М.Э.Абдусаломовнинг ўн йиллик муддатга сайланганлиги” баъзи бир ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиб, гўёки қонунчиликка зид дея нотўғри талқин қилинмоқда. Уларнинг фикрича, қонунчиликда “Конституциявий суд судьясининг энг юқори ёш цензи 70 ёш деб белгиланган”. Аввало, ижтимоий тармоқ вакилларининг энг муҳим давлат органи шаклланиши жараёнини ниҳоятда жиддий эътибор билан кузатиб бораётганлигидан мамнунлигимизни билдирамиз. Шунинг баробарида жамоатчиликка тарқатилаётган ахборотнинг (айниқса, қонунчиликни талқин қилиш билан боғлиқ!) ишончлилиги ва тўғрилиги учун жавобгарлик ҳиссини унутмаслигимиз шарт! Тўғри “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонунининг 7-моддасида “Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади” деб белгиланган. Гап шундаки, қонунчилик техникасида “қоида тариқасида” деган ниҳоятда муҳим тушунча мавжуд бўлиб, бу белгиланаётган қоиданинг умумий тартибини белгилайди, бироқ бу дегани мазкур норма қатъий ёш цензини белгиламайди. Қонунчиликда назарда тутилган мана шу қоида асосида М.Э.Абдусаломов Конституциявий суд судьяси бўлиб сайланди. М.Э.Абдусаломовнинг мамлакатимиз ҳуқуқий тизими ривожланишида жуда катта ҳиссаси бор. У кишининг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 40 йилдан ортиқроқ давр мобайнида мамлакатимизнинг адлия, суд ва бошқа марказий органлари самарали раҳбарлик қилганлигининг гувоҳи бўламиз. Хусусан, М.Э.Абдусаломов раҳбарлиги даврида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Осиё Конституциявий судлари ва турдош институтлари Ассоциациясига раислик 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтди. Шу билан бирга М.Э.Абдусаломов раҳбарлигида Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган давлат раҳбарининг биринчи марта тарихий фармони қабул қилинди. Қолаверса, халқаро тажрибада ҳам олий суд, конститутцион судья ва раисларининг ёши 70-90 ёшда эканлигини кўришимиз мумкин. Матбуот котибияти