Янгиликлар

Тахмин-тусмоллар эмас, аниқ далиллар керак!

Фарғоналик блогер Ш.Эсанов ижтимоий тармоқ орқали Судьялар олий кенгашига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни мазмунан кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси Ж. Хўжамбердиевнинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини билдиради. Мурожаатда баён этилган ҳолатлар ўрганилганда суд мажлиси жараёнида судья томонидан “Судьялар одоби кодекси” талаблари бузилгани аниқланмади. Шунингдек, суд мажлиси ўз вақтида бошланмагани судга эмас, иш бўйича тарафлардан бирининг белгиланган вақтда ҳозир бўлмаганига боғлиқ экани ҳам ойдинлашди. Мурожаатчининг суд мажлисида тингловчи бўлиб ўтирган икки нафар шахс унинг шаъни ва қадр-қимматини камситгани, бунга гўёки судья шароит яратиб берганлиги тўғрисидаги важларига ҳам қўшилиш қийин. Агар у ўз шаъни ва қадр-қиммати бошқалар томонидан камситилган деб ҳисобланса, бу ҳақда тегишли органга тўғридан-тўғри мурожаат қилишига ҳеч қандай монелик йўқ. Судьянинг суд мажлисига тарафларни келтириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни ўз муддатида кўриб чиқишга қаратилган чора бўлиб, бу ҳол процесс иштирокчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келмаган. Мурожаатдаги бошқа ҳолатлар муаллифнинг тахмин-тусмоллари бўлиб, улар инкор этиб бўлмас факт ва асосга эга эмас. Cуд мажлисининг ўзига келсак. Унда блогер Ш. Эсановнинг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасида (“туҳмат”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиши натижасида жарима жазоси тайинланган. Сўзимиз якунида суд қароридан норози тараф тегишли тартибда шикоят қилиши ҳуқуқига эгалигини эслатиш ортиқчалик қилмас. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

3 Январь 2023 766

Танлов якунланди: кутилган ва кутилмаган ғолиблар

 Судьялар олий кенгаши томонидан суд органлари  ва оммавий  ахборот воситалари ходимлари ўртасида эълон қилинган танлов ғолиблари эълон қилинди. Бугун шу муносабат билан  талов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Улар  орасида кутилган муаллифлардан кутилмаганлари кўпроқ бўлганини ғолибларининг ўзлари эътироф этди. Таъкид этилдки, бугун ижтимоий ҳаётда очиқлик  ва шаффофлик тамойиллари устувор ҳисобланади. Мазкур тамойиллар суд тизимида ҳам тобора ўз аксини топиб  бормоқда.  Судьялар олий кенгаши томонида ўтказилаётган турли тадбирлардан ташқари судьялик лавозимига тайинловларгача бўлган жараёнларда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар фаол иштирок этмоқда.  Зотан, жамиятда очиқлик ва шаффофлик оммавий ахборот воситалари орқали самарали таъминланади.   Очиқлик ва шаффофлик устувор аҳамият касб этар экан,  бу ўз-ўзидан давлат органи ва ташкилотларини оммавий ахборот воситалари ходимлари ва  блогерлар билан изчил конструктив мулоқотда бўлишини талаб этади. Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун икки ҳафталик  бепул ўқув-семинари ташкил этилиб, унда  фаол иштирок этган 81 нафар  журналист ва блогерларга сертификат ва махсус ҳуқуқий қўлланма берилди. Судьялар олий кенгаши  томонидан эълон қилинган танлов бу борадаги ишларнинг давоми ҳисобланди. Суд органлари  ва оммавий  ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар билан конструктив ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ва ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилган танловда эллик нафар яқин муаллифларнинг 300 дан зиёд ишлари кўриб чиқилди. Ижодий ишлар мавзу долзарблиги, танқидларнинг холис ва асослиги ҳамда муаллифнинг касбий маҳоратдан келиб чиқиб баҳоланди.Эътиборлиси, танловда ғолибларининг аксарияти ўзларининг танқидий-таҳлилий чиқишлари билан тилга тушган журналист ва блогерлар бўлди. Тадбирда ғолибларга махсус соврин ва дипломлар топширилди.  Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

27 Декабрь 2022 653

Маъмурий судлар амалиётида нима гаплар?

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг навбатдаги форуми бўлиб ўтди. Яна форумми, куни кеча бўлиб ўтмадими, дерсиз? Ҳақсиз. Рост, ўтган ҳафта Клуб худди шундай икки тадбир ўтказган эди, улар фуқаролик ва жиноят судлари судьяларининг машварати бўлиб, қандай масалалар муҳокама этилгани хабари берилганди.  Бу гал энди маъмурий судлар судьялари жам бўлдилар. Қайд этилдики, маъмурий судларда кўрилаётган низолар тоифаси тобора кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида оммавий низолар бўйича жами 11.525 та иш кўриб чиқилган бўлиб, бу ўтган йилгининг шу даврига нисбатан 1,6 фоизга кўп демакдир. Кўрилган ишларнинг  қарийиб учдан икки қисми мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишга оид, шунингдек, солиқ органлари қарори юзасидан низолашиш ҳолатлари ҳам кўпайган. Қайд этилган рақамлар аҳолининг судга бўлган ишончи янада ортиб бораётганидан далолат қилади, албатта. Шу баробарида  судьяларда бундай ишончга муносиб бўлмоқни ҳам талаб этади. Йил бошидан буён Клубнинг онлайн-платформасида маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари  юзасидан 850 та (ўтган йили 137 та) та мавзу муҳокама этилиб, улар бўйича 21100 та (ўтган йили 969 та) муносабат қолдирилган. Маҳаллий ҳокимлик, солиқ идоралари қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишдан ташқари ер билан боғлиқ низолар, суд ҳужжатлари ижроси бўйича давлат ижрочиларининг қарорлари ёки уларнинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан судга киритилаётган аризаларни кўриб чиқиш масаласи судьялар ўртасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Форумда маъмурий судлар амалиётида юзага келаётган айрим  ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқлар, баъзиларидаги номувофиқликлар эҳтимоллари юзасидан фикр алмашилиб, уларнинг  ҳуқуқий ечимлари муҳокама қилинди.

26 Декабрь 2022 580
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech