Янгиликлар

Ўзбекистон Судьялар клубининг форуми. Учинчи кун: ёш судьяларда фаоллик кузатилди

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг онлайн форуми бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор.  Фуқаролик ва жиноят суди судьяларидан кейин, бугун, клубнинг иқтисодий суд судьялари жам бўлишди.  Иқтисодий судлар судьялари томонидан йил давомида клуб электрон платформасида 2336 та мавзу муҳокама қилгани қайд этилди.  Бу ҳол бошқа йўналиш судларига қараган бироз камтарроқ кўриниши мумкин. Бироқ гап рақамларда эмас. Гап амалиётда учраётган жумбоқли ҳолатлар ва уларга тезроқ ҳуқуқий ечим топишда.  Қайд этилган рақам эса иқтисодий судлар амалиётида юзага келаётган жумбоқли масалаларга платформанинг ўзида ечим топилаётгани, бунда шу йўналишдаги клубнинг масъул аъзолари фаоллик кўрсатаётганини  илғаш қийин эмас. Шунга қарамай иқтисодий судлар амалиётида давлат божи миқдорини белгилаш, ерга оид муносабатлар, қўшимча қиймат солиғини ундириш, мулкка доир иқтисодий низолар бўйича қарор қабул қилишда муайян мураккабликлар юзага  келаётгани алоҳида қайд этилди Бунинг сабаблари ўлароқ, айрим қонун ҳужжатларидаги номутаносибликлар, ҳуқуқий бўшлиқлар тилга олинди. Ечим сифатида эса айрим ҳуқуқий ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, Олий суд пленуми қарори даражасида тушунтиришлар бериш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.  Ўзбекистон Судьялар клубининг иқтисодий судлар судьялари иштирокида ўтган бугунги форум кўп вақт олгани йўқ. Кўтарилган масалалар юзасидан қисқа, аниқ ва лўнда фикр ва тавсифлар айтилди. Тадбирда  лавозимига тайинланганига кўп бўлмаган судьялар фаол бўлгани ҳам эътиборга лойиқ. Бу табиий. Чунки,  судьялар мақом жиҳатдан бир хил бўлса-да, тажриба  барибир ўз сўзини айтиб келган. Ўқиб ўрганишдан ташқари сўраб, суриштириб билиш ҳеч қачон фойдадан холи бўлмаган.

21 Декабрь 2023 584

Ўзбекистон Судьялар клубининг форуми. Иккинчи кун

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг онлайн форуми бошлангани,  унинг биринчи иш куни  фуқаролик ишлари бўйича судлар  судьялар иштирокида ўтганини хабари берилганди. Бугун жиноят ишлари бўйича судлар судьялар ўзаро йиғилиб, “виртуал мулоқот”ларда (Судьялар клубининг электрон  платформасида) йиғилиб қолган масалалар юзасидан  жонли мулоқот тарзида фикр алмашдилар. Аввалига айтилдики, суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўзаро фикр алмашишда  Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформасида муҳим мулоқот майдонига айлангани алоҳида эътиборга лойиқ.   Муҳокамаларда  клубнинг  кўп йиллик тажрибага эга масъул аъзоларининг (судьяларнинг) қимматли ва беминнат фикр ва тавсиялари айниқса, илк бор лавозимга тайинланган ёш судьялар учун қўшимча машғулот вазифасини ҳам ўтамоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида жиноят ишлари бўйича судлар судьялари ўртасида 1626 та масала онлайн муҳокама қилинган.  Энг кўп муҳокама қилинган мавзу жазо тайинлаш амалиётига боғлиқ эканига таъкид этилиб, бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган нуқталар хусусида гапирилди.  Шунингдек, процессуал муддатлар, маъмурий назорат, жиноятларни малакалаш, ашёвий далилларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда апелляция тартибида иш юритишнинг айрим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди, баҳс-мунозалар бўлди, шу жараёнда қатор саволларга жавоб ҳам берилди. Бундан ташқари  амалиётда юзага келаётган ҳуқуқий бўшлиқ, бу борада қонунчиликка қўшимчалар киритиш ва Олий суд пленуми қарори шаклидаги раҳбарий тушунтиришга бўлган эҳтиёжлар ҳақида таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Форумнинг эртанги иш куни иқтисодий судлар судьялари иштирокида ўтади. 

20 Декабрь 2023 488

Ўзбекистон Судьялар клубининг форуми бўлиб ўтмоқда. Биринчи кун

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг онлайн форуми бошланди. Форумнинг биринчи куни  фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари иштирокида ўтди. Таъкид этилдики, Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформаси  суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ўзаро фикр алмашишда муҳим мулоқот майдонига айланиб улгурди. Бунда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш  катта самара бермоқда. Судьялар клубининг асосий иш фаолияти унинг электрон платформаси ҳисобланиб, қайси судьяда иш юзасидан қандай савол туғилса,  ўша заҳоти  (электрон платформага) ёзиши мумкин. Масала онлайн муҳокама этилади. Айни жараёнда масалага ойдинлик киритилиши бир фойда бўлса, муҳокамада иштирок этган (ёки кузатаётган) бошқа судьялар учун тажриба мактабини ўташи - иккинчи фойдадир. Натижада  буларнинг ҳаммаси суд қарорлари сифатини янада оширишга ҳамда суд амалиётини бирхиллаштиришга хизмат қилмоқда.  Хусусан, жорий йилда фуқаролик судлари йўналишида ушбу  электрон мулоқот майдонида 3296 та мавзу юзасидан 131540 та фикр-мулоҳазалар билдирилди. .  Уларда, битим, мулк, алимент, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари муҳокама қилиниб, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштириш масалаларида таклифлар ўртага ташланган. Тадбирда энг кўп муҳокама қилинган масаллар юзасида фикр алмашилди, суд амалиётини бирхиллаштириш бўйича тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди. Эслатиб ўтамиз,  ЎЗбекистон Судьялар клуби давлат раҳбарининг 2020 йил  7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган бўлиб,моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга.  Ўзбекистон Судьялар клуби бошқарувчиси ва масъул аъзолари тажрибали судьялардан иборат бўлиб, жамоатчилик асосида  фаолият кўрсатади. Келаси уч кунда шундай форум жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари учун ҳам алоҳида-алоҳида ўтказилади.

19 Декабрь 2023 751
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech